Тунги автобуслар, йўл ҳақи ва бекатлар: вазирлик нима деди?
Тошкентда йўл ҳақи нега 47 фоизга ошди? Автобуслар орасидаги интерваллар қачон қисқаради ва тунги автобуслар қачон қатнай бошлайди? Транспорт вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида жамоат транспорти билан боғлиқ муаммо ва эътирозларга изоҳ берилиб, соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
16-октябр куни Транспорт вазирлиги томонидан жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда соҳадаги сўнгги беш йиллик ишлар сарҳисоб қилиниб, Тошкент ва ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш, йўловчилар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Матбуот анжуманида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Тошкент вилоятидан пойтахтга қатновчилар учун транспорт имкониятларини кенгайтириш, автобуслар оралиғидаги интервалларни қисқартириш, метро ва электр поездлар фаолиятини ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ҳудудлар кесимида тарифларни белгилаш, бекатлар инфратузилмасини яхшилаш ва жамоат транспорти қатновларини ташкил этиш билан боғлиқ саволларга жавоб берилди.
Vaqt.uz мухбири анжуманда йўл ҳақининг 47 фоизга оширилиши ва бу ўзгаришнинг жамоат транспортини молиялаштиришга таъсири ҳақида савол берди. Хусусан, йўл ҳақи оширилганидан кейин давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар камаядими, деган масала кўтарилди. Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров амалдаги тизимда ташувчиларга босиб ўтилган километр ва кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўланишини, харажатларнинг етишмаган қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланишини маълум қилди.
Анжуманда нақд тўлов тизимининг бекор қилиниши, ҳайдовчилар учун кунлик режа амалиётидан воз кечилиши, ATTO тизимидаги кунлик, ойлик ва йиллик тарифлар ҳам муҳокама қилинди. Бундан ташқари, йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан жарималар, автобус ҳайдовчиларининг муомаласи, автобуслар орасидаги узоқ интерваллар ва кечки рейслар билан боғлиқ муаммолар юзасидан саволлар берилди.
Журналистлар тунги автобуслар қачон ишга туширилиши, Самарқанддаги автобус бекатлари ҳолати ҳамда метрода пандуслар билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратди. Мутасаддилар жамоат транспортдан фойдаланиш қулайлигини ошириш ва йўловчиларни қийнаётган муаммолар юзасидан фикр билдирди.
Матбуот анжуманида кўтарилган барча мавзулар, журналистларнинг саволлари ва мутасаддиларнинг жавобларини қуйидаги тўлиқ видеода томоша қилишингиз мумкин.
Teglar






