Уй-жойдан тортиб товон пулигача: Роғун ГЭСи қурилишида ишчилар учун қандай қоидалар ўзгарди?
«S&P Global Ratings» бутун лойиҳани якунлаш учун яна тахминан 5,8 миллиард доллар керак бўлиши ва ишлар 2035-йилгача тугатилиши кутилаётганини айтганди. Энди лойиҳани якунлаш қиймати ҳам ўзгарди.
Қурилиш майдонида ишчиларнинг шикоятларини қабул қилиш учун рақамли тизим жорий этилди. Бироқ ортиқча ишлаш, яшаш шароити ва транспорт билан боғлиқ муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Роғун ГЭСи қурилишида ишлаётган ходимлар учун меҳнат муносабатларини бошқариш қоидалари янгиланди. Янги ҳужжатда ходимларни ишга қабул қилиш ва бошқариш тартиби, меҳнат шароитлари, хавфсизлик талаблари ҳамда ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари белгиланган.
Ҳужжатнинг янгиланган таҳрири 2026-йил сентябр ойида тайёрланган ва «Роғун ГЭСи» очиқ акциядорлик жамиятининг расмий сайтида эълон қилинган.
Ушбу қоидалар Тожикистон қонунчилиги ҳамда Жаҳон банкининг меҳнат муносабатлари ва меҳнат шароитларини тартибга солувчи ESS2 экологик ва ижтимоий стандартини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда келтирилишича, 2026-йил август ҳолатига кўра, Роғун ГЭСи қурилишида 20 минг 563 киши ишлаган. 2023-йилнинг охирида ишчилар сони 14 минг 877 нафар бўлган. Демак, уч йилга яқин вақт ичида ходимлар сони қарийб 38 фоизга ошган.
Қандай қоидабузарликлар аниқланган ва уларни бартараф этиш учун нима қилинган?
2024-йил феврал ойидаги ҳужжатда Роғун ГЭСи қурилиш майдонида 2023-йил март ойида ўтказилган текширув давомида аниқланган қоидабузарликлар ҳақида маълумот берилган эди.
Айрим пудратчилар билан тузилган меҳнат шартномаларида иш ҳақи, иш вақти, танаффуслар ва дам олиш муддатлари ҳақида тўлиқ маълумот бўлмаган. Шунингдек, иш ҳақини кечиктириб тўлаш ва 12 соатлик сменада ишлайдиган ходимларни қўшимча ишларга жалб қилиш ҳолатлари аниқланган.
Текширув давомида ишчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, қурилишнинг айрим қисмларини ёритиш ва ускуналар хавфсизлиги билан боғлиқ камчиликлар ҳам аниқланган. 2024-йилги ҳужжатда бу муаммоларни бартараф этиш чоралари белгиланган эди.
2026-йил сентябр ойидаги янгиланган ҳужжатда эса меҳнат шартномаларини расмийлаштириш ва иш ҳақини тўлаш бўйича талаблар белгиланган ҳамда амалда экани қайд этилган.
Энди пудратчилар ишчиларга иш ҳақи, иш вақтининг давомийлиги, дам олиш кунлари, таътил ва касаллик таътиллари ҳақида тўлиқ маълумот берилган меҳнат шартномаларини тақдим этиши шарт. Шартлар ишчи тушунадиган тилда, асосан тожик тилида ёзилиши керак.
Иш берувчилар иш ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида тўлаши шарт. Бир сменада 12 соат ишлайдиган ходимларни қўшимча ишларга жалб қилиш тақиқланган.
Бу талаблар аввалги ҳужжатда ҳам бор эди. Бироқ 2024-йилги таҳрирда уларни амалиётга жорий этиш ҳақида гап кетган бўлса, 2026-йилги ҳужжатда улар аллақачон белгиланган қоидалар сифатида кўрсатилган.
Шу билан бирга, ҳужжатда барча қоидабузарликлар тўлиқ бартараф этилгани тасдиқланмаган. Аксинча, лойиҳа давомида меҳнат шартномаларини тўлиқ расмийлаштирмаслик, ишчиларни ортиқча ишлатиш ва маошни кечиктириш ҳолатлари учрагани тан олинган. Бироқ сўнгги вақтларда бундай ҳолатлар нечта бўлгани ва қайси пудратчилар бунга йўл қўйгани очиқланмаган.
Иш сменалари қайта кўриб чиқилади
Янги ҳужжатдаги ўзгаришлардан бири ишчиларнинг сменали ишлаш тартибига тааллуқли.
Қурилишда ишлайдиганларнинг катта қисми 12 соатлик кундузги ёки тунги сменаларда меҳнат қилади. Ишчилар 15 кунлик смена асосида ишлайди. Ҳужжатда бундай иш жадвали Тожикистон Меҳнат кодексидаги чекловларга мос келиши ёки келмаслигини текшириш зарурлиги айтилган.
Ҳужжатда келтирилган меъёрларга кўра, одатдаги иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак. Хавфли, зарарли, оғир ва ер остидаги ишларда эса ҳафталик иш вақти 35 соатдан кўп бўлмаслиги лозим.
Лойиҳа раҳбарияти пудратчилар билан биргаликда амалдаги иш жадвалларини, дам олиш муддатларини ва ишчиларнинг ҳаддан ташқари чарчаб қолишининг олдини олиш чораларини қайта кўриб чиқиши керак.
Мумкин бўлган ечимлардан бири сифатида кунлик иш сменаларини қисқартириш кўриб чиқилмоқда. Бироқ ҳужжатда иш жадвалини ўзгартириш бўйича якуний қарор қабул қилингани айтилмаган.
Ишчиларнинг турар жойига қўйиладиган талаблар аниқлаштирилди
Янгиланган ҳужжатда ишчиларнинг яшаш шароитларига қўйиладиган талаблар батафсилроқ баён этилган.
Агар мамлакат қонунчилигида бундан ҳам қатъий талаблар белгиланмаган бўлса, ётоқхонадаги ҳар бир кишига камида 4–5,5 квадрат метр жой ажратилиши, хонанинг баландлиги эса камида 2,1 метр бўлиши керак.
Ҳар бир ишчига алоҳида каравот, тоза матрас, кўрпа-тўшак ва шахсий буюмларини сақлаш учун жой берилиши лозим.
Эндиликда кундузги ва тунги сменада ишлайдиган ходимларнинг битта каравотдан навбат билан фойдаланиши тақиқланади. Бироқ 15 кунлик турли сменаларда ишлайдиган ходимлар бир каравотдан навбат билан фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, хоналарда шамоллатиш, иситиш ва ёритиш тизимлари, ҳожатхоналар, душхоналар, ичимлик суви ҳамда ёнғин хавфсизлиги бўйича талаблар белгиланган.
Аёл ишчиларнинг яшаш шароитларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Улар учун алоҳида санитария хоналари, хавфсиз ёритиш ва шахсий дахлсизликни таъминлаш талаблари назарда тутилган.
Бироқ ҳужжатда айрим яшаш шароитлари ҳамон талаб даражасида эмаслиги тан олинган.
2026-йил ўрталаридаги ҳолатга кўра, ишчиларни сифатсиз тураржой билан таъминлаган пудратчилар биноларни таъмирлаш ва замонавийлаштириш ишларини давом эттирган. Сув омборидаги сув сатҳи кўтарилиши сабабли эски ётоқхоналарнинг айримлари ўрнига янгилари қурилмоқда.
Шикоятлар учун рақамли тизим яратилди
2024-йилги ҳужжатда қурилишдаги барча ишчилар фойдалана оладиган ягона шикоятларни кўриб чиқиш тизими мавжуд эмаслиги қайд этилган эди.
Янги таҳрирда эса бундай тизим яратилгани маълум қилинган. Бундан ташқари, ишчилар мурожаат юбориши мумкин бўлган eFeedback рақамли платформаси жорий этилган.
Ушбу тизим орқали шикоятларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш учун масъул шахсларни белгилаш, мурожаатларнинг ҳолатини кузатиш ва ҳал этилмаган масалаларни назорат қилиш мумкин.
Ишчилар шикоятларини бошқа йўллар билан ҳам юбориши мумкин. Бунинг учун шахсан мурожаат қилиш, телефон, электрон почта, WhatsApp, SMS ёки махсус шикоят қутиларидан фойдаланиш мумкин. Аноним, яъни ўз исмини ошкор қилмасдан мурожаат юбориш имконияти ҳам мавжуд.
Ҳужжат муаллифлари илгари норасмий каналлар орқали келиб тушган мурожаатлар ҳар доим ҳам тегишли тартибда рўйхатга олинмагани ва кузатиб борилмаганини ҳам тан олган.
Эндиликда мурожаатларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш кучайтирилиши керак. Дастлабки босқичда шикоятларни кўриб чиқиш учун пудратчилар жавобгар бўлади. Умумий назоратни эса лойиҳа раҳбарияти ва «Bureau Veritas» компанияси амалга оширади.
Хавфсизлик назорати учун янги компания жалб қилинди
2026-йил 1-июлдан бошлаб пудратчиларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик ва экологик талабларга риоя этишини назорат қилиш вазифаси халқаро «Bureau Veritas» компаниясига топширилди.
Аввал бу масалалар буюртмачи вакили амалга оширадиган умумий қурилиш назорати тизимига кирган эди.
Энди «Bureau Veritas» пудратчилар ва субпудратчиларнинг хавфсизлик талабларига риоя этиши, ишчиларнинг яшаш шароитлари ҳамда шикоятларни кўриб чиқиш тизимини алоҳида назорат қилади.
Ҳужжатда пудратчилар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича режалар ишлаб чиққани ва улар мунтазам равишда қайта кўриб чиқилиши кераклиги айтилган.
Белгиланган талаблар қуйидагиларни ўз ичига олади:
— Ишчилар учун мажбурий хавфсизлик йўриқномаларини ўтказиш;
— Ускуналарни ҳар куни текшириш;
— Ходимларни шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминлаш;
— Иш жойидаги бахтсиз ҳодисаларни қайд этиб бориш.
Ишчилар иш бошлашдан олдин, ҳар йили ва меҳнат муносабатлари тугатилаётганда тиббий кўрикдан ўтиши керак.
Ишдаги бахтсиз ҳодисалар учун товон пули
Янгиланган ҳужжатга ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар, ногиронлик ва ишчининг ҳалок бўлиши ҳолатларида товон пули тўлаш тартиби батафсил ёритилган янги бўлим киритилган.
Ҳужжатда келтирилган Тожикистон Меҳнат кодекси меъёрларига кўра, ишдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ногирон бўлиб қолган ходимга камида 12 ойлик ўртача иш ҳақи миқдорида бир марталик нафақа тўланиши керак.
Агар ишчи ҳалок бўлса, унинг қарамоғида бўлган шахсларга марҳумнинг 60 ойлик ўртача иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган бир марталик товон пули берилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган ҳолларда йўқотилган даромад, жароҳат билан боғлиқ харажатлар ва маънавий зарар учун ҳам компенсация тўланиши мумкин.
Бу талаблар қонунчиликка эндигина киритилган янги қоидалар эмас. Улар 2026-йилги ҳужжатда батафсилроқ тушунтириб берилган.
2025-йил январ ойида Саноатдаги ишлар хавфсизлиги устидан давлат назорати хизмати раҳбари Санъат Раҳим бешинчи гидроагрегатда иш олиб бориш вақтида хавфсизлик қоидалари бузилганини текширув аниқлаганини айтган эди.
Унинг сўзларига кўра, масъул шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, техник текширув материаллари эса Роғун прокуратурасига топширилган.
Ишчиларни ташиш муаммоси ҳамон сақланиб қолмоқда
Янги ҳужжатда қурилиш майдонида ишчиларни бир жойдан бошқа жойга олиб борадиган ягона марказлашган транспорт тизими ҳануз мавжуд эмаслиги ҳам қайд этилган.
Айрим пудратчилар транспорт ажратади. Бироқ ишчилар кўпинча иш жойига пиёда ёки йўлда тўхтаган машиналарга чиқиб боришга мажбур бўлмоқда.
15 кунлик иш сменаси тугагач, ходимларни уйларига қайтариш масаласи ҳам ҳар доим ҳам ҳал этилмаяпти. Бу иш берувчиларнинг ваъдalarига қарамай юз бермоқда.
Ҳужжатда транспорт тизимини янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.
Қурилиш лойиҳаси йўлларида ҳар куни 2 мингдан ортиқ автомобиль ва бошқа ҳаракатланувчи техника ишлатилади. Бу эса йўл ҳаракати ва ишчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб қилади.
Қурилиш муддатлари ўзгарди
Янги ҳужжатда Роғун ГЭСи тўғонини қуриб битказишнинг тахминий муддати ҳам ўзгартирилган.
2024-йилги ҳужжатда қурилишни тахминан 2029-йилда тугатиш кўзда тутилган бўлса, янги таҳрирда бу муддат 2032-йил деб кўрсатилган.
Лойиҳани якунлаш қиймати ҳам ўзгарган: аввал 4,9 миллиард доллар деб баҳоланган бўлса, эндиликда 6,6 миллиард доллар деб кўрсатилган.
Бу рақамлар лойиҳа ҳужжатларида келтирилган баҳолардир. Улар айнан шу миқдордаги маблағ ҳали сарфланиши кераклигини англатмайди.
Аввалроқ халқаро рейтинг агентлиги «S&P Global Ratings» баҳосига кўра, бутун лойиҳани якунлаш учун яна тахминан 5,8 миллиард доллар керак бўлиши ва ишлар 2035-йилгача тугатилиши кутилаётгани айтилганди.
Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, тўғон қурилишини тугатиш билан бутун гидроэнергетика мажмуасини якунлаш бир хил босқич эмас.
Роғун ГЭСи ҳақида
Роғун ГЭСи Душанбе шаҳридан тахминан 110 километр узоқликда, Вахш дарёсида қурилмоқда.
Қурилиш тугагач, станциянинг умумий ўрнатилган қуввати 3 780 мегаваттни ташкил этади. Бу ерда ҳар бирининг қуввати 630 мегаватт бўлган олтита гидроагрегат ўрнатилиши режалаштирилган.
ГЭС йилига тахминан 14,4 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Иккита гидроагрегат 2018 ва 2019-йилларда ишга туширилган. Ҳозир улар тўлиқ қувватда ишламаяпти.
Тўғоннинг лойиҳа бўйича баландлиги 335 метрни ташкил этади. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, унинг баландлиги 190 метрга етган. Тўғон қурилишида ишлатилган материаллар ҳажми эса режалаштирилган умумий миқдорнинг 61 фоизидан ошган.
2008-йилдан буён Роғун ГЭСи қурилишига давлат бюджети ва бошқа манбалардан жами 60,3 миллиард сомоний йўналтирилган.
Лойиҳанинг янгиланган ҳужжатига кўра, тўғонни қуриб битказиш тахминан 2032-йилга, сув омборини эса лойиҳа бўйича белгиланган тўлиқ сатҳгача тўлдириш 2036-йилга режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллиардлаб пул тикилаётган Роғун лойиҳасидан Ўзбекистонга келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида ёзган эдик.





