Logo

Ўзбекистонда ҳар бир одам йилига 127 кг овқатни увол қилади: Қайси давлатларда исрофгарчилик энг юқори?

Bugun 18:557 daqiqa

Дунё бўйлаб 645 миллион киши очликдан азият чекмоқда. Шунга қарамай, ҳар йили бир миллиард тоннадан ортиқ озиқ-овқат исроф қилинади.

Ўзбекистонда ҳар бир одам йилига 127 кг овқатни увол қилади: Қайси давлатларда исрофгарчилик энг юқори?

Дунё бўйлаб тайёрланган ҳар беш порция таомнинг тахминан биттаси чиқиндига ташланади. Бу йилига бир миллиард тоннадан зиёд озиқ-овқат увол бўлмоқда, деганидир. БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда ер юзи аҳолисининг қарийб ҳар 13 нафаридан бири — жами 645 миллион киши очлик исканжасида қолган.

Ушбу кескин номутаносиблик 16 октябр — Бутунжаҳон озиқ-овқат кунининг бош мавзусига айланди. Мазкур сана 1945 йилда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) тузилгани муносабати билан ҳар йили нишонланади. Бу йилги «Бугун янгилик ярат, эртани таъминла» шиори аҳолини кўпроқ тўйдиришга ва исрофгарчиликни кескин камайтиришга хизмат қиладиган озиқ-овқат тизимларини яратишга чорлайди.

Очлик кўлами секин бўлса-да, камаймоқда

Глобал очлик даражаси кетма-кет учинчи йил пасайиб бормоқда, бироқ у ҳамон пандемиядан олдинги кўрсаткичлардан юқорилигича қолмоқда. БМТнинг «Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ҳолати» номли йиллик ҳисоботига кўра, 2025 йилда тахминан 645 миллион инсон, яъни ер юзи аҳолисининг 7,8 фоизи очликка дуч келган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 8,1 фоиздан ва 2022 йилдаги энг юқори 8,6 фоизлик чўққидан паст бўлса-да, 2019 йилга нисбатан барибир 61 миллион кишига кўп.

Очликдан энг кўп қайси минтақалар азият чекмоқда?

Африкада тўйиб овқатланмайдиган аҳоли сони бошқа барча минтақаларга қараганда энг юқори. 2025 йилги ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қитъада 309 миллион киши очликдан қийналмоқда. Бу Африка аҳолисининг ҳар беш нафаридан бирини ва дунёдаги жами оч аҳолининг қарийб ярмини ташкил этади. Таққослаш учун, Осиёда 292 миллион (аҳолининг 6 фоизи), Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида эса 32 миллион киши (4,8 фоизи) тўйиб овқатланмаган.

2026 йилги Глобал очлик индекси давлатлар миқёсида ҳам шунга ўхшаш манзарани кўрсатмоқда. Мазкур индекс мамлакатларни 100 баллик тизимда баҳолаб, тўйиб овқатланмаслик даражасини болаларнинг ўсишдан қолиши, вазн йўқотиши ва гўдаклар ўлими каби кўрсаткичлар билан биргаликда таҳлил қилади. 35 ва ундан юқори балл тўплаган давлатлардаги вазият «хавотирли» деб топилади.

Саккизта давлатда очлик хавотирли даражада экани аниқланган бўлиб, уларнинг еттитаси Африка қитъасида жойлашган. Рейтингдаги 122 та давлат орасида Сомали энг ёмон кўрсаткични қайд этди. Ундан кейинги ўринларни Конго Демократик Республикаси, Чад ва Мадагаскар эгаллади. Судан, Жанубий Судан, Бурунди ва Ямандаги ҳолат ҳам хавотирли деб баҳоланган, бироқ қуролли тўқнашувлар ва маълумот етишмаслиги сабабли индекс уларнинг аниқ балларини ҳисоблаб чиқа олмаган.

Шу билан бирга, дунё бўйлаб катта машаққат билан етиштириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг жуда катта қисми истеъмолчиларнинг дастурхонигача етиб бормасдан исроф бўлмоқда.

Ҳар йили қанча озиқ-овқат исроф қилинади?

Озиқ-овқат маҳсулотлари даладан то дастурхонга етиб келгунча бўлган ҳар бир босқичда йўқотилади ва увол қилинади. ФАО маълумотларига кўра, дунёда етиштириладиган озиқ-овқатнинг қарийб 13 фоизи ҳосил йиғиб олинганидан кейин, то дўкон пештахталарига етиб боргунга қадар йўқотилади. Уларнинг катта қисми омборларда, ташиш ёки қайта ишлаш жараёнидаёқ айниб, яроқсиз ҳолга келади. Бу борада энг катта йўқотиш мева ва сабзавотлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ташкилотнинг қайд этишича, дўконгача етиб бормасдан нобуд бўлган озиқ-овқатнинг умумий қиймати йилига 400 миллиард доллардан ошади.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури (UNEP) ҳисоботида келтирилишича, дўконлар, ресторанлар ва уй хўжаликлари истеъмолчиларга тақдим этилган озиқ-овқатнинг қарийб бешдан бир қисмини чиқиндига ташлайди. Бу кўрсаткич 2022 йилда тахминан 1,05 миллиард тоннани ташкил этган. Бунча ҳажмдаги юкни ташиш учун ҳар бири 20 тонна сиғимга эга бўлган 52,5 миллионта юк машинаси керак бўлади. Исрофгарчиликнинг энг катта улуши, яъни 60 фоизи уй хўжаликларига тўғри келади. Кейинги ўринларда 28 фоиз билан ресторанлар (ва бошқа умумий овқатланиш шохобчалари) ҳамда 12 фоиз билан дўконлар туради.

Уйда озиқ-овқат исрофини қандай камайтириш мумкин?

Исрофгарчиликнинг энг катта улуши уй шароитига тўғри келар экан, демак, оилалар бу вазиятни ижобий томонга ўзгартириш кучига эга. Қуйида исрофгарчиликка қарши курашувчи фаоллар ва БМТ агентликлари томонидан тавсия этилган бир неча оддий қадамлар келтирилган:

  1. Хариддан олдин режа тузинг: Уйда нималар борлигини кўздан кечиринг, ҳафталик таомномани режалаштиринг ва ортиқча маҳсулот сотиб олмаслик учун дўконга аниқ рўйхат билан боринг.

  2. Ёрлиқдаги муддатларни тўғри тушунинг: «Яроқлилик муддати» маҳсулотнинг хавфсиз истеъмол даврини билдиради. Аммо «Тавсия этиладиган муддат» унинг энг сифатли ҳолатда бўлиш вақтига тегишли. Одатда, тавсия этилган муддат ўтганидан кейин ҳам маҳсулотни истеъмол қилиш хавфсиз саналади.

  3. Маҳсулотларни тўғри сақланг: Музлаткичдаги ҳароратни 5°C ёки ундан паст даражада ушлаб туринг. Мева ва сабзавотларни узоқроқ сақланадиган жойга жойлаштиринг. Масалан, банан бошқа меваларнинг ёнида турса, уларнинг тезроқ пишиб етилишига ва айнишига сабаб бўлади.

  4. Музлаткич камерасидан фойдаланинг: Нон, тайёр таомлар, гўшт ва кўплаб мева-сабзавотларни айниб қолмасидан аввал музлатиб қўйиш мумкин.

  5. Керакли миқдорда овқат тайёрланг: Масаллиқларни, айниқса, гуруч ва макаронни ўлчаб солиш орқали чиқиндига ташланадиган ортиқча таомнинг олдини оласиз.

  6. Эскироқ маҳсулотларни биринчи бўлиб ишлатинг: Музлаткич ва жавондаги аввалроқ харид қилинган нарсаларни олдинроқ ишлатиш учун кўринарли қаторга чиқариб қўйинг.

  7. Ортиб қолган таом ва маҳсулот қисмларидан фойдаланинг: Ортиб қолган таомлардан янгисини тайёрлаш мумкин. Сабзавотларнинг пўстлоғи ва поясини эса шўрва ёки қайнатмалар учун ишлатса бўлади.

  8. Истеъмолга яроқсиз қисмларни компост қилинг: Мева ва тухум пўчоғи каби ейишга яроқсиз қисмларни компост қилиш уларнинг умумий чиқиндихонага тушишидан асрайди. Бу муҳим қадам, чунки чиқиндихонада чириётган озиқ-овқатдан атмосферага иссиқхона гази бўлмиш метан ажралиб чиқади.

Қайси давлатларда исрофгарчилик энг юқори?

Ўртача ҳисобда дунёдаги ҳар бир инсон йилига 132 килограмм (тахминан икки нафар катта ёшли инсоннинг вазнига тенг) озиқ-овқатни исроф қилади. Шундан 79 килограмми айнан уй шароитида чиқиндига ташланади. Бироқ бу кўрсаткич турли ҳудудларда кескин фарқ қилади. UNEP маълумотларига кўра, иссиқ иқлимли мамлакатларда уй шароитидаги исрофгарчилик кўпроқ кузатилади. Бунга асосий сабаб сифатида тез бузиладиган янги маҳсулотларнинг кўплиги ва совутиш тизимларининг етишмаслиги кўрсатилмоқда.

Озиқ-овқат энг кўп исроф қилинадиган ҳудуд — Малдив ороллари бўлиб, бу ерда ҳар бир инсон йилига тахминан 260 килограмм маҳсулотни ташлаб юборади. Бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан нақ икки баравар юқори демакдир. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, кейинги ўринларни Сурия, Доминикан Республикаси, Сейшел ороллари, Мексика ва Тунис эгаллаган. Ушбу давлатларнинг ҳар бирида жон бошига тўғри келадиган исрофгарчилик ҳажми йилига 210 килограммдан ошади. Испанияда эса дунё бўйича энг паст кўрсаткичлардан бири қайд этилган: бу мамлакатда бир киши йилига бор-йўғи 39 килограмм ёки ундан ҳам камроқ озиқ-овқатни чиқиндига ташлайди.

Марказий Осиёда озиқ-овқат исрофи: Қозоғистон ва Туркманистонда кўрсаткич юқорироқ

«Al Jazeera» нашри эълон қилган инфографикада Марказий Осиёнинг беш давлати бўйича жон бошига тўғри келадиган йиллик озиқ-овқат чиқиндиси миқдори келтирилди. Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич Қозоғистон ва Туркманистонда йилига 140 килограммни, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда эса 127 килограммни ташкил этмоқда.

Инфографикада озиқ-овқат чиқиндилари учта асосий йўналишга ажратилган: хонадонлар, умумий овқатланиш шохобчалари (ресторан ва кафелар) ҳамда чакана савдо нуқталари (дўконлар). Шу боис, келтирилган рақамлар фақатгина уйларда ташлаб юбориладиган таомларни эмас, балки мазкур уч соҳадаги жами исрофгарчиликни ифодалайди.

 

 

 

 

 

Мамлакат

Жон бошига йиллик жами чиқинди

Хонадонлар улуши

Умумий овқатланиш улуши

Чакана савдо улуши

Қозоғистон

140 кг

88 кг

31 кг

21 кг

Туркманистон

140 кг

88 кг

31 кг

21 кг

Ўзбекистон

127 кг

86 кг

31 кг

10 кг

Қирғизистон

127 кг

86 кг

31 кг

10 кг

Тожикистон

127 кг

86 кг

31 кг

10 кг

Дунё бўйича ўртача кўрсаткич бир киши учун йилига 132 килограмм деб белгиланган. Демак, Ўзбекистондаги 127 килограммлик кўрсаткич дунёдаги ўртача кўрсаткичдан 5 килограммга камроқ, Қозоғистон ва Туркманистондаги 140 килограммлик натижа эса аксинча, 8 килограммга юқори.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги асосий тафовут чакана савдо тармоқларида намоён бўлади: бу кўрсаткич Қозоғистон ва Туркманистонда 21 килограмм, қолган уч давлатда эса 10 килограмм деб баҳоланган. Хонадонлардаги исроф ҳажми бўйича ҳам Қозоғистон ва Туркманистон (88 кг) Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан (86 кг) бироз олдинда бормоқда. Умумий овқатланиш соҳасидаги исроф эса бешала мамлакатда ҳам бир хил — 31 килограмм этиб кўрсатилган.

Исрофгарчилик инсониятга қанчага тушмоқда?

БМТ маълумотларига кўра, озиқ-овқат йўқотишлари ва исрофгарчилик глобал иқтисодиётга йилига 1 триллион доллардан ҳам қимматроққа тушмоқда.

Озиқ-овқатни чиқиндига ташлаш — уни етиштириш учун сарфланган маблағ, сув, ер ва бебаҳо энергияни ҳам ҳавога совуриш демакдир. Бугунги кунда дунёдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг 28 фоизи, яъни 1,4 миллиард гектар майдон ҳеч қачон ейилмайдиган озиқ-овқатни етиштириш учун банд қилинган. Тасаввур қилинг, бутун бошли Канада ҳудудидан ҳам каттароқ бўлган улкан майдонда фақат чиқиндига кетадиган маҳсулотлар етиштирилмоқда.

Шунингдек, озиқ-овқатнинг нобуд бўлиши глобал миқёсда атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларининг тахминан 8–10 фоизини ташкил қилади. Бунга чиқиндихоналардаги маҳсулотларнинг чириши оқибатида ажралиб чиқадиган ўта зарарли метан гази ҳам киради.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда ҳар бир одам йилига 127 кг овқатни увол қилади: Қайси давлатларда исрофгарчилик энг юқори? | Vaqt.uz