Logo

Президент Олимпиадаси ғолибларига 25 млн сўмгача мукофот берилади, рекордчилар эса ОТМга имтиҳонсиз киради

Шавкат Мирзиёевга кўра, Президент Олимпиадасида мамлакат рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олийгоҳларга имтиҳонсиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади, ғолибларга эса бир йиллик стипендия тайинланиб, уларнинг 50 нафари ҳар йили хориждаги халқаро йиғинларга юборилади.

Президент Олимпиадаси ғолибларига 25 млн сўмгача мукофот берилади, рекордчилар эса ОТМга имтиҳонсиз киради

Келаси йилдан бошлаб Президент Олимпиадаси ғолиб ва совриндорлари учун пул мукофотлари миқдори 2,5 бараварга кўпайтирилиб, биринчи ўрин учун 25 миллион сўм берилади, шунингдек, мамлакат рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олийгоҳларга давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга киради. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи бор ўтказилаётган Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида маълум қилди.

Янги тартибга кўра, ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида мусобақада биринчи ўринни эгаллаган спортчиларга 25 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 12 миллион сўм ва учинчи ўрин соҳибларига 6 миллион сўм миқдорида пул мукофоти топширилади. Шу билан бирга, олимпиадада ғолиб бўлиб, Ўзбекистон рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олий таълим муассасаларининг спорт йўналишларига имтиҳонсиз, давлат гранти асосида қабул қилинади.

Мусобақа қамрови ҳам кенгайтирилиб, Президент Олимпиадаси дастуридаги спорт турлари сони 35 тага етказилади. Беллашувларнинг ёш тоифаси 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган бўлади.

Ғолибларни рағбатлантириш ва инфратузилмани яхшилаш доирасида қуйидаги чора-тадбирлар ҳам белгиланди:

— Келгуси йилдан бошлаб олимпиада ғолибларига бир йиллик стипендия бериш йўлга қўйилади;

— Ҳар йили мусобақа ғолибларидан 50 нафари хориждаги халқаро ўқув-машғулот йиғинларига юборилади;

— Ўз йўналишида энг яхши натижага эришган спорт мактаби зарур жиҳозлар билан таъминланади;

— Пойтахтдаги Олимпия шон-шуҳрати музейи ёш спортчилар чемпионлар тарихи ва ютуқлари билан яқиндан танишиб, янги ғалабаларга интилиши учун Олимпия шаҳарчасига кўчирилади.

Бу йилги иккинчи Президент Олимпиадаси беллашувларида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 3,5 мингдан зиёд ёш олимпия ва паралимпия йўналишидаги 26 та спорт тури бўйича куч синашади. Уларга 1,5 минг нафар мураббий ҳамроҳлик қилмоқда. Маросимда давлат раҳбари спортчи ёшлар, мураббийлар ва спорт фидойиларини мусобақа бошланиши билан табриклаб, бугун беллашаётган ёшлар орасидан эртага дунёни ҳайратга соладиган чемпионлар ва рекордчилар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

«Ҳар бирингиз бу майдонга ўз орзуингиз, ўз мақсадингиз, энг асосийси, ғалабага бўлган катта ишончингиз билан келгансиз», — деди Президент спортчи ўғил-қизларга мурожаат қилиб.

Мамлакат етакчиси сўнгги йилларда оммавий спортдан профессионал спортгача, иқтидорларни саралашдан халқаро мусобақаларга тайёрлашгача бўлган яхлит тизим яратилганини таъкидлади.

«Бу ишларнинг замирида фарзандларимизни соғлом, иродали ва мустақил фикрлайдиган инсон этиб тарбиялашга бўлган интилишимиз мужассам», — деди давлат раҳбари.

Маросимда ёш спортчиларга чемпионликка кучли ирода ва темир интизом орқали эришилиши, илгари сурилаётган «Ўз» ғоясининг мазмун-моҳияти ҳам шунда экани қайд этилди. Халқаро майдонда мамлакат байроғи кўтарилиб, мадҳия янграганда бутун халқ спортчилар билан фахрланиши таъкидланди.

«Ўзингга ишон! Ўз устингда ишла! Ўз юртингга муносиб бўл!» — деди Шавкат Мирзиёев.

Халқаро майдонлардаги рекордлар ва тарихий натижалар

Ўтган ўн йил ичида ўзбекистонлик спортчилар йирик халқаро мусобақаларда жами 5 минг 518 та медални қўлга киритган. Шундан 1 минг 675 таси олтин медаль бўлиб, бу аввалги ўн йилликка нисбатан уч карра кўп кўрсаткичдир. Очилиш маросимида медалларнинг учдан бири спортчи қизлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, яқинда Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида йигитларнинг иккинчи бор ғолиб бўлиши мамлакат шахмати тарихида алоҳида саҳифа очгани қайд этилди.

Японияда ўтган ХХ ёзги Осиё ўйинларида эса Ўзбекистон терма жамоаси 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза — жами 70 та медаль билан умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади. Ушбу мусобақада қайд этилган индивидуал натижалар:

— Оғир атлетикачи Акбар Жўраев даст кўтаришда 197 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон рекордини янгилади;

— Боксчи Абдумалик Ҳалоков ва енгил атлетикачи Шарифа Давронова икки карра чемпион бўлди;

— Бадиий гимнастикачи Тахмина Икромова уч карра чемпионликни қўлга киритди;

— Дзюдочи Музаффар Тўрабоев финалда мусобақа мезбони вакилини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди;

— Ўткир Жўраев спорт гимнастикасининг дастакли от машқида мамлакатнинг Осиё ўйинларидаги илк олтин медалини олиб келди.

Президент бундай натижалар ҳар қандай маррага эришиш мумкинлигига ишонч уйғотишини қайд этиб, параспортчиларнинг натижаларига ҳам тўхталди.

«Бугун параспортчи ўғил-қизларимизнинг матонати ва жасоратини ҳам алоҳида эътироф этмоқчиман», — деди Президент.

Яқинда якунланган Параосиё ўйинларида ўзбекистонлик параспортчилар 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза — жами 145 та медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Мусобақа давомида бир қатор жаҳон ва қитъа рекордлари ўрнатилди:

— Пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева олтин медаль билан бирга жаҳон рекордини ўрнатди;

— Лолахон Қодирова сузишда, Мадина Мухторова ва Каромат Омонова ядро улоқтиришда, Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда, Наврўза Аҳмадова эса диск улоқтиришда Осиё рекордларини янгилади;

— Егор Болотов тўртта, Хуршид Қодиров эса учта олтин медални қўлга киритди;

— Асила Мирзаёрова узунликка сакраш бўйича Параосиё ўйинлари рекордини янгилаб, иккинчи марта Осиёда тенгсиз эканини намоён этди.

Шунингдек, Асила Мирзаёрова Осиё паралимпия қўмитасининг 2026–2030 йиллар учун спортчилар қўмитаси аъзоси этиб сайланди. Президент буни ўзбек спортига халқаро эътироф намунаси сифатида баҳолади.

Тадбир якунида давлат раҳбари ёшларни очилаётган имкониятларни тинимсиз изланиш, қатъий интизом ва билим билан натижага айлантиришга чақирди.

«Мусобақа майдонида муносиб рақиб, ҳаётда эса яхши дўст бўлинг», - деди у.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев 2026 йилги Президент Олимпиадасини очиқ деб эълон қилди.

«Олға, Янги Ўзбекистон! Олға, Ўзбекистон ёшлари! Олға, ўзбек халқи!» — деди Президент сўзининг якунида.

Teglar

Mavzuga oid