UNCTAD Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши қўшнилариникидан қандай фарқ қилишини айтди
Мамлакатнинг кўрсаткичи 2026-йилда Қирғизистон учун прогноз қилинган кўрсаткичлардан паст, Тожикистонникидан баланд. Аммо жаҳон иқтисодиётининг ўртача ўсиш суръати 2,6 фоиздан анча юқори.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaБМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) 9-октябр куни эълон қилган янги ҳисоботга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026-йилда 7,9 фоизга ўсиши кутилмоқда.
UNCTADнинг «2026 йилги савдо ва тараққиёт ҳисоботи»да Қирғизистон иқтисодиёти 8,8 фоизга, Тожикистон иқтисодиёти эса 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинган.
Шунга кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръати Қирғизистонникидан 0,9 фоиз бандга паст, Тожикистонникидан эса 1,3 фоиз бандга баланд бўлиши кутилмоқда. Шундай бўлса-да, Тожикистон иқтисодиёти учун прогноз қилинган ўсиш суръати жаҳон бўйича кутилган ўртача кўрсаткичдан анча юқори.
UNCTAD прогнози бошқа ташкилотларнинг баҳолари билан қандай фарқ қилади?
Ўзбекистон иқтисодиётининг 2026-йилдаги ўсиши бўйича халқаро молиявий ташкилотларнинг прогнозлари бир-биридан фарқ қилади. Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) 7,9 фоиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) эса 7,5 фоиз ўсишни прогноз қилган.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) иқтисодий ўсишни 6,7 фоиз даражасида баҳолаган. Жаҳон банки прогнози 7,9 фоиз, Халқаро валюта жамғармасиники (ХВЖ) эса 6,8 фоизни ташкил этади.
Жаҳон иқтисодиёти ўсиши секинлашиши кутилмоқда
UNCTAD прогнозларига кўра, жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръати 2025-йилдаги 2,9 фоиздан 2026 йилда 2,6 фоизгача пасаяди. Ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти эса ўртача 4 фоизга ўсиши кутилмоқда. 2025-йилда бу кўрсаткич 4,7 фоизни ташкил этган.
Шунга қарамай, товарлар ва хизматларнинг жаҳон савдоси инфляция таъсири ҳисобга олинган ҳолда тахминан 4 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
UNCTAD маълумотларига кўра, Осиё 2026-йилда ҳам жаҳон иқтисодий ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиб қолади. Минтақа ҳиссаси жаҳон иқтисодиёти умумий ўсишининг 59 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.
Ташкилот прогнозларига кўра, 2026-йилда Ҳиндистон иқтисодиёти 7,3 фоизга, Мўғулистонники 7 фоизга, Индонезияники 5,2 фоизга, Хитойники 4,5 фоизга ва Ветнамники 7,8 фоизга ўсади.
UNCTAD геосиёсий кескинликлар, энергия нархларининг кўтарилиши ва халқаро савдодаги ўзгаришлар жаҳон иқтисодиётининг келгуси истиқболларига салбий таъсир кўрсатаётганидан огоҳлантирмоқда. Ривожланаётган мамлакатлар технологиялар, молиялаштириш манбалари ва халқаро бозорларнинг юқори ўсиш суръатига эга сегментларига киришда ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда.
1964-йилда ташкил этилган UNCTAD — БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси бўлиб, савдо, инвестиция, молия ва технологиялар орқали мамлакатлар, айниқса, ривожланаётган давлатлар иқтисодий тараққиётига кўмаклашади.
Бош қароргоҳи Женевада жойлашган ташкилот иқтисодий тадқиқотлар олиб боради, статистик маълумотлар ва прогнозларни эълон қилади, шунингдек, ҳукуматларга иқтисодий сиёсат бўйича тавсиялар беради. Ўзбекистон ташкилотнинг 195 аъзо давлатидан бири ҳисобланади.





