Logo

Тошкентда шар ИЭС қурилмасига урилиб, тўртта туманни электрсиз қолишига сабаб бўлди

Kecha 21:531 daqiqa

Қибрайдаги «Aksa Toshkent» иссиқлик электр станциясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳавода учиб келган шар тушиши оқибатида ҳимоя тизими ишга тушиб, станция қуввати 460 МВтдан 185 МВтгача камайган.

Тошкентда шар ИЭС қурилмасига урилиб, тўртта туманни электрсиз қолишига сабаб бўлди © yandexmaps

19 октябр куни Тошкент шаҳрининг тўртта туманида кузатилган электр таъминотидаги узилишга Қибрай туманида жойлашган «Акса Тошкент» иссиқлик электр станциясининг (ИЭС) очиқ тақсимлаш қурилмасига ҳавода учиб келган шар тушиши сабаб бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳимоя тизимининг ишга тушиши оқибатида юзага келган авария ҳолати ярим соат ичида тўлиқ бартараф этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса соат 19:05 да содир бўлган. Станциянинг Т-5 трансформаторидаги шикастланиш ва ҳимоя тизими ишлаб кетиши оқибатида ИЭС қуввати кескин — 460 МВтдан 185 МВтгача камайган. Ҳолат кузатув камералари ёзувлари орқали ҳам тасдиқланган.

Бунинг оқибатида пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинча узилиш кузатилган.

«Кўрилган тезкор чоралар натижасида соат 19:09 да Юнусобод ва Олмазор туманларида электр таъминоти қисман тикланган. Соат 19:25 да эса захира манбалар орқали таъминот тўлиқ тикланган», - дейилади хабарда.

Соат 19:38 га келиб барча туманлардаги истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ қайта тикланган.

Вазирлик келтирилган ноқулайлик учун истеъмолчилардан узр сўраб, аҳолини хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирди.

«Шу ўринда фуқаролардан электр станциялари, подстанциялар ва бошқа электр қурилмалари яқинида ҳавога шар учирмасликларини сўраймиз. Бу каби ҳолатлар электр таъминотида узилишларга сабаб бўлиши мумкин», — дейилади расмий хабарда.

Teglar

Mavzuga oid