Logo

Сеута ва Мелиля кимники? Испания ва Марокаш ўртасидаги асрий ҳудудий низонинг келиб чиқиш сабаблари

Bugun 18:566 daqiqa

Мустамлакачилик давридан сақланиб қолган мазкур ҳудудлар Испания учун империявий ўтмиш ва Евроиттифоқ чегарасининг муҳим рамзи ҳисобланса, Работ уларни ўз ҳудудининг ажралмас қисми сифатида қайтаришни талаб қилиб келмоқда.

Сеута ва Мелиля кимники? Испания ва Марокаш ўртасидаги асрий ҳудудий низонинг келиб чиқиш сабаблари

Африканинг шимолий қирғоқларида жойлашган Испанияга қарашли икки кичик анклав азалдан чегарадош Марокаш билан муносабатлардаги асосий кескинлик ўчоғи бўлиб келмоқда. Африка қитъасидаги Европага тегишли бўлган ушбу ягона ҳудудлар таркибига Сеута ва Мелиля мухтор шаҳар-анклавлари, шунингдек, Марокаш соҳиллари яқинидаги қояли ороллардан иборат «Plazas de Soberanía» (Суверен ҳудудлар) киради. Бу ороллар қаторидан Чафаринас, Алҳусемас ҳамда Пенён-де-Велес-де-ла-Гомера жой олган.

Испания мазкур анклавларни ўзининг ажралмас қисми деб ҳисобласа-да, Марокаш бу ҳудудлар устидан Мадрид суверенитетини тан олмайди. Работ 1956 йилда Франциядан мустақилликка эришганидан буён ушбу ерларни қайтаришни талаб қилиб келади. Мазкур ҳудудий низо икки давлат ўртасида узоқ йиллик сиёсий зиддиятни юзага келтирган.

Ўтган ҳафтада 50 мингдан ортиқ муҳожир чегарани бузиб, Испаниянинг Сеута анклавига ёпирилиб кирганидан сўнг, Мадрид ва Работ ўртасидаги кескинлик янада авж олди. Гарчи уларнинг аксарияти кейинчалик Марокашга қайтиб кетган бўлса-да, айни пайтда Сеутада ҳамон бир неча минг муҳожир қолмоқда.

Хўш, аслида нега Испания бу ҳудудларга эгалик қилади ва уларни келажакда нималар кутмоқда?

Сеута ва Мелиля анклавлари ҳамда Марокаш соҳиллари яқинидаги бир нечта кичик ороллар — Испания мустамлака империясидан қолган сўнгги ҳудудлар ҳисобланади.

Сеута 1580 йилда Испания таркибига қўшиб олингунига қадар, 1415 йилдан буён Португалия ҳукмронлиги остида бўлган. Мелиляни эса 1497 йилда испаниялик зодагонлар забт этган. 1640 йилда узоқ давом этган урушлардан сўнг Португалия ўз мустақиллигини қайта тиклаганида ҳам, Сеута Испания назоратида қолаверди.

«Испания Лотин Америкасида ўзининг энг катта ҳудудий кенгайишига эришган эди. Бироқ 1898 йилда Куба, Коста-Рика ва Филиппиндан айрилгач, аксарият Европа давлатлари Африкани аллақачон бўлиб олганига қарамай, ўз таъсир доирасини айнан шу қитъага кўчиришга уринди», — дея тушунтиради Барселонадаги IMF-CSIC маркази антропологи Иоланда Айксела Кабре.

Ўтган асрда Африка деколонизация қилингач, Сеута ва Мелиля қитъадаги Европа назорати остида қолган ягона ҳудудларга айланди. Ушбу анклавлар географик жиҳатдан Африкада жойлашганига қарамай, Испаниянинг ажралмас ҳудуди ва Европа Иттифоқи ташқи чегарасининг бир қисми ҳисобланади.

«Испания учун Африканинг шимолий соҳилларидаги бу анклавларни сақлаб қолиш рамзий жиҳатдан жуда муҳим. Чунки улар Испаниянинг буюклигини — давлат ўзини ваҳшийликка қарши цивилизация тарқатувчиси деб ҳисоблайдиган империявий ўтмишини ёдга солиб туради. Бундай ёндашув католик монархлари вакили Христофор Колумб томонидан Американинг «кашф этилиши» ҳақидаги доимий тарғиб қилинадиган қарашларда ҳам яққол намоён бўлади», — дейди мутахассис.

Нега анклавлар мустақилликдан сўнг Марокаш таркибига ўтмади?

Тарихчи ва тадқиқотчи Селим Балуати Лахлуфининг сўзларига кўра, Сеута ва Мелиля алоҳида ҳудуд сифатида сақланиб қолаётганига асосий сабаб — бу шаҳарларнинг тарихи «замонавий Марокаш давлати пайдо бўлишидан олдинги даврларга» бориб тақалади.

«Булар асрлар давомида эгаллаб турилган анклавлардир», — дейди у «Al Jazeera» нашрига.

Бироқ, 1956 йилда Марокаш Франциядан мустақилликка эришганидан буён ушбу ерларни ўз ҳудудининг ажралмас қисми сифатида қайтаришни изчил талаб қилиб келади. Бунга маҳаллий аҳоли «Себта ва Мелила» деб атайдиган Сеута ва Мелиля ҳудудлари, шунингдек, «Plazas de Soberanía» (Суверен ҳудудлар) киради (аслида, Испания Марокаш мустақиллигини айнан шу анклавлар ўзида қолиши шарти билан тан олган).

«Марокаш сиёсий элитаси бундан доимо Испанияга қарши танқид дастаги сифатида фойдаланиб келган», — дейди Лахлуфи.

Вашингтонда фаолият юритувчи катта сиёсий маслаҳатчи, «Morocco World News» нашри ҳаммуассиси ва Марокаш ташқи сиёсати бўйича эксперт Самир Бенниснинг таъкидлашича, Марокашнинг Сеута ва Мелиляга нисбатан ҳудудий даъволари мустақиллик йилларидан буён икки давлат ўртасидаги мураккаб муносабатларнинг марказида бўлиб келмоқда.

«Агар 1960 йилларнинг бошларида — деколонизация жараёнлари авжига чиққан бир пайтда, Марокаш раҳбарияти бу масалани БМТга олиб чиқиб, ушбу икки шаҳарни хорижий кучлардан озод қилиниши шарт бўлган мустамлака ҳудудлари сифатида тан олдиришда қатъият кўрсатганида эди, эҳтимол, бу муаммо икки томонлама муносабатларга бунчалик ҳалокатли таъсир кўрсатмаган бўларди», — дейди у.

Экспертнинг тушунтиришича, Марокаш расмийларини мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш йўлида кескин чоралар кўришдан тийиб турган иккита муҳим омил бўлган:

«Биринчиси — Испания ва Марокаш ўртасидаги ҳудудий низолар кўламининг кенглиги. Бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудуд устидан Испания назоратига қарши чиқиш қийинлигини англаган Марокаш ҳукумати Испания ҳукмронлиги остида қолган ерларини қайтариб олишни босқичма-босқич амалга оширишга қарор қилди».

«Марокаш раҳбариятини Сеута ва Мелиля масаласини кейинга қолдиришга ундаган иккинчи омил эса — Испания расмийларининг Марокаш билан ҳудудий низоларни босқичма-босқич ҳал қилишга тайёрлигини билдиргани эди. Охир-оқибат, бу стратегия Испаниянинг икки шаҳардаги манфаатларини ҳимоя қилишда жуда фойдали бўлиб чиқди», — дея қўшимча қилади Беннис.

Марокашнинг мазкур анклавларга бўлган даъвоси қанчалик кучли?

Бенниснинг фикрича, Марокашнинг ушбу ҳудудларга нисбатан даъвоси анча заиф. Бироқ «мамлакат Испаниянинг позициясини шубҳа остига олувчи бир қатор тарихий, жуғрофий ва демографик далилларни келтириши мумкин».

Кембриж университети қошидаги Волфсон коллежи тадқиқотчиси Жейми Тринидаднинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Марокашнинг ушбу ҳудудларга эгалик даъвоси бироз асоссиз.

«Бу ҳуқуқий эмас, балки сиёсий даъводир. Бу ҳолат худди Испаниянинг Сеута рўпарасида — бўғознинг нариги томонида жойлашган Гибралтарга нисбатан қилаётган даъвосига ўхшайди», — дейди у. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Гибралтар Буюк Британиянинг денгизорти ҳудуди ҳисобланади.

«1970 йилларда Марокаш мазкур ҳудудларни БМТнинг Деколонизация бўйича махсус қўмитаси назоратидаги "Ўзини ўзи бошқармайдиган ҳудудлар" рўйхатига киритишни сўраган. Бироқ Работнинг бу сўрови БМТ томонидан эътиборсиз қолдирилган эди», — дея қўшимча қилади тадқиқотчи.

Бу анклавлар аҳолиси нимани истайди?

Сеутада тахминан 84 минг, Мелиляда эса 86 минг аҳоли истиқомат қилади.

1580 йилдан буён Испания тасарруфида бўлиб келаётган Сеута — насроний ва мусулмонлар, испаниялик ва марокашликлар, шунингдек, ўзаро тотувликда яшаб меҳнат қилувчи кунлик ишчилардан иборат аралаш аҳолининг ватани ҳисобланади.

Аммо ўтган ҳафтада 50 мингдан ортиқ муҳожирнинг Сеутага ноқонуний кириб келиши анклав ичида бўлиниш ва кескинликни кучайтириб юборди. Якшанба куни, яъни муҳожирлар оқими ёпирилиб келганидан икки кун ўтиб, юзлаб маҳаллий аҳоли вакиллари ўта ўнг миллатчиларнинг мигрантларга қарши режалаштирган намойишига қарши чиқди. Натижада улар ташкилотчиларни ушбу тадбирни бекор қилишга мажбур қилди.

1497 йилдан буён Испания назоратида бўлган Мелиляда испаниялик ва марокашликлардан ташқари, кичик яҳудий ва синдҳи (1947 йилда Ҳиндистон бўлинганидан кейин кўчиб келган ҳинд савдогарлари диаспораси) жамоалари ҳам яшайди. «Plazas de Soberanía»да эса асосан Испания ҳарбий хизматчилари жойлашган.

Тарихчи Лахлуфининг таъкидлашича, ижтимоий сўровномалар Сеута ва Мелиля аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Испания таркибида қолишни исташини кўрсатади.

Испания ҳукумати маълумотларига кўра, Сеута ва Мелиля Европа Иттифоқи ичида эркин ҳаракатланишни кафолатлайдиган Шенген ҳудудининг бир қисми ҳисобланади, бироқ улар учун махсус Шенген режими амал қилади. Анклавлардан Испаниянинг асосий қисмига саёҳат қилувчилар алоҳида чегара назоратидан ўтиши шарт.

«Шенген текширувлари фақат мавжуд бўлган иккита йўналиш орқали — денгиз ёки ҳаво орқали чиқишда амалга оширилади. Шу сабабли, ҳеч ким Сеута ёки Мелильядан материк Испанияга порт ёки аэропортда Миллий полиция томонидан шахсини тасдиқламасдан туриб саёҳат қила олмайди. Бундан ташқари, паром операторлари ва авиакомпаниялар саёҳат ҳужжатларини текширишлари шарт», — дейилади Испания ҳукумати эълон қилган ҳужжатда.

Испания бу анклавларидан воз кечадими?

Бу борада таҳлилчиларнинг фикрлари турлича.

2022 йилнинг март ойида Испания бош вазири Педро Санчес Марокаш қиролига мактуб йўллаб, 1975 йилда Испания назоратидан чиққан Ғарбий Саҳро ҳудуди устидан Марокаш суверенитетини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган эди. Санчес буни Африкадаги улкан ҳудуд бўйича ўнлаб йиллар давом этиб келаётган низони ҳал қилиш учун «энг жиддий, реал ва ишончли» ташаббус эканини таъкидлаб, Мадрид ва Работ ўртасидаги таранг муносабатларда «янги босқич» бошланганини эълон қилганди.

Шу боис, антрополог Кабренинг фикрича, ўтган ҳафта Сеутага мигрантларнинг улкан оқими ёпирилиб келганидан сўнг, Испания охир-оқибат мазкур ҳудудлар суверенитетини Марокашга топшириши мумкин.

«Европа давлатлари мустамлакачилик даврида олиб кетилган бойликларни қайтараётган ва собиқ мустамлакаларидаги фуқароларнинг ҳуқуқларини тан олаётган, яъни деколонизация жараёни барча даражаларда тарғиб қилинаётган бир пайтда, бу анклавларнинг сақланиб қолишининг ўзи ҳам ақлга сиғмайдиган тарихий аномалиядир», — деди у.

Teglar

Mavzuga oid