Ўзбекистонда саноат корхоналари қайси йўналишда фаолият юритаётгани маълум қилинди
Мамлакатда 61 мингдан ортиқ саноат корхонаси фаол бўлиб, улар асосан озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда саноат тармоқлари таркиби бўйича энг кўп корхоналар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 март ҳолатига республикада жами 61,1 мингта саноат корхонаси мавжуд.
Фаолият турлари бўйича саноат корхоналари
Улар орасида 12,2 мингта корхона айнан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу эса мазкур йўналиш ички бозорда юқори талабга эга эканини кўрсатади.
Иккинчи ўринда бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаси турибди — 8,5 мингта корхона. Бу тоифага асосан қурилиш материаллари, жумладан цемент ва ғишт ишлаб чиқариш киради.
Шунингдек, енгил саноат ҳам сезиларли улушга эга. Хусусан, кийим ишлаб чиқариш соҳасида 6,1 мингта, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда эса 3,8 мингта корхона фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш соҳасида 5 мингта, мебел ишлаб чиқаришда 4,2 мингта ҳамда резина ва пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришда 2,9 мингта корхона фаолият олиб бормоқда.
Ҳудудлар кесимида
2026-йил январ ойида Ўзбекистонда 85,1 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ҳудудлар рейтингида Навоий вилояти биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўринни Тошкент шаҳри эгаллади. Пойтахтда бир ой давомида 13,9 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Учинчи ўринда эса 12,2 трлн сўмлик кўрсаткич билан Тошкент вилояти қайд этилди.





