Суний интеллект буми Корея бойваччаларининг бойлигини рекорд даражага кўтарди
Жанубий кореялик миллиардерлар бир йил ичида ўз бойлигини қарийб икки баравар ошириб олди. «Samsung» раҳбари яна биринчиликка қайтди. Энг қизиғи, энди Кореянинг энг бой одамлари қаторидан жой олиш учун камида 1 млрд доллар керак. СИ технологиялари кимларни «пулга кўмиб ташлаяпти»?

Суний интеллект буми туфайли ярим ўтказгичларга бўлган талабнинг кескин ортиши Жанубий Кореянинг хотира чиплари ва чип ишлаб чиқариш ускуналари тайёрлайдиган компаниялари учун ҳақиқий даромад манбаига айланди. Бу ҳақда «Forbes» маълум қилди.
Корея фонд бозори охирги 12 ой ичида дунёдаги энг яхши кўрсаткичлардан бирини қайд этди: «Kospi» асосий индекси бойликлар охирги марта ўлчанганидан бери икки баравардан кўпроққа ўсди. Бундай жонланиш мамлакатнинг 50 та энг бой одамининг умумий бойлигини рекорд даражадаги 175 миллиард долларга етказди, бу ўтган йилги 99 миллиард долларга нисбатан 77 фоизга кўпдир.
Бойлар
Умуман олганда, 34 нафар миллиардер янада бойиди. Рўйхатнинг бошида «Samsung Electronics» ижроия раиси Жей И. Ли турибди. У ўтган йили пастлаган эди, бу йил эса яна 1-ўринга қайтди. Сотув ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик хотира чиплари ишлаб чиқарувчиси бўлган ушбу компания раҳбари ўз бойлигига 13,8 миллиард доллар қўшиб олди (бу доллар ҳисобидаги энг катта ўсишдир) ва унинг маблағи 21,6 миллиард долларга етди.
Иккинчи ўринда ўтган йилги рейтинг етакчиси, «MBK Partners» хусусий инвестиция гиганти асосчиси Майкл Ким 9,9 миллиард доллар билан жойлашди. Унинг портфелига кирувчи «Homeplus» компанияси санация жараёнига топширилгани билан боғлиқ муаммоларга қарамай, «MBK» октябр ойида Осиёга йўналтирилган сотиб олиш фонди учун 5,5 миллиард доллар йиғишга муваффақ бўлди.
«Celltrion» асосчиларидан бири Сео Жунг-жин 8,1 миллиард доллар (ўтган йили 6,3 миллиард эди) билан учинчи ўринни эгаллади ва энг кўп даромад қилганлар қаторидан жой олди. Фармацевтика компанияси акциялари кенгайиш стратегияси туфайли бир йил ичида 30 фоизга ўсди. Январ ойида Американинг «Eli Lilly» гигантидан 330 миллион долларга завод сотиб олиш бўйича келишувдан сўнг, «Celltrion» март ойида маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун 800 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритиш режаларини эълон қилди.
«Hanmi Semiconductor» раиси ва бош директори, миллиардер Квак Донг Шин фоиз ҳисобида энг катта ғолиб бўлди — унинг бойлиги тўрт баравардан кўпроққа ошиб, 5,7 миллиард долларга етди. Бу чип ишлаб чиқариш ускуналарини ишлаб чиқарадиган компанияси акцияларининг ўсиши билан боғлиқ. Натижада у ўтган йилги 22-ўриндан 11-ўринга кўтарилди.
Бу йилги етти нафар янги иштирокчи орасида мамлакатнинг тез ривожланаётган биотехнология секторидан уч вакил бор. Масалан, «ABL Bio» асосчиси ва раҳбари Ли Санг-хун 1,4 миллиард доллар билан рўйхатга кирди. Компания ноябр ойида «Eli Lilly» билан Алцгеймер ва Паркинсон каби касалликларни даволаш технологияларини ишлаб чиқиш бўйича 2,6 миллиард долларлик литсензия ва қўшма тадқиқот шартномасини имзолаган эди.
Суниъий интеллект бумидан наф кўрган янги миллиардерлар қаторида «EO Technics» асосчиси ва раҳбари Сунг Кю-донг ҳам бор. Унинг компанияси хотира чипларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган лазер ускуналарини тайёрлайди. Электротехника муҳандиси бўлган Сунг бу компанияга 1989 йилда Сеул жанубидаги Анянг шаҳрида асос солган. Яна бир янги миллиардер — «ISU Group» раиси Ким Санг-беом бўлиб, унинг таркибидаги «ISU Petasys» компанияси «Nvidia» ва «Microsoft» каби гигантларга босма платалар етказиб беради.
Рўйхатга қайтган олти нафар иштирокчи орасида крипто биржа оператори «Dunamu» асосчиларидан бири ва вице-раиси Ким Хёнг-нён (43-ўрин) ҳам бор. Ноябр ойида «Naver» интернет гиганти (раҳбари Ли Хе-жин, 38-ўрин) «Dunamu»ни сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Ушбу келишув «Dunamu» раиси Сонг Чи-хюнгнинг (25-ўрин) бойлигини ҳам икки баравардан кўпроққа ошириб, 2,3 миллиард долларга етказди.
Рўйхатга кириш учун минимал бойлик миқдори энди 1 миллиард долларни ташкил этмоқда (ўтган йили 665 миллион доллар эди).
Методология
Ушбу рўйхат оилалар ва шахслардан олинган акциялар ва молиявий маълумотлар, фонд биржалари, йиллик ҳисоботлар, таҳлилчилар ва давлат идоралари маълумотлари асосида тузилган. Бойлик миқдори 2026 йил 27 мартдаги акциялар нархи ва айирбошлаш курслари асосида ҳисобланган. Хусусий компаниялар баҳоси ўхшаш очиқ компаниялар билан таққослаш орқали аниқланган.





