«Равшан Золотой» нега Interpol қидирувидан олиб ташлангани очиқланди
У Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбланганди.
© Равшан Муҳитдиновнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасиданЎзбекистонлик таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг жияни экани айтиладиган, одамлар орасида «Равшан Золотой» номи билан танилган Равшан Муҳиддиновни жавобгарликка тортиш муддати ўтгани муносабати билан жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисми тугатилган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Дилмурод Мирсодиқовнинг сўзларига кўра, «Равшан Золотой»га нисбатан қидирув 2021-йилги ҳолат бўйича очилган жиноят иши доирасида эълон қилинган. Аммо вақт ўтгандан кейин жавобгарликка тортиш муддати ўтгани муносабати билан жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисми тугатилган. Қатор тергов ҳаракатлари ўтказилганидан кейин «Равшан Золотой»га нисбатан бошқа аризалар ҳам келиб тушгани сабаб ҳолат бўйича яна қидирув ҳаракатлари жадаллаштирилган. Барча тергов ҳаракатлари ўтказилганидан кейин унинг бошқа айблови тасдиқланмаганидан сўнг қолган қидирув ҳаракатлари бекор қилинган.
Равшан Муҳитдинов Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш) 242-моддаси 2-қисми (жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (безорилик) билан айбланган.
«Равшан Золотой» ўзи ким?
У ёшлигидан «Равшан Золотой», Тилла номини олган. Унинг тоғаси билан можаролар сабаб уни Ўзбекистонга кира олмагани ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалган.
Муҳиддинов Ғофур Раҳимовга нисбатан тазйиқлар кучайган даврда оғир жиноятларда айбланган ва мамлакатни тарк этган. ОАВда эълон қилинган маълумотларга кўра, 2007-йил 18 ёшда бўлган Равшан Муҳиддинов Жиноят кодексининг 242-моддаси (уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш)да айбланиб, қидирувга берилган. У асосан Туркиянинг Истанбул ва Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳарларида истиқомат қилган. 2009-йил сентябрда Interpol орқали қидирувга берилган Равшан Муҳиддинов Туркиянинг Истанбул шаҳрида Отатурк аэропортида ҳибсга олинган. Шунингдек, ҳибсга олинганидан сўнг 3 йил давомида Истанбулдаги Молтепа қамоқхонасида сақланган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.
Қўшимча маълумотларга кўра, 2013-йил октябрда Бирлашган Араб Амирликларида такроран ҳибсга олинган «Равшан Золотой» 2013-йил декабрига қадар Дубайдаги Ал-Авир қамоқхонасида ушлаб турилган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган. Ўша вақтда ОАВга интервью берган Равшан Муҳиддиновнинг отаси Баҳодир Муҳиддинов ўғлига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини орадан 12 йил ўтиб қайта кўриб чиқишни сўраб, президент Шавкат Мирзиёев номига мактуб йўллаганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Равшан Золотой» халқаро қидирувга берилгани ҳақида ёзган эдик.





