Logo

Солиқ ислоҳотига қарамай, Қозоғистонда рўйхатдан ўтган бизнеслар сони 20 фоиздан ошди

Bugun 13:252 daqiqa

Энг катта ўсиш якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисобига тўғри келган.

Солиқ ислоҳотига қарамай, Қозоғистонда рўйхатдан ўтган бизнеслар сони 20 фоиздан ошди © qaz-media.kz

Қозоғистонда 2026-йилнинг биринчи ярмида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 20,4 фоизга ошди. Ҳукумат маълумотларига кўра, бу натижа янги Солиқ кодекси жорий этилиб, ҚҚС ставкаси оширилгани ва бизнесни рўйхатдан ўтказиш талаблари кучайтирилганига қарамай қайд этилган.

Бош вазир ўринбосари ва Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангариннинг айтишича, июнь ойи охирига келиб мамлакатда рўйхатдан ўтган бизнес субъектлари сони 2,939 миллионга етган. Бу йил бошига нисбатан қарийб 499 мингта ёки 20,4 фоизга кўп.

Энг катта ўсиш якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисобига тўғри келган. Уларнинг умумий сони олти ой ичида 1,86 миллиондан 2,352 миллионгача кўпайган. Ўзини ўзи банд қилганлар сони эса 688,6 минг нафарга етган.

Шу билан бирга, давлат бюджети даромадлари ҳам яхшиланган. Ҳисобот даврида бюджет тушумлари қарийб 16 фоизга ошган, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тушумлари эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 1,5 баравар кўпайган.

Юридик шахслар сони ҳам ўсишда давом этган. Биринчи ярим йилликда уларнинг сони 579,8 мингдан 587,1 мингтагача кўпайган. ҚҚС тўловчилари сони эса 135,8 мингдан 158,2 мингтагача ошган.

Бу кўрсаткичлар янги солиқ қоидалари кучга киришидан олдин билдирилган хавотирлар ўзини оқламаганини кўрсатмоқда. Аввалроқ айрим мутахассислар солиқларнинг ошиши ва рўйхатдан ўтиш тартиби қатъийлашиши кўплаб кичик бизнесларнинг ёпилишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтган эди. Бироқ дастлабки олти ойлик натижалар бунинг аксини кўрсатди.

Кичик ва ўрта бизнеснинг асосий қисми ҳануз савдо, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритмоқда. Бу йўналишлар мамлакатдаги энг йирик тадбиркорлик тармоқлари бўлиб қолмоқда.

Тармоқлар кесимида энг юқори ўсиш кичик корхоналар орасида тоғ-кон саноатида кузатилди — 2,9 фоиз. Қурилиш ва қишлоқ хўжалигида ўсиш 2,5 фоизни, ахборот ва коммуникация соҳасида эса 2,4 фоизни ташкил этди. Ўрта бизнес сегментида энг тез ўсиш кўчмас мулк соҳасида қайд этилди — 5,8 фоиз. Молия ва суғурта соҳаси 3,2 фоизга, бошқа хизмат кўрсатиш тармоқлари эса 3,1 фоизга ўсди.

Расмий маълумотларга кўра, кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши ҳам ортмоқда. Агар 2021-йилда у ЙИМнинг 33,5 фоизини ташкил этган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич 40,9 фоизга етган.

Бандлик кўрсаткичлари ҳам шу тенденцияни тасдиқлайди. 2026-йилнинг биринчи чорагида Қозоғистонда 9,4 миллион киши иш билан банд бўлган. Шундан 4,5 миллион нафари кичик ва ўрта бизнесда фаолият юритмоқда. Яъни, мамлакатдаги ҳар икки ишлаётган кишидан деярли бири айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда.

Умуман олганда, 2026-йилнинг дастлабки олти ойи натижалари Қозоғистонда янги солиқ сиёсати жорий этилганига қарамай, тадбиркорлик фаоллиги сақланиб қолганини ва бизнес сектори ўсишда давом этаётганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Қозоғистонни ЙИМ ўсиши бўйича кучли давлатлар қаторига киритганди.

Teglar

Mavzuga oid