Logo

Транспорт вазирлиги автобуслар кечикиши ва бир бекатга учта автобус бир вақтда келиб қолишига изоҳ берди

Bugun 19:374 daqiqa

Тошкентда автобуслар оралиғидаги ўртача интервал 8–10 дақиқани ташкил этади. Бироқ айрим йўналишларда йўловчилар автобусни 13–15 дақиқа кутишига, баъзан эса бир нечта автобус бир вақтда келишига тўғри келмоқда. Транспорт вазирлиги Vaqt.uz’га буни эски автобуслар, техник носозликлар ва йўллардаги тирбандликлар билан изоҳлади.

Транспорт вазирлиги автобуслар кечикиши ва бир бекатга учта автобус бир вақтда келиб қолишига изоҳ берди

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Oмаров 16-октабр куни бўлиб ўтган матбуот анжумани аввалида Тошкентда автобуслар оралиғидаги интерваллар қисқарганини маълум қилди. Унинг айтишича, 2022-йилда янги тизим жорий этилган пайтда автобуслар оралиғидаги интервални 13 дақиқа атрофида ушлаб туришга ҳаракат қилинган бўлса, ҳозир ўртача интервал 8–10 дақиқани ташкил этмоқда.

«Баъзи йўналишларда 12–14 дақиқа бўлиши мумкин, баъзи йўналишларда эса 6–8 дақиқа. Ўртача интервал 8–10 дақиқани ташкил этади. Аввалги даврдаги 20 дақиқа ёки ярим соатлаб кутиш ҳолатларидан воз кечилди», — деди Oмаров.

Бироқ матбуот анжуманида айрим йўналишларда автобусларни узоқ кутиш ва бир нечта автобуснинг бир вақтда етиб келиши ҳолатлари ҳам муҳокама қилинди. 

Vaqt.uz мухбири Тошкентнинг марказий ҳудудларидан узоқлашган сари автобуслар оралиғидаги интервал узайиши, айрим йўналишларда кутиш вақти 13–15 дақиқага етиши, ҳатто автобусни 23 дақиқа кутишга тўғри келиши мумкинлиги ҳақида савол берди.

Автобуслар оралиғидаги интерваллар нимага боғлиқ?

Ўмаровнинг айтишича, автобуслар оралиғидаги интервал йўналишнинг умумий масофаси ва унга ажратилган автобуслар сонига боғлиқ. Автобуслар сони эса йўловчилар оқимидан келиб чиқиб белгиланади.

«Интервал нимадан шаклланади? Умумий масофани ўлчаймиз ва шу йўналишга қўйилган автобуслар сонини ҳисобга оламиз. Автобуслар сони эса йўловчилар оқимидан келиб чиқиб белгиланади», — деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, Тошкентдаги 170 та йўналиш орасида автобуслар 15–16 дақиқада бир келадиганлари ҳам бор. Шу билан бирга, у 23 дақиқалик интервалга эга йўналиш мавжудлигини тасдиқламади.

Эски автобуслар ва тирбандликлар ҳам таъсир қилади

Вазир ўринбосари автобуслар кечикишининг сабабларидан бири сифатида транспорт воситаларининг техник ҳолатини кўрсатди. Унинг айтишича, «Тошшаҳартрансхизмат» тасарруфида турли йилларда ишлаб чиқарилган автобуслар бор. Айримларининг фойдаланиш муддати тугагани сабабли уларда носозликлар юзага келиши мумкин.

«Эски автобусларда, масалан, битта йўналишга 10 та автобус қўйилган бўлса, уларнинг орасида бузилиш ҳолатлари бўлиши мумкин», — деди Oмаров.

Унинг маълум қилишича, аввал автобусларда ташилган йўловчилар сони 600–900 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1,5 миллионга етган. Йўловчилар оқимининг ортиши ҳам жамоат транспортига бўлган талабни оширмоқда.

Автобуслар ҳаракатига йўллардаги тирбандликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари ҳам таъсир қилиши мумкин. Масалан, авариядан кейин транспорт воситалари ҳодиса жойида туриб қолса, бу автобусларнинг ҳаракат жадвали бузилишига олиб келади.

Тошкентга 200 та янги электробус олиб келиш режалаштирилган

Ўмаров автобуслар паркини янгилаш ишлари давом этаётганини ҳам маълум қилди. Унинг айтишича, 2026-йил охиригача ёки 2027-йилнинг биринчи чорагида Тошкентга 200 та янги электробус олиб келиш режаси бор.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, янги автобусларнинг олиб келиниши техник носозликлар сабабли юзага келадиган кечикишларни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

Нега бир бекатга бир нечта автобус бир вақтда келади?

Айрим ҳолатларда бир бекатга икки ёки трита автобуснинг бир вақтда етиб келиши ҳам кузатилади. Oмаров буни автобуслардан бирининг кечикиши билан изоҳлади.

12

 


Manba: Ijtimoiy tarmoqlardan ekran tasviri

 

«Биринчи автобус турли сабабларга кўра ўз интервалига кеч қолиши мумкин. Иккинчи автобус эса белгиланган интервал бўйича ҳаракатланаверади. У биринчи автобусни кутиб туриши шарт эмас, акс ҳолда кейинги интерваллар ҳам бузилиши мумкин», — деди у.

Вазир ўринбосарининг тушунтиришича, шу сабабли айрим бекатларда бир нечта автобус бир вақтда тўхташи мумкин. Унинг қайд этишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Автобуслар ҳаракати қандай назорат қилинади?

Oмаровнинг айтишича, автобусларнинг ҳаракати GPS тизими орқали кузатиб борилади. Мониторинг маркази ходимлари йўналишлардаги автобусларни назорат қилади. Агар автобус тўхтаб қолса, ташувчи билан боғланиб, бунинг сабаби аниқланади. Техник носозлик юза галганда эса захира автобусини йўналишга чиқариш чоралари кўрилиши керак.

«Барча автобуслар GPS билан жиҳозланган. Агар автобус бекатга кеч борса, бу ташувчига давлат томонидан тўланадиган маблағдан чегирма қилишга сабаб бўлиши мумкин. Бу сифат кўрсаткичларидан бири ҳисобланади», — деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, назорат фақат ҳаракат интерваллари билан чекланмайди. Автобуснинг тозалиги ва ҳайдовчининг белгиланган формада бўлиши каби талаблар ҳам ҳисобга олинади.

Ўмаров айрим йўналишларда интерваллар бузилаётганини инкор этмади ва бу ҳолатларни қўшимча ўрганиш бўйича топшириқ беришини билдирди. Ҳозирча интервалларни барча йўналишларда қисқартириш бўйича аниқ муддатлар маълум қилинмади.

Тадбирда кўрилган бошқа масалалар:

•  Тошкентда йўл ҳақи оширилганига қарамай, жамоат транспорти харажатларининг асосий қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланишда давом этади. Ҳозирда пойтахтда бир йўловчини ташиш таннархи 5 минг 580 сўмни ташкил этмоқда.

• Тошкентда жамоат транспортида нақд тўлов тизимининг бекор қилиниши ҳайдовчилар ўртасидаги йўловчи талашиш ҳолатларини камайтириш ва тушумларни автоматлаштиришга хизмат қилган.

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Oмаровнинг айтишича, нақд пулсиз тўлов тизимига ўтилгач, жамоат транспорти харажатларининг йўловчилар тўловлари ҳисобидан қопланадиган улуши 30–32 фоиздан 40 фоиздан юқори даражага кўтарилган.

• Тошкентда тунги автобус йўналишларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Улар аэропорт, темирйўл вокзаллари ва 24/7 режимида ишлайдиган кўчаларни қамраб олиши мумкин. Ҳозирда ташувчилар фикри ўрганилиб, лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid