Россия олигархларининг бойлиги кўпайди

Bugun 11:553 daqiqa

Россиялик миллиардерларнинг бойлиги мамлакат аҳолисининг банклардаги омонатлари ҳажмидан ошиб кетди.

Россия олигархларининг бойлиги кўпайди

2026-йилда Россиялик миллиардерларнинг жами бойлиги янги тарихий максимумга – 696,5 млрд долларга етди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Журналнинг глобал рейтингида ҳозир Россиядан 155 нафар вакил бор, бу ҳам рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Миллиардерларнинг бойлиги аҳолининг муддатли рубл омонатларидаги жамғармалар ҳажмидан (жорий ҳисоблар ҳисобга олинмаган) ошиб кетди. Россия Банки маълумотларига кўра, 2026-йил 1-феврал ҳолатига кўра уларнинг ҳажми 46,23 трлн рублни ташкил этган. Ҳозирги курс – бир доллар учун 78,74 рубл ҳисобида бу 587 млрд долларга тенг.

2022-йилда санкциялар ва фонд бозорининг пасайиши сабаб Россиялик миллиардерларнинг жами бойлиги 352,8 млрд долларгача қисқарган, уларнинг сони эса 88 нафарга тушган эди. Бироқ кейинги йилларда уларнинг капитали тикланди ва кетма-кет тўртинчи йил ўсишни давом эттирмоқда.

Россия бойлари кимлар?

Энг бой россиялик «Северсталь» эгаси Алексей Мордашов бўлиб, унинг бойлиги 37 млрд долларга баҳоланади. Жаҳон рейтингида у 57-ўринни эгаллайди. Иккинчи ўринда «Норильский никель» ва «Т-Банк» эгаси Владимир Потанин (жаҳон рўйхатида 79-ўрин) туради. Бир йил ичида унинг бойлиги 5,5 млрд долларга ўсиб, 29,7 млрд долларга етган. Учинчи ўринни «Лукойл» асосчиси Вагит Алекперов эгаллаган. Унинг бойлиги 29,5 млрд доллар деб баҳоланмоқда (81-ўрин).

2026-йилда рўйхатга Россиядан яна 14 нафар янги вакил илк бор киритилди. Улар орасида Венгрия компанияларида улушларга эга бўлган «Kafijat» ва «MGTR Alliance» инвестиция холдинглари эгалари – ака-ука Руслан ва Тимур Раҳимқулов ҳам бор. Уларнинг бойлиги мос равишда 1,9 млрд ва 1,8 млрд доллар деб баҳоланмоқда. Шунингдек, Краснодар ўлкасининг собиқ губернатори ва «Агрокомплекс» компанияси эгаси Александр Ткачёв ҳам рейтингга илк бор кирди, унинг бойлиги 1,8 млрд долларга тенг. Яна бир янги иштирокчи «Яндекс»нинг собиқ дастурчиси ва «Nebius Group» ҳаммулкдорларидан бири Владимир Иванов бўлиб, унинг капитали 1 млрд долларга баҳоланмоқда.

Умумий ҳолат

Американинг «Forbes» журнали 2026-йил учун тузган жаҳон миллиардерлари рейтингида дунёдаги энг бой инсонлар сони ва уларнинг умумий капитали тарихий рекордни янгилади. Сунъий интеллект соҳасидаги портлаш, молия бозорларидаги ўсиш ва қулай иқтисодий сиёсат натижасида рўйхатдан 3428 нафар миллиардер ўрин олди. Уларнинг умумий бойлиги 20,1 триллион долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 4 триллион долларга кўпайган.

Рейтингнинг энг юқори поғонасини яна «Tesla», «SpaceX» ва «xAI» компаниялари раҳбари Илон Маск банд қилди. Унинг соф бойлиги 839 миллиард долларга баҳоланиб, қолган рақобатчиларидан сезиларли даражада ўзиб кетган.

Дунёнинг энг бой беш кишиси қаторини фақатгина технология соҳаси вакиллари ташкил қилган:

• Ларри Пейж («Google») — 257 миллиард доллар;

• Сергей Брин («Google») — 237 миллиард доллар;

• Жефф Безос («Amazon») — 224 миллиард доллар;

• Марк Цукерберг («Facebook») — 222 миллиард доллар.

Кучли ўнликдан, шунингдек, «Oracle» асосчиси Ларри Эллисон (190 миллиард доллар), «LVMH» мода империяси эгаси Бернар Арно (171 миллиард доллар), «Nvidia» раҳбари Женсен Хуанг (154 миллиард доллар), сармоядор Уоррен Баффет (149 миллиард доллар) ҳамда «Zara» бренди асосчиси Амансио Ортега (148 миллиард доллар) каби таниқли миллиардерлар ҳам ўрин олган.

Давлатлар кесимида қарайдиган бўлсак, Америка Қўшма Штатлари ҳамон яққол етакчи. АҚШда 989 нафар миллиардер яшайди ва дунёнинг энг бой 20 кишисидан 15 нафари айнан шу давлат фуқароларидир. Кейинги ўринларни 610 нафар миллиардер билан Хитой (Гонконгни қўшиб ҳисоблаганда) ва 229 нафар миллиардер билан Ҳиндистон эгаллаган.

Бу йилги рўйхатга 390 нафар янги миллиардер қўшилган. Бу ҳолат асосан сунъий интеллект тармоғининг кенгайиши ва технологик компаниялар акцияларининг кескин кўтарилиши билан изоҳланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid