Logo

Сохта чеклар ортидан бизнес. Кешбэк тизими бекор қилинадими?

Bugun 19:549 daqiqa

1 фоизлик кешбэк тизими яширин иқтисодиётни қисқартира олдими? Нега сўнгги пайтларда кешбэк атрофида фирибгарлик, миллиардлаб сўмлик сохта чеклар ва уни лотерея билан алмаштириш ҳақидаги таклифлар кўпайди? Vaqt.uz ушбу мақолада кешбэк тизимининг қандай ишлаши, унинг давлат бюджетига тушаётган харажатлари, сохта чеклар орқали ишлаган фирибгарлик схемалари ва назоратдаги муаммоларни таҳлил қилди.

Бугун кўпчилик хариддан сўнг фискал чекни «Soliq» мобил иловасида рўйхатдан ўтказиб, харид суммасининг 1 фоизи миқдорида кешбэк олишга ўрганиб қолган. Харидор учун бу бир неча минг сўмлик қайтим бўлиши мумкин. Аммо давлат учун чек бундан анча муҳимроқ вазифани бажаради.

Фискал чек орқали тадбиркорнинг қанча савдо қилгани, қанча тушум олгани ва тегишли солиқларни тўлиқ ҳисоблаб, ундириш учун зарур маълумот шаклланади. Шу сабабли чек яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг энг оддий, аммо муҳим воситаларидан бирига айланган.

Бироқ сўнгги ҳафталарда айнан шу тизим жиддий муҳокамалар марказига чиқди. Бир томонда — 1 фоизлик кешбэк учун йилига 150 миллион долларгача етаётган бюджет харажатлари. Иккинчи томонда — кешбэкдан фойдаланишга одатланиб қолган миллионлаб ўзбекистонликлар. Яна бир томонда эса — сохта чеклар ва кешбэк маблағларини ноқонуний ўзлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик схемалари.

Ҳаммаси қандай бошланган эди?

2022-йилдан буён Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши курашиш учун мутлақо янги тизим амал қилмоқда. Унга кўра, харидорлар хизмат кўрсатиш шохобчаларидан олган фискал чекини «Soliq» мобил иловасида рўйхатдан ўтказганида, харид суммасининг 1 фоизи кешбэк сифатида қайтариб берилади.

Харид вақтида чек бермаслик учун ҳам жарима белгиланган. Хусусан, бундай ҳолат биринчи марта аниқланганда, компания тушумининг 20 фоизи миқдорида жарима солинади. Бир йил давомида такроран содир этилганда эса жарима миқдори тушумнинг 50 фоизидан 100 фоизигача оширилиши мумкин.

Ҳукуматнинг бундай жиддий чораларни кўришга етарлича сабаблари бўлган. Масалан, ўша вақтларда яширин савдоларнинг иқтисодиётдаги улуши катта бўлиб, ЯИМнинг 53,2 фоизига тенг дея баҳоланган.

Минглаб дўкон ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида харидорларга фискал чек берилмас, савдолар нақд пулда амалга ошириларди. Натижада бу айланмаларнинг бир қисми солиқ органлари назоратидан четда қолган.

Чек берилмаган жойда давлат савдо ҳажмини шаффоф аниқлай олмайди. Демак, қўшилган қиймат солиғи, даромад солиғи ва бошқа мажбурий тўловлар ҳам тўлиқ ундирилмаслиги мумкин.

2026-йилда вазият қандай?

Орадан тўрт йил ўтгач, кўпчилик учун аҳамиятсиз бўлган фискал чек кундалик хариднинг ажралмас қисмига айланди.

Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда «Soliq» мобил иловасидан фойдаланувчилар сони 17,9 миллион нафарга етган. Бир йилнинг ўзида 55,5 миллионта электрон ҳисобварақлар расмийлаштирилиб, 4,5 миллиарддан ортиқ онлайн чек ҳақидаги маълумотлар қайта ишланади.

rasm

Яъни одамлар ҳар куни супермаркетда, дорихонада, кафеда ёки ёқилғи қуйиш шохобчасида харид учун бериладиган чеклардан фаол фойдаланмоқда.

Бу эса давлат учун — иқтисодиётнинг қаерида қанча савдо бўлаётганини кўрсатадиган муҳим маълумот манбаи.

Бошқача айтганда, сиз «Soliq» иловасида чекни рўйхатдан ўтказганингизда, ҳатто ўзингиз билмаган ҳолда давлатга ишлайсиз.

Яширин иқтисодиёт камайдими?

Шунча меҳнат ва сарф-харажатларга яраша яширин иқтисодиёт улуши кутилганидек қисқардими?

Расмий маълумотларга қараганда, ҳа!

Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 53,2 фоиздан 22,9 фоизгача камайган. Бюджетдаги қўшимча тушумлар 38 триллион сўмга етиб, мамлакатда расмий банд аҳоли сони эса 8,5 миллион кишидан ошган.

Бироқ, бу натижаларни фақат 1 фоизлик кешбэк билан боғлаб бўлмайди. Чунки бу даврда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида онлайн-касса қамрови кескин кенгайди. Барча товар оқимлари электрон ҳисоб-фактуралар ҳамда мажбурий маркировка тизими орқали рақамлаштирилди, нақд пулсиз тўловлар улуши ортди. Солиқ органлари томонидан автоматлашган назорат механизмлари жорий этилди.

Унда муаммо нимада?

Муаммо кешбэк пуллари учун сарф харажатлар ошишида. Фискал таҳлиллар инстиути эса айни шу масалани таҳлил қилиб, кешбэк тизимини бекор қилишни таклиф қилмоқда.

2022-йилда бунинг учун 820 миллиард сўм сарфланган бўлса, 2026-йил якунида бу сумма деярли 1,8 триллион сўмга яқинлашиши кутилмоқда. Бу доллар қийматида тахминан 150 миллион долларни ташкил қилади.

Бир тарафдан Фискал таҳлиллар институтининг сўзларида ҳам жон бор. Одамлар чек сўрашга ўрганиб бўлган бўлса, нега давлат бунинг учун йилига 150 миллион долларлаб тўлашда давом этиши керак?

Айниқса, бу маблағнинг бир қисми сохта чек ва фирибгарлик схемалари орқали ноқонуний ўзлаштирилаётган бўлса. Тушунганингиздек, кешбэклар қандай қилиб фирибгарлар бизнесига айлангани ҳақида гаплашамиз.

Кешбэк пуллари қандай қилиб фирибгарлар бизнесига айланди?

Қандай қилиб тизимни бузмасдан, бирорта ҳам хакерлик ҳужумисиз, «қонуний» ҳужжатлар орқали давлат бюджетидан миллиард сўмлик маблағни сездирмай ечиб олиш мумкин?!

Бунда компаниялар сохта чеклардан фойдаланган. Дастлаб ишсиз ёки номига директор бўлишга рози бўлган фуқаролар номига ўнлаб МЧЖлар очилган. Кейин ушбу корхоналар бир-бирига юзлаб миллиард, ҳатто триллион сўмлик электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирган. Ҳужжатларда ун, ёғ, шакар ёки гўшт каби маҳсулотлар сотилгани кўрсатилган бўлса-да, амалда ҳеч қандай маҳсулот мавжуд бўлмаган.

Қоғоздаги ана шу «харидлар» кейинги босқич учун асос бўлиб хизмат қилади. Корхоналар назорат-касса машиналари орқали минглаб фискал чеклар чиқаради. Тизим буларни ҳақиқий харид сифатида қабул қилади ва «Soliq» иловаси орқали автоматик равишда кешбэк ҳисоблай бошлайди.

Хусусан, Солиқ қўмитаси йирик миқдордаги кешбэк маблағларини асоссиз қайтариб олишга қаратилган йирик схема аниқлангани ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, 2026-йил 16-май куни бир куннинг ўзида «VS» МЧЖ «ZSQ» МЧЖдан 585,7 миллиард сўмлик, «GWI» МЧЖ эса «ABB777» МЧЖдан 551,8 миллиард сўмлик ҳамда «ZSQ» МЧЖдан яна 2,7 миллиард сўмлик сариёғ маҳсулотларини қабул қилганини ҳужжатларда расмийлаштирган. Бироқ сайёр солиқ текшируви давомида қарийб 1,14 триллион сўмлик ушбу маҳсулотларнинг омборлар ёки савдо нуқталарида мавжуд эмаслиги аниқланган. Яъни ҳужжатларда мавжуд деб кўрсатилган товарлар амалда топилмаган.

Бундан ташқари, «ZSQ» МЧЖда Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасининг 2026-йил 9-июл куни ўтказган сайёр солиқ текширувида 1,82 триллион сўмлик, «ABB777» МЧЖда эса Навоий вилояти Солиқ бошқармасининг 1-июл куни ўтказган солиқ аудитида 1,83 триллион сўмлик кирим қилинмаган товарлар сотилгани аниқланган. Бошқача айтганда, корхоналар ҳисобига олинмаган маҳсулотларни реализация қилган.

Қўмита хабарига кўра, барча текширув ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, айни вақтда текширувлар давом этмоқда.

Энг қизиқ томони шундаки, кўплаб ҳолатларда бу чеклар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номига бириктирилган. Чунки айрим озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича бундай фуқароларга 12 фоизгача ижтимоий кешбэк қайтарилади. Фирибгарлар айнан шу механизмдан фойдаланиб, давлат маблағларини ўзлаштирган.

Фирибгарлар тизимдан бир қадам олдинда

Кешбэк фирибгарлигининг муваффақиятли ишлашига имкон берган энг муҳим омиллардан бири — «назорат ва тўлов жараёнлари ўртасидаги вақт тафовути» бўлди.

Тизимда кешбэк маблағлари қисқа муддат ичида ҳисоблаб берилади. Аммо корхонанинг ҳақиқатан ҳам маҳсулот сотгани, электрон ҳисоб-фактураларда кўрсатилган товарлар мавжудлиги ёки улар бўйича пул ўтказмалари амалга оширилганини текшириш кўпинча кейинроқ — режа асосидаги солиқ текширувлари давомида аниқланади.

Фирибгарлар эса айнан шу «форточка»дан фойдаланган. Аввал бир неча корхона рўйхатдан ўтказилади. Сўнг улар ўзаро юзлаб миллиард, ҳатто триллион сўмлик сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштиради. Кейинги босқичда назорат-касса машиналари орқали минглаб фискал чеклар яратилади ва улар асосида «Soliq» иловасида кешбэк ҳисобланади. Маблағлар банк карталарига ўтказилиб, нақдлаштирилгач ёки бошқа ҳисоб рақамларига чиқарилгач, корхоналар фаолияти амалда тўхтатилади ёки ташлаб кетилади.

Оқибатда назорат органлари текширувни бошлаган пайтда пул аллақачон тизимдан чиқиб кетган бўлади.

Халқаро амалиётда бундай ҳолат «audit lag», яъни назоратнинг молиявий операциялардан ортда қолиши деб аталади. Ўзбекистонда ҳам айнан шу вақт тафовути фирибгарлар учун энг катта устунликка айланган. Тизим ноқонуний операцияни содир бўлишидан олдин эмас, аксарият ҳолларда маблағ бюджетдан чиқиб кетганидан кейингина аниқлай олган.

Рақамлаштириш яширин иқтисодиёт учун якуний ечим эмас

Сохта кешбэк схемаларининг фош этилиши яна бир муҳим жиҳатни кўрсатмоқда: тизимнинг рақамлаштирилиши унинг ўз-ўзидан фирибгарликдан ҳимояланганини англатмайди.

Аксинча, технологиялар ривожлангани сари улардан фойдаланишнинг янги, ноқонуний усуллари ҳам пайдо бўлиши мумкин. Яъни муаммо фақат кешбэк тизимининг мавжудлигида эмас, балки унинг устидан назорат қандай ва қанчалик тез амалга оширилишида. Айнан шу сабаб Солиқ қўмитаси назоратни кучайтиришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга киришмоқда.

Солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникациялар технологиялари департаменти директори Фаррух Ахмеджоновнинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, «AI ёрдамчи» тизими ишлаб чиқилмоқда. У орқали миллионлаб фискал чеклар, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа маълумотларни автоматик таҳлил қилиш, шубҳали операцияларни эса имкон қадар эрта аниқлаш кўзда тутилган.

Тизимдан, шунингдек, корхоналар ўртасидаги боғлиқлик, ноодатий операциялар ва хавфли транзакцияларни аниқлашда ҳам фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Қўмита вакилининг маълум қилишича, «AI ёрдамчи» жорий йилнинг сентябр ойидан барча фойдаланувчилар учун ишга туширилиши кутилмоқда.

Қандай ечим таклиф қилинмоқда?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти оммавий 1 фоизлик кешбэк ўрнига ютуқли ўйинлар тизимини (лоторея) жорий этишни таклиф қилмоқда. Яъни харидор ҳар бир чеки учун кафолатланган 1 фоизни олмайди, бунинг ўрнига рўйхатдан ўтказилган чеклар орасида автомобил, туристик йўлланма ва бошқа йирик совринлар ўйналади.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, бундай тизимни ташкил этиш учун йилига 100 миллиард сўмгача маблағ етарли бўлиши ва бюджет харажатларини қарийб 20 баробарга камайтириш имкони бўлиши мумкин.

Бироқ бу таклифнинг ўзига ҳам саволлар бор. Чунки 1 фоизлик кешбэкда харидор ҳар бир хариддан кафолатланган пул олади. Лотереяда эса чек рўйхатдан ўтказилади, аммо соврин фақат айрим иштирокчиларга насиб қилади. Шу сабаб янги модел одамларни бугунги кешбэк каби фаол равишда чек талаб қилишга ундай оладими — бу ҳозирча очиқ қолмоқда.

Аслида лотерея тизими аллақачон тажриба сифатида ишга туширилди

1 фоизлик кешбэкни лотерея тизими билан алмаштириш ҳозирча фақат таклиф бўлиб қолмаган. Ҳукумат қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар тажриба тариқасида жорий этилди.

Янги тартибга кўра, ушбу ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида бирор нарса харид қилган фуқаролар чекни «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказади. Шундан сўнг чек автоматик равишда ютуқли ўйинда иштирок этади. Иловада эса фойдаланувчига унинг чеки ўйинга киритилгани ҳақида маълумот бериб борилади.

Ютуқли ўйинлар ҳар ой «Soliq» иловасидаги махсус платформа орқали ўтказилади. Бир ой давомида рўйхатдан ўтказилган барча чеклар ягона танлов базасига жамланади ва ғолиблар инсон омилисиз, тасодифий танлаш механизми орқали аниқланади.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳар бир ойлик ўйиннинг бош соврини — автомобил. Маҳаллий ҳокимликлар эса қўшимча совринлар ҳам тақдим этиши мумкин.

Ҳукуматнинг мақсади фақат соврин тарқатиш эмас. Тажриба орқали онлайн назорат-касса техникаларидан фойдаланишни кенгайтириш, нақд пул айланмасини қисқартириш ва фуқароларни харид вақтида чек талаб қилишга янада фаолроқ ундаш кўзда тутилган.

Аммо бу тажрибанинг энг муҳим жиҳати шундаки, 1 фоизлик кешбэк ҳозирча бекор қилинмаган. Яъни фуқаро чекни рўйхатдан ўтказгани учун одатдагидек кешбэк олади, шу билан бирга ютуқли ўйинда ҳам иштирок этади.

Масаланинг жавобидан саволлари кўп

●     Агар кешбэк бекор қилинса, одамлар чек сўрашда давом этадими?

●     Бу яширин иқтисодиёт улушини яна ошишига таъсир қилмайдими?

●     Фирибгарлар сабаб миллионлаб фуқаролар рағбатдан маҳрум бўлиши қанчалик адолатли?

●     Ва лотерея бугунги кешбэкнинг ўрнини боса оладими?

Сиз учун қайси бири афзал? Ҳар бир хариддан кейин кафолатланган 1 фоизлик кешбэкми ёки автомобил ва бошқа йирик совринларни ютиш имкониятини берадиган лотереями? Фикрингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.

Vaqt.uz’ни кузатишда давом этинг. Келгусида мавзунинг янги тафсилотларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Teglar

Maftuna Yaxshilikova

Maftuna YaxshilikovaMaqolalar soni: 107

Barchasi

Mavzuga oid