Logo

Президент Янги Тошкентга қанча инвестиция киритилганини маълум қилди

Янги шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. 2 йил аввал бу ерда бир гектарнинг ўртача қиймати 10 миллиард сўмга етмаган бўлса, ҳозирда 19 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Президент Янги Тошкентга қанча инвестиция киритилганини маълум қилди © Prezident matbuot xizmati

12-октябр куни Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвесторлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Президентга кўра, уч йил аввал бошланган лойиҳа доирасида Янги Тошкентга ҳозиргача 2 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритилган. Давлат инфратузилма, стадион, университет ва кутубхона каби объектларга маблағ йўналтирмоқда.

Бироқ хусусий секторни қурилишга жалб қилиш суръатлари мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилди.

Янги шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Янги аэропорт билан бирга ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 млрд долларгача етказиш мумкин.

Ер қимматлашмоқда, лойиҳалар кечикмоқда

Ҳозир минг гектардан ортиқ майдонда асосан давлат маблағлари ҳисобидан қурилиш олиб борилмоқда.

Тадбиркорларга эса атиги 94 гектар ер ажратилган. Шу билан бирга, ажратилган ерларнинг учдан икки қисми уй-жой лойиҳаларига тўғри келмоқда.

«Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас», — деди Президент. У шаҳар замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши кераклигини таъкидлади.

Инвесторларга берилган 28 та лотда фаол қурилиш бошланмаган. Давлат раҳбари буни сармоядорларда маблағ ёки хоҳиш йўқлиги билан изоҳлаш тўғри эмаслигини айтди. Эскича талаблар, чўзиладиган рухсат жараёнлари ва айрим идораларнинг назоратчи сифатида иш тутиши лойиҳаларга тўсиқ бўлаётгани қайд этилди.

«Инвестор эса кутмайди. У кўмак ва кафолат сезмаса, маблағини бошқа бозорга йўналтиради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бир гектар ернинг ўртача қиймати 2024 йилда 10 млрд сўмга етмаган бўлса, ҳозир 19 млрд сўмга чиққан.

Шаҳарнинг янги иқтисодий маркази

Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳитини яратишни англатади. Президент уй-жойлар билан бир вақтда дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматларини ҳам ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Янги шаҳарда ФИФА талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. У келаси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий ареналаридан бири бўлади. Тадбиркорлар учун меҳмонхона, кафе, ресторан ва кўнгилочар масканларга бўлган эҳтиёжни аниқ ҳисоблаш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг Янги Тошкентга кўчишини жадаллаштириш топширилди. Ҳозир давлат ташкилотлари ходимлари учун 9 та бино қурилмоқда. Бу чоралар шаҳарнинг нафақат турар жой, балки ишбилармонлик маркази сифатида шаклланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid