СИ яна одамларни ишсиз қолдиради. «Oracle» катта қисқартиришга тайёрланмоқда
«Oracle» бутун дунё бўйлаб ходимларни ишдан бўшатишга тайёрланмоқда, чунки компания сунъий интеллект учун дата-марказлар қурилишига сармояларни оширмоқда.

Сунъий интеллект учун дата-марказлар ва булутли хизматлар соҳасидаги компания «Oracle» турли бўлимларда юзлаб ходимларни қисқартиришни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда «Bloomberg» ўз манбаларига таяниб.
Компания харажатларини оптималлаштириш СИ инфратузилмаси учун сарфларнинг кескин ўсиши шароитида муҳим ҳисобланади. Бу харажатлар компаниянинг қарз юкини сезиларли даражада оширишга мажбур қилди. Инвесторларга янги ёндашув маъқул келди – акциялар бозорда умумий сотилишлар орасида қимматлади.
Айрим ходимларга эҳтиёж қолмайди
«Oracle» бутун дунё бўйлаб ходимларнинг катта миқдорда қисқартирилишини тайёрламоқда, чунки компания СИ учун дата-марказлар қурилишига сармояларни оширмоқда ва пул оқимига босим билан юзлашмоқда. Манбаларга кўра, ишдан бўшатиш турли бўлимларда амалга оширилади ва яқин ҳафталарда бошланади. Қисқартиришлар айрим ходимлар гуруҳларига тегади, чунки «Oracle» баҳосича, СИни жорий қилиш натижасида уларга бўлган эҳтиёж камаяди.
Шу ҳафтада компания булутли хизматлар бизнесида очиқ бўлган вакансияларни қайта кўриб чиқишни бошлади, аслида эса бу ишга олиш жараёнини секинлаштирмоқда ёки тўхтатмоқда. Бироқ ходимларни қисқартириш режалари ҳозирча муҳокама босқичида ва ўзгариши мумкин.
Маълумотларга кўра, 2025 йил май охирида компанияда бутун дунё бўйлаб тахминан 162 000 ходим фаолият юритган.
«Oracle» тежаган маблағни қаерга сарфлайди?
Компания узоқ вақт базалар учун дастурий таъминот билан машҳур бўлган, аммо сўнгги йилларда унинг трансформацияси кузатилади: у булутли ҳисоблаш бўлимларини кенгайтирмоқда ва СИга эътибор қаратган ҳолда бозор етакчилари – «Amazon» ва «Microsoft» билан тўлиқ рақобатчига айланишга интилади.
Ҳозир «Oracle» СИ-қувватга эга марказларни фаол қурмоқда, улар «OpenAI» каби мижозлар учун хизмат қилади.
Бу қувватларни жорий қилиш учун компания бир қатор облигациялар чиқариш орқали қарз юкини кескин оширди. Шу билан бирга капитал сарфлари ўсиб бормоқда ва сўнгги ҳисобот чорагида пул оқими кутилгандек кучли бўлмади. Уол Стрит таҳлилчилари «Oracle»нинг дата-марказлар қурилиши учун булут бўлими харажатлари келгусида компаниянинг пул оқимини салбий қила олиши мумкинлигини, инвестициялар эса 2030-йил яқинида самара бера бошлайди, деб прогноз қилмоқда.
Ўтган ойда «Oracle» шу йилда қарз ва акция чиқариш орқали яна тахминан 50 млрд доллар жалб қилишни режалаштирганини ҳам маълум қилди. 2025-йил сентябрда компания ўз тарихидаги энг катта реструктуризация дастурини эълон қилди – унинг қиймати 1,6 млрд долларгача бўлиб, мазкур молиявий йилда, яъни май ойи охиригача амалга оширилиши режалаштирилган.
Акциялар ҳолати
Илғор сунъий интеллект учун булутли ечимлар етказиб берувчи сифатида «Oracle»нинг биринчи қадамлари инвесторларнинг эътиборини тортди, бу эса 2024-йилда акциялар қийматини 61 фоиз, 2025-йилда эса 20 фоизга оширди. Қарз юки ортиши билан бозор қизиқиши заифлашди. Шу йил бошидан буён компания ўз қийматининг 20 фоизини йўқотди.
5-март савдолари натижасида котировкалар 1,6 фоизга ўсди, бу вақтда кенг бозор Яқин Шарқдаги давом этаётган можаро туфайли кескин сотувга дуч келди. «Oracle» қагозлари постмаркетда ҳам қимматлашишни давом эттирди.
Уолл Стрит таҳлилчилари компаниянинг келажагига нисбатан оптимизмни йўқотмаган: «Marketwatch» маълумотларига кўра, 45 таҳлилчидан 35 нафари акцияларни сотиб олишни тавсия қилмоқда. Бир ой аввал бундай тавсиялар фақат 32 та эди. Таҳлилчилардан тўққиз нафари нейтрал позицияда, бир таҳлилчи «Oracle» қагозларини сотишни тавсия қилмоқда. Бир ой олдин провайдер учун «пастлаш» рейтинглари фақат икки эди.
Ўртача мақсадли нарх 271 долларни ташкил этади, бу 5-март савдолари якунланиш нархига нисбатан 75 фоизга ўсиш потенциалини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ «Square», «Cash App» ва «Afterpay» тўлов хизматлари эгаси бўлган «Block» финтех корпорацияси штатни 40 фоизга камайтириш ҳақида тарихий қарор қабул қилган ва 4 мингдан ортиқ ходимни ишдан бўшатганди. Оммавий ишдан бўшатишларнинг асосий сабаби – иш жараёнларини сезиларли даражада автоматлаштирувчи «ақлли воситалар» (сунъий интеллект)ни жорий қилиш бўлган.


