Logo

Рақобат қўмитаси телеканалларни огоҳлантирди

Bugun 08:351 daqiqa

Таъкидланишича, томошабинлар реклама овози баландлигидан шикоят қилмоқда.

Рақобат қўмитаси телеканалларни огоҳлантирди

Ўзбекистонда эфирда намойиш этиладиган айрим реклама блокларининг овози теледастурлар овозига нисбатан анча баланд экани юзасидан телетомошабинлардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Қўмитага кўра, бундай ҳолатлар томоша қилиш жараёнида ноқулайлик туғдириши мумкин.

Қайд этилишича, Телерадиоэфирда реклама жойлаштиришда овоз даражасига нисбатан қонунчиликда аниқ талаблар белгиланган. Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, реклама ва реклама ҳақидаги анонс овозининг баландлиги реклама билан узиб қўйилган теледастур ёки телекўрсатув овозидан баланд бўлишига йўл қўйилмайди.

Рақобат қўмитаси мазкур талабларга риоя этилишини назорат қилиб боришини, зарур ҳолларда эса реклама овозининг белгиланган меъёрларга мувофиқлиги техник воситалар ёрдамида текширилишини билдирди. Қонунчилик талабларини бузган ҳолда реклама тарқатиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан қўмита оммавий ахборот воситалари, телерадиоканаллар, реклама агентликлари ҳамда реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ва томошабинлар манфаатларини инобатга олган ҳолда реклама материалларини эфирга узатишга чақирди.

Teglar

Рақобат қўмитаси телеканалларни огоҳлантирди | Vaqt.uz