Тошкентдаги пулли парковка: бир йилда нималар ўзгарди?
Тошкент кўчаларида пулли парковка тизими ишлаётганига бир йилдан ошди. Айрим ҳудудларда автомобилни бир соатга қўйиш 12 минг сўмгача туради. Бироқ тизимнинг бир йиллик фаолияти фонида оператор қандай танлангани, парковкалар сони нега дастлабки режадан қисқаргани, йиғилган маблағлар қаерга йўналтирилаётгани ва тўлов қилмаган ҳайдовчиларга 880 минг сўмгача жарима жорий этиш таклифи каби масалалар кун тартибига чиқди. Энг муҳим савол эса ўзгаришнинг ўзида: пулли парковка жорий этилгач, Тошкент кўчаларида нима ўзгарди?
Тизим қандай бошланган?
Пулли парковка тизими атрофидаги саволларнинг бир қисми унинг оператори қандай танлангани билан боғлиқ.
2024-йил 25-ноябр куни Тошкентдаги йўл бўйидаги пулли парковкаларни бошқариш ҳуқуқи ауксионга чиқарилди. Бошланғич нарх 57 миллиард сўм эди. Савдо давомида таклиф 120,15 миллиард сўмгача ко‘тарилди. Аммо ауксион ғолиби билан шартнома тузилмагач, савдо бекор қилинди.
17-декабр куни такрорий аукцион ўтказилди. Унда “Street Park Systems” МЧЖ 62,9 миллиард сўмлик таклиф билан ғолиб деб топилди.
Шундай қилиб, биринчи савдода 120,15 миллиард сўмлик таклиф қайд етилган бўлса, такрорий аукцион 62,9 миллиард сўмлик таклиф билан якунланди. Бу рақамларнинг ўзи бирор қонунбузарликни англатмайди, бироқ аукцион шартлари ва иштирокчиларнинг қарорлари бўйича саволларни юзага келтиради.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев Kun.uz’га берган интервюсида юқори таклифлардан воз кечилишини иштирокчилар аукцион шартларини тўлиқ англамагани билан изоҳлаган. Унинг айтишича, айрим иштирокчилар 120 миллиард сўмлик суммани бир марталик тўлов деб тушунган бўлиши мумкин. Аслида еса бу сумма ҳар йили тўланадиган ижара ҳақи бўлган.
Биринчи аукциондаги ғолибдан кейин захира иштирокчи ҳам шартнома тузишдан бош тортган. Шундан сўнг “E-auksion” тизими амалдаги тартиб асосида такрорий савдони автоматик равишда эълон қилган.
Ғолиб ўзгарди, лойиҳа кўлами ҳам қисқарди
Такрорий аукционда ғолиб бўлган “Street Park Systems” МЧЖ биринчи савдода ҳам қатнашган, бироқ ўшанда ғолиб бўлмаган. Биринчи аукцион пайтида компания ташкил этилганига атиги 12 кун бўлган.
Пулли парковка лойиҳасининг ўзи ҳам дастлаб режалаштирилган кўламда амалга ошмади. Дастлаб 13 мингта парковка ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган эди. Кейинчалик автобус йўлаклари, йўл ҳаракати хавфсизлиги талаблари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳаллий ҳокимият қарорлари сабаб айрим кўчалар лойиҳадан чиқарилди.
Натижада тизим 55 та кўчадаги 5300 та парковка ўрни билан иш бошлади. Парковкалар сони қисқаргани сабаб операторнинг йиллик ижара ҳақи ҳам 62,9 миллиард сўмдан 32,8 миллиард сўмгача қайта ҳисобланди. Демак, лойиҳа бўйича дастлаб кўзда тутилган кўлам билан амалдаги тизим ўртасида сезиларли фарқ бор.
Парковкадан тушган маблағ қаерга кетмоқда?
“Poytaxt Parking” бош менежерининг Gazeta.uz’га маълум қилишича, компаниянинг 2025-йилдаги даромади 10,8 миллиард сўм, лойиҳа бўйича зарар эса 60 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган.
Компания 2025-йил бошидан буён лойиҳа учун 6,5 миллион доллардан ортиқ инвестиция йўналтирилганини билдирган. Ушбу маблағ йўл инфратузилмасини тайёрлаш, парковка ускуналарини ўрнатиш, йўл белгилари, асфалт қопламаларини сақлаш, мобил иловани ишлаб чиқиш, инспекторлар ва техник ходимлар иш ҳақига сарфлангани айтилган.
Оператор маълумотларига кўра, 2025-йил бошидан 2026-йил июн ойигача давлат буджетига 35 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилган.
Бундан ташқари, шартномага мувофиқ компания Йўлларни ривожлантириш жамғармасига ҳар йили қатъий белгиланган бадал тўлайди. Бу тўлов парковкалардан қанча тушум олинганидан қатъи назар амалга оширилади ва йилига 20 миллиард сўмдан 61 миллиард сўмгача бўлиши мумкин.
Нега 80 дан ортиқ кўча битта лотга бирлаштирилган?
Пулли парковка лойиҳасидаги яна бир муҳим масала — Тошкентдаги йўл бўйидаги парковкаларни битта йирик лотга бирлаштириш қарори.
Ҳужжатларга кўра, дастлаб 111 километрдан ортиқ йўл бўйи ҳудуди, 80 дан зиёд кўча ва ўнлаб гектар майдон битта лот сифатида аукционга чиқарилган. Яъни, лойиҳанинг катта қисми битта оператор қўлига ўтиши кўзда тутилган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров лотнинг ҳажми ва савдодаги рақобат масаласига эътибор қаратган. У бошқа бир аукционда 36 та ер участкаси алоҳида лотлар сифатида савдога чиқарилиб, бошланғич 1,3 миллиард сўмлик қиймат 20,9 миллиард сўмгача ошганини мисол сифатида келтирган. Унинг фикрича, йўл бўйи парковкаларини бир нечта лотга бўлиб савдога чиқариш рақобатни кучайтириши мумкин эди. Бу ҳолатда асосий савол — давлатга тегишли катта ҳудуддан фойдаланиш ҳуқуқини битта йирик лот шаклида беришнинг иқтисодий ва рақобатга оид асослари қандай бўлганида.
Тўлов қилмаган ҳайдовчиларга 880 минг сўмлик жарима таклифи
Тошкентда пулли парковка учун тўловни амалга оширмаган ҳайдовчиларни 880 минг сўмгача жаримага тортиш таклиф қилинди. 13-июл куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу борадаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди, муҳокамалар 28-июлгача давом этди.
Жамоатчилик муҳокамаси якунларига кўра, қонун лойиҳаси билан 21 мингдан ортиқ киши танишган, 686 нафар фуқаро таклиф билдирган. Овоз беришда 1191 киши лойиҳага қарши, 179 киши эса уни қўллаб-қувватлаган.
Таклиф қилинган жарима миқдори 2 БҲМ — 880 минг сўм. Тошкентдаги йўл бўйидаги пулли парковкаларда бир соатлик тўлов ҳудудга қараб 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача.
Шу сабабли 880 минг сўмлик жарима энг юқори тарифдан қарийб 69 баравар, енг паст тарифдан эса 165 баравар юқори бўлади. Айнан жарима миқдори ва уни қўллашнинг ҳуқуқий асоси жамоатчилик муҳокамасидаги асосий масалалардан бири бўлди.
Ҳақиқатан ҳам ҳайдовчиларнинг атиги 2–3 фоизи тўлаяптими?
Маъмурий жавобгарлик жорий етиш ташаббусининг асосий асосларидан бири сифатида тўлов интизомининг пастлиги ко‘рсатилган. Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатига кўра, Тошкентдаги пулли парковкалардан кунига ўртача 15 минг нафар ҳайдовчи фойдаланади. Уларнинг атиги 2–3 фоизи, яъни 300–450 нафари хизмат ҳақини ихтиёрий равишда тўлайди. Ҳокимлик ҳисоб-китобларида бир ойда парковкалардан 465 минг нафар ҳайдовчи фойдаланиши, 451–456 минг нафари тўлов қилмаслиги қайд етилган. Натижада йилига 5 миллиондан ортиқ тўланмаган ҳолат юзага келаётгани айтилган.
“Poytaxt Parking” ҳуқуқшуноси Даврон Аҳматов ҳам ихтиёрий тўлов қилаётганлар улуши 2–3 фоиз еканини билдирган. Унинг айтишича, компания автомобилни эвакуация қилиш, ғилдиракни қулфлаш ёки жойида мажбурий тўлов ундириш ваколатига эга эмас. Оператор қарздорни аниқлаб, судга даъво киритиши мумкин.
Шу нуқтада баҳснинг ҳуқуқий томони юзага келади: агар тўланмаган парковка ҳақи фуқаролик-ҳуқуқий тартибда ундирилиши мумкин бўлса, уни маъмурий жавобгарлик орқали тартибга солиш зарурати қандай асосланади?
Маъмурий жавобгарлик бўйича ҳуқуқий баҳс
Пулли парковка учун ҳақ тўламаганликка маъмурий жавобгарлик жорий етиш ташаббусига Халқ демократик партияси ҳам муносабат билдирди. Партия Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига ега ёки эга эмаслиги масаласини кўтарди ва Конститутсиянинг 98-моддасига таянди. ХДП, шунингдек, парковка учун ҳақ тўлаш мажбурияти ҳайдовчи ва оператор ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабат еканини, тўлов ундирилиши суд орқали амалга оширилиши кераклигини билдирди.
“Poytaxt Parking” эса ўзини парковка майдонларининг эгаси эмас, балки шаҳар билан тузилган шартнома асосида хизмат кўрсатувчи оператор сифатида изоҳлади. Компания маъмурий жарима солиш унинг ваколатига кирмаслигини таъкидлади.
Бош прокуратура ҳам таклиф етилган маъмурий жавобгарликка еътироз билдирган. Идора пулли парковка шартнома асосида кўрсатиладиган хизмат эканини ва бундай низолар фуқаролик-ҳуқуқий тартибда, суд орқали ҳал қилиниши кераклигини билдирган. Шунингдек, таклифнинг айрим қисми амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддаси билан қамраб олинганига эътибор қаратилган.
Шу тариқа, парковка ҳақини тўламаслик масаласи оддий тўлов интизомидан ташқари, фуқаролик ва маъмурий жавобгарлик ўртасидаги чегаралар ҳақидаги ҳуқуқий баҳсга ҳам айланди.
Олмаота ва Бишкек тажрибаси
Пулли парковка тизими Тошкентдан ташқари Олмаота ва Бишкекда ҳам қўлланмоқда. Бироқ шаҳарларда унинг ташкил этилишида турли механизмлар мавжуд.
Олмаотада коммунал пулли парковкалар шаҳар коммунал тизими доирасида бошқарилади. Кўча бўйидаги парковкаларда дастлабки 5 дақиқа айрим хизматлар, жумладан йўловчини тушириш ёки чиқариш ҳамда юк ортиш-тушириш учун бепул берилади. Шунингдек, кўп қаватли уй егалари ёки ижарачиларига яшаш жойига яқин битта коммунал парковкадан бир автомобил учун бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган.
Бишкекда еса 2026-йилда парковка тизимини янгилаш бошланди. Марказий ва бошқа ҳудудлар учун алоҳида тариф зоналари белгиланган. Янги тизим айрим жойларда дастлаб синов тариқасида жорий қилиниб, унинг самарадорлигини таҳлил қилишдан кейин кейинги қарорларни белгилаш кўзда тутилган.
Бу тажрибалар Тошкент моделига айнан кўчирилиши керак дегани эмас. Аммо тариф, бепул вақт, маҳаллий аҳолига имтиёз ва янги механизмларни синовдан ўтказиш каби ёндашувлар турлича еканини кўрсатади.
Тизимнинг натижаси: тирбандлик камайганми?
Пулли парковканинг самарадорлигини фақат йиғилган маблағ билан ўлчаш қийин. Чунки тизимнинг асосий вазифаларидан бири автомобиллар оқимини бошқариш ва кўча бўйидаги жойлардан фойдаланишни тартибга солишдан иборат.
Шу сабабли парковка жорий этилишидан олдин ва кейин кўчалардаги ўртача тезлик, автомобилнинг парковкада туриш вақти, бўш жой топишга кетадиган вақт, парковка жойларининг айланиши ва тирбандлик кўрсаткичлари қандай ўзгарганини билиш муҳим.
Бундай рақамлар тизимнинг транспорт сиёсати сифатидаги натижасини баҳолашга имкон беради. Акс ҳолда парковка учун тўлов миқдори, оператор даромади ёки жарима миқдори ҳақидаги рақамлар тизимнинг асосий мақсадига жавоб бермайди.
Асосий савол — пулли парковка ким учун ишлаяпти?
Тошкентдаги пулли парковка тизими бир йилдан ортиқ вақт давомида шаклланиб келмоқда. Бу даврда оператор танланди, парковка ўринлари сони ўзгарди, тарифлар амал қилмоқда ва тўлов интизомини ошириш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.
Энди тизимнинг кейинги босқичида унинг натижасини ўлчаш масаласи муҳим бўлиб қолмоқда. Оператор қандай танлангани, ауксиондаги нархлар ўртасидаги фарқ, дастлабки ва амалдаги парковка ўринлари сони, шартнома бўйича тўловлар ва тушумларнинг тақсимоти бўйича маълумотлар қанчалик очиқ экани ҳам муҳим.
Энг муҳими, пулли парковканинг Тошкент транспортига таъсири аниқ кўрсаткичлар билан баҳоланиши керак. Автомобиллар оқими бошқарилдими, парковка жойларининг айланиши тезлашдими, тирбандлик камайишига таъсир бўлдими — буларнинг барчаси рақамлар орқали кўрсатилса, тизимнинг бир йиллик натижасига холисроқ баҳо бериш мумкин.
Шундай қилиб, масала фақат парковка учун пул тўлаш ёки тўламасликда эмас. Тизим қандай ташкил этилгани, маблағлар қандай йўналтирилаётгани ва унинг шаҳар транспортига қандай натижа бераётгани ҳам очиқ кўрсатилиши керак.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор ва монтажчи: Мироқил Хайруллаев
Teglar

