Logo

«Субсидиялаш камаяди деган нарса йўқ» — пойтахт транспорти харажатларининг 60 фоиздан ортиғи бюджетдан қопланади

Bugun 17:473 daqiqa

Тошкентда йўл ҳақи оширилганига қарамай, жамоат транспорти харажатларининг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланишда давом этади. Ҳозирда пойтахтда бир йўловчини ташиш таннархи 5 минг 580 сўмни ташкил этмоқда.

«Субсидиялаш камаяди деган нарса йўқ» — пойтахт транспорти харажатларининг 60 фоиздан ортиғи бюджетдан қопланади

Бугун, 16-октябр куни Транспорт вазирлиги томонидан жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Vaqt.uz мухбири Тошкентда йўл ҳақи оширилгани, жамоатчилик муҳокамаси натижалари очиқ эълон қилинмагани ва нарх ошиши давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларга қандай таъсир қилиши ҳақида савол берди.

Йўл ҳақи ошди, энди субсидиялаш камаядими?

vazirlik

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаровнинг айтишича, амалдаги тизимда субсидиялаш механизми мавжуд эмас. Унинг тушунтиришича, ҳозир ташувчиларга босиб ўтилган ҳар бир километр ва кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўланади. Йўловчилардан тушган маблағлар жамғармага йўналтирилади, тушум харажатларни қоплашга етмаса, қолган қисми давлат бюджетидан ажратилади.

«Бу йилни оладиган бўлсак, 2 триллионга яқин сўм ажратилган. Яъни шу автобусларга тўловларни бериш учун. Бу 2 триллионнинг маълум қисми Тошкентга, маълум қисми ҳудудлардаги ташувчиларга берилади. Ҳар бир босган километри учун, хизмати учун пул тўлаб берамиз. Йўловчидан тушган пул эса жамғармага тушади», — деди Омаров.

Унинг таъкидлашича, йўл ҳақи оширилгани давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар камайишини англатмайди. Аксинча, келгуси йилда ҳам автобуслар харид қилиш ва йўналишлар сонини кўпайтириш режалаштирилган. Харажатларнинг йўловчилар тўловлари билан қопланмаган қисми бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

«Етмаган қисмини давлат бюджети томонидан қоплаб берилаверади. Шунинг учун субсидиялаш камаяди деган нарса йўқ», — деди вазир ўринбосари.

Тошкентда транспорт харажатлари 2,7 трлн сўмга етиши кутилмоқда

transport

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Миракбар Икрамовнинг маълум қилишича, 2025 йилда пойтахтда жамоат транспорти ташувчиларига тўловлар учун 1,8 триллион сўм ажратилган. Шундан йўловчилардан тушган маблағ 600 миллиард сўмни ташкил этган. Яъни харажатларнинг тахминан учдан бир қисми йўловчилар тўловлари ҳисобидан қопланган.

Ҳозирги кунда Тошкентда бир йўловчини ташиш таннархи 5 580 сўмни ташкил этади. Келгуси йилда яна 500 та автобус олиб келиш, йўналишларни кўпайтириш ва автобуслар оралиғидаги вақтни қисқартириш режалаштирилган. Бу эса транспорт тизими харажатларининг ошишига олиб келади.

«2025 йилни оладиган бўлсак, бизда ўша субсидиялаш демаймиз-ку, ўша белгиланган ҳисоботлар бўйича 1,8 триллион пул ажратилган эди Тошкент шаҳрига. Шундан йўловчидан тушадиган пул бу 600 миллиардни ташкил қилади. Яъни учдан бир қисми йўловчи томонидан қоплаб берилади. Ҳозирги кунга келиб, Тошкент шаҳридаги бир йўловчини ташиш таннархи 5 580 сўмни ташкил қилади», — деди Икрамов.

Унинг айтишича, келгуси йил учун жамоат транспорти харажатлари 2,7 триллион сўм миқдорида прогноз қилинмоқда. Йўл ҳақи 2 500 сўм ҳисобидан олинса, йўловчилардан тушадиган тушум 1 триллион сўмни ташкил этади.

«Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрига яна 500 та автобус олиб келишни режалаштирганмиз кейинги йилга. Бу билан биз харажатни оширишни режа қилганмиз, яъни ўша интервалларни камайтирамиз ҳамда бизнинг бюджетимиз ҳозирги кунда прогнозларимиз 2,7 триллион сўмни ташкил қилади. Яъни харажатларимиз 2,7 триллион. Шундан агар 2 500 сўм деб ҳисоблайдиган бўлсак, биздаги тушум 1 триллионни ташкил этади. Ҳозирда мана кўриниб турибдики, бюджетга тушадиган ўша юклама ҳам 1,7 триллионни ташкил қилади. Яъни йўловчи томонидан қоплаб берилгани 1 триллион бўлса, 1,7 триллионни бюджет томонидан қоплаб берилади. 60 фоиздан ортиқ барибир бюджет томонидан қоплаб бериляпти», — деди Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи.

Демак, келтирилган прогнозларга кўра, йўловчилар тўловлари жамоат транспорти харажатларининг қарийб 37 фоизини қоплайди. Қолган 63 фоиздан ортиғи эса давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz жамоат транспортида йўл ҳақи октябрь ойидан 47 фоизга оширилганидан кейин расмийлар жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича масъул ташкилотлар аниқ ахборот бермагани ҳақида ёзган эди.

 

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 218

Barchasi

Mavzuga oid