Пойтахтдаги тошқинга қарши қандай чоралар кўрилиши маълум қилинди

Тошкентда 10 май куни ёққан кучли ёмғир оқибатида 8 та туманда сув тўпланиши кузатилди. Икки соатдан кам вақт ичида ёққан 35 мм ёғин ойлик меъёрнинг ярмидан ортиғини ташкил қилган.

Пойтахтдаги тошқинга қарши қандай чоралар кўрилиши маълум қилинди

10 май куни кечқурун Тошкентда кузатилган кучли ва давомли ёғингарчилик пойтахтнинг бир қатор ҳудудларида жиддий сув тошқинларига сабаб бўлди. Айрим туманларда икки соатдан кам вақт ичида 35 мм гача ёғин ёғган бўлиб, бу май ойидаги ўртача ойлик меъёрнинг ярмидан ортиғини ташкил қилди.

Пойтахтнинг кўплаб кўчалари, чорраҳалари, туннеллари ва ерости ўтиш йўлларини сув босди. Шунингдек, айрим турар-жой бинолари ва офисларнинг ҳовли ҳамда ертўлаларига ҳам сув кирган.

Ҳокимлик маълумотига кўра, мавжуд ёмғир сувларини чиқариш тизими суткасига 20 мм гача бўлган ёғинни қабул қилишга мўлжалланган.

Кучли ёғин пайтида Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Шайхонтоҳур, Миробод, Яккасарой, Олмазор, Чилонзор ва Юнусобод туманларида жами 23 та манзил бўйича мурожаатлар келиб тушган. Ҳокимлик айрим ҳудудларда сув ҳажми мавжуд ирригация тармоқлари ва қувурлар қувватидан ошиб кетганини билдирди.

Шунингдек, чиқиндилар билан тиқилиб қолган сув оқизиш тизимлари, ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар ҳамда автотураргоҳ ва бошқа эҳтиёжлар учун ёпиб қўйилган ариқлар вазиятни оғирлаштиргани қайд этилди.

Оқибатларни бартараф этиш ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, коммунал хизматлар ва бошқа ташкилотлар жалб қилинган. Жойларда 60 дан ортиқ махсус техника ишлаган ва сув тўпланиши бир соат ичида бартараф этилган.

Ҳокимликка кўра, келгусида 5 та манзилда янги ирригация тизимлари қурилади. Шунингдек:


— битта ҳудудни лойиҳачилар билан биргаликда қайта ўрганиб чиқиш;

— қўшимча 3 та дюкер ўрнатиш;

— битта объектда диаметри 800 мм бўлган, бошқа бир қатор ҳудудларда эса диаметри 500 мм бўлган қувурларни ўрнатиш;

— қўшимча насос агрегатларини ўрнатиш ва сув чиқариш қувватини ошириш;

— 6 та қўшимча сув қабул қилиш панжарасини монтаж қилиш;

— тизимнинг айрим қисмлари ўтказувчанлик қувватини кучайтириш ишлари амалга оширилади.

Шаҳардаги сув чиқариш тизими қувватини босқичма-босқич суткасига 36 мм гача ошириш режалаштирилмоқда. Асосий мақсад — ёмғир сувларини чиқариш тизимини модернизация қилиш ва локал сув тошиши хавфини камайтириш.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни ҳам Тошкент шаҳрида кучли ёмғир ёғиб, марказий кўчалар ҳамда Чорсу метро бекатини сув босганди.

Teglar

Mavzuga oid

Пойтахтдаги тошқинга қарши қандай чоралар кўрилиши маълум қилинди | Vaqt.uz