Logo

Қайси мамлакатларда аҳоли ўз уй-жойига кўпроқ эгалик қилади?

Bugun 19:353 daqiqa

Дунёнинг йирик иқтисодиётлари рейтингда анча паст ўринларни эгаллаган. Масалан, Германияда аҳолининг атиги 41 фоизи ўз уй-жойига эга.

Қайси мамлакатларда аҳоли ўз уй-жойига кўпроқ эгалик қилади?

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг Ҳамёнбоп уй-жойлар маълумотлар базаси (Affordable Housing Database) маълумотларига кўра, уй-жойга эгалик қилиш даражаси аҳоли даромадига қараганда мамлакатнинг тарихий уй-жой сиёсати билан кўпроқ боғлиқ.

Шахсий уй ёки квартирага эга бўлиш анъанавий равишда молиявий барқарорликнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Бироқ уй-жой эгалари улуши энг юқори бўлган мамлакатлар ҳар доим ҳам дунёнинг энг бой давлатлари эмас. Рейтингда биринчи ўринни Словакия эгаллаган. У ерда хонадонларнинг 94 фоизи ўз уй-жойига эга. Кейинги ўринларда Руминия ва Хорватия жойлашган.

Умуман олганда, рейтингнинг юқори поғоналарини ҳозирги ва собиқ социалистик давлатлар эгаллаган. Илк ўнталикдан Литва, Болгария, Польша ва Латвия ҳам ўрин олган. Россияда эса 2026-йилда Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (VSIOM) ўтказган тадқиқотга кўра, фуқароларнинг 87 фоизи ўзларига ёки оила аъзоларига тегишли бўлган уй ёки квартирада яшайди. Мутахассислар бу ҳолатни асосан социалистик тизим мероси билан изоҳлайди.

rasm



Социалистик тузум парчалангач, кўплаб мамлакатларда давлатга қарашли уй-жойлар хусусийлаштирилиб, аҳолига анча арзон нархларда сотилди. Натижада қисқа вақт ичида миллионлаб оилалар ўз квартираларига эгалик қилиш имкониятига эга бўлди. Хитой 90 фоизлик кўрсаткич билан тўртинчи ўринда туради. Мамлакатда уй-жойга эгалик қилиш даражасининг юқори бўлишига 1990-йилларда амалга оширилган кенг кўламли уй-жой ислоҳоти сабаб бўлган. Ўша даврда давлат ўз тасарруфидаги квартираларни имтиёзли нархларда уларда яшовчи фуқароларга сотган. Бу дастур натижасида кўчмас мулк эгалари сони кескин ошди.

Бугунги кунда уй-жой Хитойда миллионлаб оилалар учун асосий бойлик ва жамғарма воситаси ҳисобланади. Шунингдек, кўчмас мулк бозори мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб қолмоқда. Қизиқ жиҳати шундаки, дунёнинг йирик иқтисодиётлари рейтингда анча паст ўринларни эгаллаган. Масалан, Германияда хонадонларнинг атиги 41 фоизи ўз уй-жойига эга. Швейцария эса 38 фоизлик кўрсаткич билан рейтингдаги мамлакатлар орасида пастки ўринни эгаллаган.

Экспертлар бу ҳолатни ижара бозорининг яхши ривожлангани билан изоҳлайди. Ушбу мамлакатларда ижарачилар ҳуқуқлари кучли ҳимоя қилинади, узоқ муддатли ижара шартномалари кенг тарқалган ва ижара шартлари нисбатан қулай. Шу сабабли кўпчилик учун уй сотиб олиш зарурат эмас.

Рейтинг шуни кўрсатадики, аҳолининг ўз уй-жойига эгалик қилиш даражаси мамлакат бойлигидан кўра, давлатнинг уй-жой сиёсати, ипотека тизими, хусусийлаштириш тарихи ва ижара бозорининг ривожланганлик даражасига кўпроқ боғлиқ. Шу боис аҳолиси нисбатан кам даромадли айрим давлатларда уй-жой эгалари улуши дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлса, иқтисодий жиҳатдан бой мамлакатларда эса кўплаб одамлар уй сотиб олиш ўрнига узоқ муддатли ижарани афзал кўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги энг қиммат уйлар қайси туманларда жойлашгани ҳақида ёзган эдик. Шунингдек, мана бу ерда уй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида ўқишингиз мумкин.

Teglar

Mavzuga oid