Ўзбекистонда ҳар икки қарздордан бири даромадининг ярмидан кўпини қарзини узишга сарфламоқда
Марказий банк ўтказган сўровнома Ўзбекистонда қарз юки аҳолининг катта қисми учун долзарб муаммога айланганини кўрсатди. Қарздорларнинг 61 фоизи кредитларини ўз вақтида қайтаришда қийналаётганини билдирган.
© Ijtimoiy tarmoqlarМарказий банк 2025 йил учун молиявий барқарорлик шарҳи доирасида аҳолининг қарз юкини баҳолаш мақсадида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди. Тадқиқот 2026-йилнинг 20–27-январ кунлари мамлакатнинг барча ҳудудларида ўтказилган бўлиб, унда қарийб 5800 нафар фуқаро иштирок этган. Қарз юкини баҳолашда респондентларнинг банклар ҳамда банкдан ташқари молиявий ташкилотлар олдидаги мажбуриятлари ҳисобга олинган.
Сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 77 фоизи ўзи ёки оила аъзоларидан камида бирида банк ёки банкдан ташқари қарз мажбурияти мавжудлигини билдирган.
Шу билан бирга, респондентларнинг 68 фоизи банк кредитларига эга эканини айтган. Уларнинг ҳар беш нафаридан бирида, яъни 21 фоизида банк кредити билан бир қаторда банкдан ташқари қарз мажбуриятлари ҳам мавжуд.

Энг эътиборли жиҳатлардан бири қарзларни ўз вақтида қайтариш билан боғлиқ вазият бўлди. Қарз мажбуриятига эга бўлган респондентларнинг 61 фоизи кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширишда қийналаётганини маълум қилди. Қолган 39 фоиз иштирокчи эса бундай муаммога дуч келмаётганини билдирган.
Кредитлар қайси мақсадда олинмоқда?
Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли энг кўп уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлаш учун кредит жалб қилган. Буни респондентларнинг 20 фоизи қайд этган. Иккинчи ўринда автомобиль хариди турибди — иштирокчиларнинг 18 фоизи кредитни айнан шу мақсадда расмийлаштирган.
Шунингдек, истеъмол товарларини харид қилиш, таълим олиш, кундалик эҳтиёжларни қоплаш, тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш, даволаниш ҳамда тўй харажатлари учун ҳам кредит олингани маълум бўлди.

Сўров яна бир муҳим ҳолатни кўрсатди. Қарз олувчиларнинг қарийб 8 фоизи аввалги қарзларини сўндириш мақсадида янги кредит олганини билдирган. Бу эса айрим оилаларда қарз юки бир кредит ҳисобидан эмас, балки кетма-кет жалб қилинаётган янги қарзлар орқали шаклланаётганини англатади.
Жами респондентларнинг 68 фоизида барча қарзлар бўйича ойлик тўловлар 6 миллион сўмдан камни ташкил этган. Энг кўп учрайдиган тоифа эса ойига 2 миллиондан 4 миллион сўмгача кредит тўлайдиганлар бўлган.

Қарз юки даромаднинг ярмига етган
Сўров натижалари аҳолининг катта қисми даромадининг салмоқли қисмини кредит тўловларига сарфлаётганини ҳам кўрсатди. Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, банкдан қарз олган респондентларнинг ўртача қарз юки даражаси 51 фоизни ташкил этган. Медиана кўрсаткичи эса 47 фоиз бўлган.

Ушбу кўрсаткич банк ва банкдан ташқари қарзлар бўйича жами ойлик тўловларнинг оиланинг асосий ва қўшимча даромадларига нисбати асосида ҳисобланган.
Тақсимотга кўра, респондентларнинг 47 фоизида қарз юки даромадининг ярмидан юқори даражага чиққан.
Хусусан, иштирокчиларнинг қарийб 27 фоизида қарз тўловлари даромаднинг 76 фоизи ва ундан ортиқ қисмини ташкил этган. Яна 20 фоизида эса бу кўрсаткич даромаднинг 51–75 фоизи оралиғида бўлган.
Шу билан бирга, респондентларнинг 31 фоизи даромадининг 26–50 фоизини қарз тўловларига йўналтираётганини билдирган. Фақат 22 фоиз иштирокчи даромадининг чорак қисмидан камини кредит тўловларига сарфлаётганини айтган.
Марказий банк қайд этишича, 2024 йил биринчи ярмидаги сўров билан таққослаганда, қарз юки даромаднинг 50 фоизидан юқори бўлган қарз олувчилар улуши 1 фоиз бандига камайган.
Келгуси ойларда янги қарз олиш режалари
Қарз мажбуриятига эга респондентларнинг 47 фоизи кейинги олти ойда тўлов қобилияти яхшиланишига ишонишини билдирган. 42 фоизи вазият ўзгармаслигини, 11 фоизи эса молиявий аҳволи ёмонлашишини кутмоқда.
Сўров иштирокчиларининг 15 фоизи кейинги олти ой ичида ўзи ёки оила аъзолари қўшимча кредит олиш эҳтиёжи пайдо бўлишини билдирган. Аксинча, 71 фоиз янги қарз олишни режалаштирмаётганини айтган. Қолган 14 фоиз эса ҳали бу борада бир қарорга келмаган.
Янги кредит жалб қилишни режалаштираётганларнинг қарийб чорак қисми уни уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлашга сарфлашни кўзлаган. Кейинги ўринларда автомобиль хариди, бошқа шахсий эҳтиёжлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш мақсадлари қайд этилган.

Даромадлари
Тадқиқотда иштирок этганларнинг энг катта қисми — 28 фоизини беш кишилик оилалар ташкил этган.

Респондентларнинг аксарияти оиласининг ўртача ойлик асосий даромади 12 миллион сўмдан ошмаслигини маълум қилган.
Шунингдек, иштирокчиларнинг атиги 19 фоизида қўшимча даромад манбаи мавжуд. Улар орасида ҳам 58 фоиз қўшимча ойлик даромади 4 миллион сўмдан кам эканини билдирган.






