Logo

Тўққиз ойда 67 мингдан ортиқ фуқаро ипотека кредитларидан фойдаланди

Bugun 13:052 daqiqa

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда ипотека дастури доирасида жами 20,9 трлн сўмлик кредитлар ажратилди.

Тўққиз ойда 67 мингдан ортиқ фуқаро ипотека кредитларидан фойдаланди © istock

2026-йил январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда ипотека дастури доирасида жами 20,9 трлн сўмлик кредитлар ажратилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 трлн сўмга ёки 39 фоизга кўп. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Ҳисобот даврида ипотека кредитларидан 67 598 нафар фуқаро фойдаланган. Ажратилган маблағлар ҳажми 2026 йил учун белгиланган йиллик режанинг 91 фоизига етган.

Маълумот учун, 2026-йилда ипотека дастури доирасида жами 23 трлн сўмлик кредит ажратиш режалаштирилган.

Кредитларнинг молиявий манбалари

Ипотека дастури учта молиялаштириш манбаси ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Шундан 12,2 трлн сўм давлат бюджети, 7,8 трлн сўм тижорат банкларининг ўз маблағлари ва 3 трлн сўм «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ маблағлари ҳиссасига тўғри келади.

Амалда эса январ–сентябр ойларида ажратилган кредитларнинг 12,8 трлн сўми ёки 61 фоизи давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Тижорат банклари маблағлари ҳиссасига 6,1 трлн сўм ёки умумий кредитларнинг 29 фоизи тўғри келган. Қолган 2 трлн сўм, яъни 10 фоиз эса компания маблағлари ҳисобидан ажратилган.

Бирламчи бозор фаоллашди

Тўққиз ой давомида бирламчи уй-жой бозорига 15,5 трлн сўмлик ипотека кредитлари йўналтирилган. Бу умумий ажратилган кредитларнинг катта қисмини ташкил этади.

Бирламчи бозорда ипотека кредитлари олганлар сони ҳам сезиларли кўпайган. Хусусан, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида 37 мингта кредит ажратилган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 49,8 мингтага етган.

Иккиламчи уй-жой бозорида эса ипотека кредитлари ҳажми 5,2 трлн сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга кўп.

Субсидиялар ҳажми

2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра, ипотека кредитлари бўйича жами 1 208,1 млрд сўм субсидия тўлаб берилган.

Ушбу маблағнинг 800,3 млрд сўми ёки 66 фоизи ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловларини қоплашга сарфланган. Қолган 407,8 млрд сўм эса уй-жой харид қилиш учун бошланғич бадал сифатида ажратилган. Бошланғич бадал субсидиясидан жами 13 722 нафар фуқаро фойдаланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги банк кредитларининг 45 фоизи ва депозитларининг 76 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келаётгани ҳақида маълумот берилганди.

Teglar

Mavzuga oid