Ўзбекистонда кийим ишлаб чиқариш ҳажми 24,4 трлн сўмга етди

10.10.2025 | 15:303 daqiqa

Жорий йилнинг январ–август ойларида кийим ишлаб чиқариш 16,9 фоизга ўсиб, сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Ўзбекистонда кийим ишлаб чиқариш ҳажми 24,4 трлн сўмга етди
2025 йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан жами 24,4 триллион сўмлик кийим маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 16,9 фоизга юқори, деб хабар бермоқда Миллий статистика қўмитаси. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда тикиш ва енгил саноат соҳаси мамлакат экспорт салоҳиятини оширишда муҳим йўналишга айланмоқда. Кийим ишлаб чиқариш ҳажмларининг кўпайиши ички бозор талабининг ортиши ҳамда хорижий шериклар билан кооперация кенгайганидан далолат беради. Ҳудудлар кесимида энг катта улушни Андижон вилояти қайд этган — 9,6 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Кейингилар орасида Наманган (2,7 трлн сўм), Тошкент вилояти (2,6 трлн сўм) ва Тошкент шаҳри (1,8 трлн сўм) етакчилик қилмоқда. Фарғона вилоятида 1,6 трлн сўмлик, Навоийда 1,4 трлн сўмлик, Қашқадарёда 1,1 трлн сўмлик, Бухорода эса 1 трлн сўмлик кийим ишлаб чиқарилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 863,7 миллиард, Сурхондарёда 437 миллиард, Жиззахда 419 миллиард, Қорақалпоғистонда 333 миллиард, Сирдарёда 291 миллиард ва Хоразм вилоятида 288 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш амалга оширилган.

Teglar

Mavzuga oid