Умид денгизи: Қозоғистонда Шимолий Орол қайта тикланмоқда
Бир вақтлар экологик фалокат рамзига айланган Орол денгизининг шимолий қисми ҳаётга қайтмоқда. Кўкарал тўғони қурилиши сув сатҳини ошириш ва минтақада иқтисодий фаолликни қайта тиклаш имконини берди.
© altyalash.kzШимолий Орол ҳаётга қайтмоқда. Ноёб экологик лойиҳа 30 йил аввал амалга ошиши мумкин эмасдек туюлган ишни рўёбга чиқаришга ёрдам берди. Бир вақтлар ягона бўлган сув ҳавзасининг бир неча қисмга ажратилиши унинг шимолий қисми учун қутқарувчи ечим бўлди.
Бугун илк сунъий денгиз – Кичик Орол янги қиёфа касб этмоқда, деб хабар берди «24.kz» телеканали.
Ўтган асрнинг 60-йилларида Орол денгизи майдони бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллаганини телеканал эслатиб ўтди. Сув ҳавзаси қарийб 70 минг квадрат километр ҳудудни қамраб олган эди. Бироқ сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиш экологик фалокатга олиб келди: Орол ўз ҳажмининг тўртдан уч қисмини ва сув юзасининг ярмидан кўпроғини йўқотди.
«Мустақилликнинг дастлабки йилларида минтақа ҳатто тугатилиши мумкин бўлган ҳудуд сифатида кўриб чиқилган эди. Орол тез суръатларда чекиниб борар, заводлар ёпилар, аҳоли оммавий равишда ўз уйларини тарк этаётган эди. Қутқарув йўли сифатида «Сирдарё дарёси ўзанини тартибга солиш ва Орол денгизининг шимолий қисмини сақлаб қолиш» лойиҳаси амалга оширилди. У сувни қайтарди, сув билан бирга соҳил бўйидаги овуллар ҳам яна жонланди», – деди вилоят маслиҳати депутати Жўрабек Нуримбетов.
Кўкарал тўғони

Ушбу лойиҳа доирасида 2005-йилда қурилган Кўкарал тўғони Оролни тиклашнинг асосий рамзига айланди. Узунлиги 13 километр бўлган бетон иншоот сувнинг беҳуда оқиб кетишини тўхтатиб, денгизнинг шимолий қисми – Кичик Оролни сув билан тўлдириш имконини берди. Илгари Орол шаҳри билан денгиз ўртасидаги масофа 70 километрни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 17 километргача қисқарган.
«Бугунги кунда Кичик Оролда 23,5 миллиард куб метрдан ортиқ сув тўпланган. Кўкарал тўғони сув сатҳини Болтиқ тизими бўйича қарийб 41 метргача кўтариш имконини берди. Ҳозирги сув оқими секундига 45 куб метрни ташкил қилмоқда, бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баробар юқори. Йил бошидан буён денгизга 830 миллион куб метр сув келиб тушди. Бир йиллик режа эса икки миллиард куб метрни ташкил этади», – дея тушунтирди «Орол–Сирдарё бассейн сув инспекцияси» раҳбари Зейнулла Қазтоғанов.
Балиқчилик

Илгари Оролнинг шўр сувида фақат камбала балиғи яшарди. Ҳозир эса бу ерда 20 дан ортиқ турдаги балиқ учрайди. Балиқчилик соҳаси қайта тикланиб, қайта ишлаш заводлари ишга тушди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари таъкидлашича, минтақа энди қутқариш босқичидан барқарор ривожланиш босқичига ўтган. Ҳозирда Жаҳон банки кўмагида Шимолий Оролни сақлаб қолиш бўйича янги лойиҳа ҳам ишлаб чиқилган.
«Амалдаги сатҳни яна икки метрга ошириб, Болтиқ тизими бўйича 44 метрлик кўрсаткичга етказиш орқали бир сатҳли денгиз яратиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу лойиҳа, биринчи навбатда, Орол денгизи сув юзасини 3,1 минг квадрат километрдан 3,9 минг квадрат километргача кенгайтириш имконини беради. Шунингдек, сув ҳажми лойиҳавий кўрсаткичгача етказилиб, яна 7 миллиард куб метр сув қўшилади. Бу келажакда балиқчилик хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилади ва саноат миқёсидаги ов ҳажми йилига 15–16 минг тонна балиққа етиши мумкин», – деди Қизилўрда вилояти ҳокими ўринбосари Бахит Жаханов.
Бугун Орол ҳали ўзининг аввалги қирғоқларига тўлиқ қайтганича йўқ. Бироқ у энди фалокат рамзи эмас. Энди у умид рамзига айланган, дейилади материалда.





