Транспорт воситалари учун нақдсиз ҳисоб-китоблар ноқулайлик туғдирмади — Марказий банк

Bugun 10:521 daqiqa

2025 йилда Тошкент жамоат транспортида транзакциялар 692 миллионга етди, нақдсиз тўловлар кескин ошди.

Транспорт воситалари учун нақдсиз ҳисоб-китоблар ноқулайлик туғдирмади — Марказий банк

2025 йилда жамоат транспортида жами 692 миллион транзакция амалга оширилган. Бу ҳақда айрим тўловларни нақдсиз шаклда амалга ошириш тартиби юзасидан ўтказилган медиа мулоқотда маълум қилинди.

Мазкур кўрсаткич 2024 йилдаги 510 миллион транзакцияга нисбатан 36 фоизга кўп. Транспорт карталари орқали 213 миллион транзакция қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 52 фоизга ошган.

Шунингдек, мобил иловалар ва виртуал карталар орқали амалга оширилган тўловлар 234 фоизга кескин кўпайган. Бу транспорт соҳасида рақамли тўлов тизимлари кенг жорий этилаётганини кўрсатади.

Йўловчилар оқими ҳам ўсган. 2025 йилнинг биринчи ярмида жамоат транспортидан фойдаланганлар сони 206 миллионни ташкил этган. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 48 миллионга ёки 31 фоизга кўп.

Умуман олганда, мамлакат бўйича ҳам тўловлар ҳажми ошган. 2025 йилда аҳолига амалга оширилган тўловлар 692 миллиард сўмни ташкил этиб, бу 2024 йилга нисбатан 16 фоизга кўп. Нақд пул ечиб олиш даражаси эса 13–14 фоиз атрофида шаклланган.

Транспортда нақдсиз тизим жорий этилиши аҳолининг ушбу тизимга тез мослашганини кўрсатмоқда.

“Нақд пул бекор қилинганидан кейин аҳоли тез ва табиий равишда рақамли тўловларга мослашган. Транспорт воситалари учун нақдсиз ҳисоб-китоблар фуқаролар учун ҳеч қандай ноқулайлик келтирмади”, — деди Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев.

Teglar

Mavzuga oid