Logo

Хитойда «Миллий бирдамлик тўғрисида»ги қонун кучга кирди: у уйғур ва тибетликлар учун нимани англатади?

Bugun 09:006 daqiqa

Қонун Хитой чегараларидан ташқарида ҳам амал қилади, бу эса Пекинга хориждаги мухолифларни таъқиб қилиш учун янги ҳуқуқий асос яратади.

Хитойда «Миллий бирдамлик тўғрисида»ги қонун кучга кирди: у уйғур ва тибетликлар учун нимани англатади?

Хитойда «Миллий бирдамлик тўғрисида»ги янги қонун кучга кирди. Ҳуқуқ фаоллари ва хорижий расмийлар ушбу ҳужжат камсонли миллатларнинг мажбурий ассимиляциясини тезлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Аҳолиси сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган Хитойда 55 та камсонли миллат расман тан олинган. Улар биргаликда материк Хитой аҳолисининг 8,9 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, Пекин 1 июл куни кучга кирган ушбу қонун мамлакат чегарасидан ташқаридаги шахсларга ҳам нисбатан қўлланилиши мумкинлигини эълон қилди. Бу эса ҳуқуқ ҳимоячиларининг хавотирини янада кучайтирди, чунки янги қонундан хориждаги мухолифлар ва танқидчиларга қарши қурол сифатида фойдаланилиши мумкин.

Бироқ Хитой ҳукумати Ғарб оммавий ахборот воситалари қонуннинг хорижга оид қисмини «нотўғри талқин қилганини» таъкидламоқда. Расмий Пекинга кўра, мамлакат шунчаки чет элдаги айирмачилик ҳаракатларига қарши курашиш бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланмоқчи, холос.

Хитойнинг миллий бирдамлик тўғрисидаги қонуни ўзи нима?

Хитой мазкур қонунни 12 март куни мамлакатдаги 56 та этник гуруҳ – аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ханлар ҳамда 55 та камсонли миллат ўртасида «ягона» миллий ўзликни шакллантириш мақсадида қабул қилгани айтилади.

Мамлакатдаги энг йирик камсонли миллатлар сафига қарийб 11 миллионлик уйғурлар ва 7 миллион атрофидаги тибетликлар киради. Тибет ва асосан уйғурлар истиқомат қиладиган Шинжон ҳудудлари этник озчилик вакиллари аҳолининг устувор қисмини ташкил этувчи ягона икки ҳудуд ҳисобланади.

Мазкур қонун лойиҳасини қўмитага киритган Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши депутати Лу Чинжианнинг таъкидлашича, Хитой қонун чиқарувчи органи томонидан маъқулланган ушбу ҳужжат «Хитой миллатига мансуб барча этник гуруҳлар ўртасида ягона жамият туйғусини янада мустаҳкамлаш»га қаратилган.

Қонунда барча давлат идоралари ва хусусий корхоналар, хусусан, маҳаллий ҳукумат органлари ҳамда Бутунхитой хотин-қизлар федерацияси каби давлатга алоқадор ташкилотлар миллий бирдамликни тарғиб қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Аммо танқидчиларнинг айтишича, Пекин авваллари ҳам худди шундай беозор кўринган қонунлар ортига яшириниб, тибетликлар ва уйғурларнинг ўз маданиятини намоён қилишини чеклаб келган.

«Ҳар бир этник гуруҳ вакиллари, мамлакатдаги барча ташкилот ва уюшмалар, қуролли кучлар, ҳар бир партия, ижтимоий ташкилот ва компания қонун ҳамда конституцияга асосан Хитой миллатининг ягона онгини шакллантириши ва бу масъулиятни ўз зиммасига олиши шарт», — дейилади қонун матнида.

Янги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, болаларга боғчага боргунига қадар ва ундан кейинги мажбурий таълим даврида, то ўрта мактабни битиргунича Хитой тилининг мандарин лаҳжасини ўқитиш мажбурий этиб белгиланган.

Мандарин лаҳжаси бундан аввал ҳам Ички Мўғулистон, Тибет ва Шинжон каби камсонли миллатлар зич яшайдиган барча ҳудудларда асосий таълим тили ҳисобланган. Аммо янги қонун, моҳиятан, бутун мамлакат бўйлаб камсонли миллатларнинг она тиллари асосий таълим тили бўла олмаслигини қатъий белгилаб бермоқда.

«Хитойдаги камсонли миллатлар учун мазкур қонун маданий ва сиёсий мухторият майдонини янада торайтириб юборади», – дейди Австралиядаги Ла Троб университети фахрий профессори Жеймс Лейболд «Al Jazeera» нашрига.

Замонавий Хитой тарихи ва жамиятидаги миллат, ирқ ҳамда миллий ўзлик сиёсатини тадқиқ қилувчи Лейболднинг таъкидлашича: «Бу ҳолат тибетликлар, уйғурлар, мўғуллар ва хан бўлмаган бошқа халқларга уларнинг тили, тарихи ҳамда миллий ўзлиги фақат Коммунистик партия маъқуллаган ягона Хитой миллати ғоясига мос келгандагина ҳимоя қилинишини уқтиради».

Профессорнинг тушунтиришича, амалда бу қонун мактаблар, оммавий ахборот воситалари, маданият, диний ҳаёт ва маҳаллий бошқарув тизимида мандарин лаҳжаси, партияга садоқат ҳамда ханларга асосланган миллий ўзликни биринчи ўринга олиб чиқиш учун босимни янада кучайтириши эҳтимолдан холи эмас.

«Мазкур қонун бу жараённи янгидан бошлаб бермаяпти, балки уни янада тизимли кўринишга келтиради, унга қарши чиқишни қийинлаштириб, кундалик бошқарувга янада чуқурроқ сингдиради», – дея қўшимча қилади олим.

Қонун камсонли миллатларга таъсири сабабли танқидларга учрамоқда

Хитой узоқ йиллардан буён халқаро ташкилотлар, ҳуқуқ фаоллари ва Ғарбдаги геосиёсий рақиблари томонидан камсонли миллатларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлаётганликда айбланиб келади. Пекин эса бундай даъволарни мунтазам равишда инкор этади.

2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хитой асосан мусулмон уйғурлар ва бошқа туркий халқлардан иборат камида бир миллион кишини Пекин «қайта тарбиялаш марказлари» деб атовчи лагерлар тармоғида тутиб турганини маълум қилган эди.

Пекин бу ўринда уйғурлар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақидаги айбловларни кескин рад этади. Расмийларнинг таъкидлашича, мазкур муассасалар аҳолига мандарин лаҳжасини ўргатувчи, шунингдек, экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга хизмат қилувчи оддий касб-ҳунар марказларидир.

Тибетликларнинг руҳий раҳнамоси Далай Лама ҳам 60 йилдан ортиқ вақтдан бери Ҳиндистонда сургунда яшамоқда. Гарчи унинг Хитой билан муносабатлари вақт ўтиши билан ўзгариб турган бўлса-да, Пекин уни азалдан «айирмачи» сифатида кўриб келади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари янги қабул қилинган қонун камсонли миллатларнинг маданий ва ижтимоий ҳуқуқларига путур етказишидан жиддий хавотирда.

«Хитой ҳукумати зиммасида камсонли миллатлар ва уларнинг маданиятини ҳимоя қилиш каби инсон ҳуқуқларига оид мажбуриятлар бор. Бироқ бу қонун мазкур мажбуриятларнинг тамоман аксидир. Қонун хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш ўрнига, уйғурлар, тибетликлар ва мўғуллар каби халқларни хан маданияти устунлик қиладиган, давлат томонидан сунъий белгиланган ягона миллий ўзликни қабул қилишга мажбурламоқда», – дейди «Халқаро амнистия» ташкилотининг минтақавий директори ўринбосари Сара Брукс.

Қонун Хитой чегараларидан ташқарида ҳам амал қиладими?

Ҳужжатда қайд этилишича, Хитой Халқ Республикаси чегарасидан ташқарида бўлган шахслар ва гуруҳлар ҳам «миллий бирдамлик ва тараққиётга путур етказгани ёки айирмачиликни қўзғатгани» учун қонуний жавобгарликка тортилиши мумкин.

Бу ҳолат ўзини ўзи бошқарувчи Тайванда жиддий хавотир уйғотди. Уларнинг фикрича, мазкур қоида орқали Пекин Тайвандаги айирмачи деб ҳисобланган шахсларни таъқиб қилиш учун ўзига яна бир ҳуқуқий асос яратиб олмоқда.

Тайван Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида: «Келажакда сўзлари ёки хатти-ҳаракатлари Хитойга маъқул келмаган ҳар қандай давлат фуқароси мазкур қонун нишонига айланиши ёки шу асосда таъқиб қилиниши мумкин», – деб таъкидлади. Маълумки, Пекин Тайванни Хитойнинг ажралмас қисми деб ҳисоблайди ва оролни куч билан бўлса-да, қўшиб олиш эҳтимолини инкор қилмайди.

Ўзини қувғиндаги Тибет ҳукумати деб билувчи Марказий Тибет маъмурияти ҳам янги қонунни кескин қоралади.

«Хитой ушбу қонунни ижтимоий тотувлик ва миллий бирдамликни мустаҳкамлаш механизми сифатида тақдим этаётган бўлса-да, у амалда мажбурий ассимиляция сиёсатини қонунийлаштиради», — дейилади маъмурият баёнотида.

Хитой бунга қандай муносабат билдирди?

Хитой қонунга нисбатан билдирилган барча танқидларни инкор этди. Ҳукуматнинг таъкидлашича, ички сиёсатда мазкур ҳужжат миллатлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга, шунингдек, чекка ҳудудлардаги жамоаларни жамият ҳаётига яхшироқ интеграция қилишга қаратилган.

Халқаро майдонда эса Хитой шунчаки бошқа барча давлатлар каби ўз хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилаётганини билдирмоқда.

Пекинда мазкур қонун юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Хитой адлия вазири ўринбосари Ху Вейли номи ошкор қилинмаган айрим Ғарб оммавий ахборот воситаларини қонуннинг Хитойдан ташқарига ҳам татбиқ этилишига оид қисмини «нотўғри талқин қилиб, бузиб кўрсатишда» айблади.

«Бу қоида Хитойнинг миллий шарт-шароитларидан келиб чиққан бўлиб, ҳуқуқий тамойиллар ва халқаро амалиётга мос келади. Бу қонуний, зарур ҳамда амалда қўллаш мумкин бўлган ҳуқуқий меъёрдир. Дунёдаги барча давлатлар ички қонунчилик орқали айирмачилик ва бузғунчилик ҳаракатларининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий бирдамлик ҳамда нормал тартибни сақлаш ҳуқуқига эга», – деди у.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, қонуннинг хорижга оид қоидаси ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши қаратилган бўлиб, «миллий масалаларга доир хориждан уюштириладиган турли қонунбузарликлардан ҳимояланиш» мақсадида ҳуқуқий усуллардан фойдаланишни кўзда тутади.

Teglar

Mavzuga oid