Logo

Ўзбекистонда муҳим минераллар бўйича 4,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади

Kecha 22:403 daqiqa

Мамлакат яқин йиллар ичида 28 турдаги муҳим минераллар, жумладан селен, теллур ва рений каби янги металларни саноат даражасида ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Ўзбекистонда муҳим минераллар бўйича 4,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади © Foto: reuters

Ўзбекистонда муҳим минераллар хомашё базаси кенгайтирилиб, 2026–2030 йилларда умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳа амалга оширилади ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев саноат учун муҳим минераллар хомашё базасини ривожлантириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан тақдимот билан танишган пайтда маълум қилинди.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш орқали тармоқ ҳажмини 2028 йилгача 1 миллиард долларга, 2030 йилгача эса 2 миллиард долларга етказиш имконияти мавжуд.

Дунёда технологиялик металлар ва муҳим минералларга талаб кескин ортиб бораётган шароитда, электротехника, машинасозлик, авиация, энергетика ва тиббиёт каби тармоқлар учун зарур бўлган бундай хомашё иқтисодий хавфсизлик омилига айланмоқда. Тошкент давлат техника университети билан дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, Технологиялик металлар комбинатида 2 та кафедра очилган ва 64 нафар талаба ишлаб чиқариш амалиётини ўтамоқда.

Жорий йилнинг ўзида 166 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланган. Натижада юқори софликдаги селен, теллур ва рений каби 3 турдаги янги металл, кукун металлургияси асосида автодеталлар сингари 21 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳамда сулфат кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Янги қувватлар ҳисобидан юзлаб иш ўринлари яратилади, буджет тушумлари ва экспорт имкониятлари ортади.

Ҳозирда Ўзбекистон технологиялик металлар комбинатининг фаолияти асосан волфрам ва молибден ишлаб чиқариш билан чекланаётган бўлса-да, янги конларни ўзлаштириш ва янги заводлар қуриш орқали 28 турдаги муҳим минералларни саноат даражасида ишлаб чиқариш имконияти бор. Волфрам ва молибден бўйича «хомашё – қайта ишлаш – тайёр маҳсулот» занжири ташкил этилиб, фақат концентрат эмас, балки металл кукунлари, қотишмалар, стерженлар, симлар ва саноат учун деталлар ишлаб чиқариш мақсад қилинган.

Чирчиқда «Келажак металлари» технопарки ва нанотаҳлил лабораторияси ташкил этилади

Чирчиқ шаҳрида «Келажак металлари» технопарки ва R&D марказининг фаолиятини кенг йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, у ерда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартапларни қўллаб-қувватлаган ҳолда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Президент технопарк резидентларига ер ва инфратузилмадан фойдаланиш бўйича қўшимча имтиёзлар бериш ҳамда стартапларни молиялаштириш дастурини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, Чирчиқда ташкил этилаётган нанотаҳлил лабораторияси Марказий Осиёда муҳим минераллар бўйича ягона илмий-тадқиқот марказига айланади ва кунига 1 мингтагача намунани таҳлил қилиб, 6,5 миллион долларлик импорт хизматларини маҳаллийлаштиради, яна 4 миллион долларлик хизматлар экспортини йўлга қўяди.

Лойиҳаларни тезлаштириш мақсадида геология-қидирув ишлари кенгайтирилади, конлар халқаро стандартлар асосида баҳоланади, техноген чиқиндилар қайта ишланади ва хорижий инвесторлар фаол жалб этилади. Тармоқда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари жорий этилиб, геологик маълумотлар ягона рақамли базага жамланади, қидирув ишлари 3D моделлаштирилади ва жараёнлар реал вақт режиминда назорат қилинади. Давлат раҳбари муҳим минераллар соҳаси янги саноат тармоқларини шакллантириш, экспортни кўпайтириш ва технологик мустақилликни таъминлашда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, мутасаддиларга 2026–2030 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid