Хитой ҳамма ерда: қандай қилиб мамлакат Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорига айланди?
Бир неча йил аввал Россия Ўзбекистон иқтисодиётида асосий ҳамкор давлат эди. Бироқ, ҳозир вазият ўзгариб Хитой катта фарқ билан Россиядан ўтиб кетишга улгурди. Бу қандай амалга ошди? Хитой билан ҳамкорлик хавф туғдирадими? Нима қилиш керак? Булар ҳақида Vaqt.uz’да танишинг:

Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, Ўзбекистонга 2025 йил давомида кириб келган хорижий инвестициялар ва кредитларнинг 40 фоизи Хитойга тўғри келган. Йилнинг 9 ойида 25 млрд долларлик инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, Хитойнинг сармоялари бунда қарийб 10 млрд долларни ташкил қилади.
Таққослаш учун инвестициялар бўйича Хитойдан кейинги ўриндаги 5 та давлат улуши атиги 26 фоизни ташкил қилади. Бу йирик фарқнинг ўзи Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий муносабатлар қанчалик жиддий эканини кўрсатади.
Хорижий инвестициялар бўйича аввалги йилларда Россия ва Туркиянинг ҳам улуши салмоқли бўлганди.
Ўзбекистон хориж капитали иштирокида очилган корхоналар сонида ҳам Хитой катта фарқ билан етакчилик қилмоқда.
1 февраль ҳолатига кўра, мамлакатдаги чет эл компанияларининг 28 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринларда анча фарқ билан ортда — Россия (17 фоиз), Туркия (12 фоиз) ва Қозоғистон (7 фоиз) бормоқда.
Сўнгги бир йил ичида хитойлик инвесторлар Ўзбекистон ҳудудида жами 1751 та компания очди. Бу мутлақо рекорд кўрсаткич. Иккинчи ўриндаги Туркия охирги бир йилда 300 та ҳам компания очмаган.
Хитой ҳар доим ҳам хорижий корхоналар сони бўйича етакчи бўлмаган. 2022 йилларда Россия ва Туркия бу кўрсаткич бўйича олдинда эди. Бироқ, сўнгги йилларда Хитой катта фарқ билан бошқалардан ўтиб кетишга эришди.
Хитой бошқа иқтисодий соҳаларда ҳам етакчи
Ўзбекистоннинг Хитой билан ташқи савдо айланмаси 2025 йилда 17,2 млрд долларни ташкил қилди ва бу биринчи кўрсаткич бўлди. Кейинги ўриндаги Россия билан 12,9 млрд долларлик савдо қилинган.
Йил давомида Хитой билан Россияга нисбатан 33 фоизга кўпроқ ташқи савдо қилинган бўлса, 2024 йилда бу фарқ атиги 5,8 фоизни ташкил қилганди.
Давлат ташқи қарзида ҳам давлатлар кесимида Хитой биринчи ўринда турибди — 3,7 млрд доллар. Иккинчи ўриндаги Япониядан Ўзбекистоннинг 3,1 млрд доллар қарзи бор.
Янги темир йўл — иқтисодий ҳамкорликка янги драйвер
Узоқ йиллардан бери Хитойни Марказий Осиё билан боғловчи темир йўл қуриш лойиҳаси муҳокама қилинади. Бир неча йиллардан бери «Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон» темир йўлини қуриш бўйича бу учта давлат ўртасида музокаралар олиб борилмоқда.
Темир йўл лойиҳасининг умумий қиймати 4,7 млрд долларга баҳоланмоқда. Лойиҳанинг асосий молиялаштирувчиси Хитой бўлади.

4,7 млрд долларлик маблағнинг 2,3 млрд доллари Хитой томонидан 35 йил муддатга кредит сифатида тақдим этилади.
Қолган 2,4 млрд доллар уч давлат томонидан қуйидагича молиялаштирилади: Хитой — 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон — ҳар бири 24,5 фоиздан.
Темир йўл узунлиги 533 км бўлиб, шундан тахминан 312 км Қирғизистон ҳудудидан ўтиши режа қилинган. Лойиҳа 2030 йилгача амалга оширилиши режа қилинган.
«Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон» темир йўли ишга туширилиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини янада ошириши кутилмоқда.
Нега айнан ҳозир иқтисодий алоқалар кучайиб кетди?
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори Россия бўлиб келган эди. Ташқи савдодан тортиб, инвестициягача Россия етакчилик қиларди.
2022 йилда бошланган Россия ва Украина ўртасидаги уруш туфайли Россияга Ғарб мамлакатлари томонидан санкциялар қўлланилди. Бу эса бошқа давлатлар учун иқтисодий муносабатларни давом эттиришни хавф остига қўйди.
2023 йилда Хитой иқтисодиёти пандемиядан сўнг ниҳоят тикланиши кутилганди. Аммо иқтисодий ўсиш бўйича ўта ижобий кутилмалар ўзини оқламади.
Хитойлик маҳаллий инвесторлар эса бундай иқтисодий вазиятда потенциал ташқи бозорларни қидира бошлади ва улардан бири Ўзбекистон бўлди. Ҳамкорлик икки томонлама ҳам манфаатли эди.
Ривожланаётган ва ҳали кўп жиҳатдан тўйинмаган бозор хитойлик инвесторлар учун жозибадор бўлиб чиққан бўлса, Ўзбекистонга Россиядан қолган иқтисодий бўшлиқни тўлдириш учун бу ҳамкорлик қўл келди.
Ҳамкорлик салбий оқибатларга олиб келиши мумкинми?
Ҳа. Бир давлатга ҳаддан ортиқ иқтисодий боғлиқлик салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Ўзбекистоннинг Хитой билан ташқи савдо айланмасининг 86 фоизи импорт ҳисобланади. Бу анчагина сезиларли кўрсаткич.
Таққослаш учун 2022 йилда бу кўрсаткич нисбати 72 фоиз эди. Ўша йили асосий савдо ҳамкор Россия бўлган ва ташқи савдонинг анчагина кўпроқ қисми — учдан бири экспорт ҳисобига шаклланган.
Маълумотлар кўрсатиб турибдики, вазият у қадар барқарор эмас. Ўзбекистон ташқи савдода нисбатан балансга эга асосий ҳамкор ўрнига «кўпроқ сотиб, камроқ оладиган» Хитой билан ҳамкорлик қилмоқда.
Хитой билан импорт ва экспорт ўсиши ўртасидаги фарқ вақт ўтиши билан фақат кенгайиб бормоқда.
Таҳлилчи Тимурмалик Элмуродовнинг ёзишича, Хитойнинг асосий ҳамкорга айланаётгани «яхши» ёки «ёмон» деб якуний хулоса қилиб бўлмайди. Масаланинг икки томони бор:
«Ижобий томони: Ўзбекистонга ҳозир ҳажм, тезлик ва узоқ муддатли пул керак.
Хитой буни бера олади — ва энг муҳими, беришга тайёр. Россия ва Туркия? Улар ҳозир кўпроқ ўз ички муаммолари билан банд, ресурс ҳам, фокус ҳам чекланган.
Салбий томони: битта ҳамкор жуда катталашиб кетса, тизим сезувчан бўлиб қолади. Ҳар қандай ўзгариш (бозор, сиёсат, рисклар, пул нархи) аввалгидан кучлироқ уради.
Шунинг учун гап Хитойни «чеклаш» ёки «тўхтатиш»да эмас (бу на керак, на реал). Масала — бошқаларни қандай кўпроқ жалб қилишда», — дейди таҳлилчи.
2026 йилда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши кутилмоқда. Бу мамлакатга Европа, АҚШ ва бошқа бозорларга интилишга қисман ёрдам беради.
Иқтисодий жиҳатдан битта ҳамкорга қаттиқ боғланиб қолиш, юқорида айтилганидек, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Teglar






