«Йўлни кенгайтириш тирбандликни ҳал қилмайди». Урбанист БИЙда кўприк ўрнига янги лойиҳани таклиф қилди

Bugun 10:553 daqiqa

Тошкентдаги Буюк Ипак Йўли чорраҳасида қурилиши режалаштирилган кўприк лойиҳасига урбанист арзон ва пиёдаларга қулай муқобил вариантни таклиф қилди.

«Йўлни кенгайтириш тирбандликни ҳал қилмайди». Урбанист БИЙда кўприк ўрнига янги лойиҳани таклиф қилди © Тошкент шаҳар ҳокимлиги

4-апрел куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахт кўчаларини тартибга солишга қаратилган янги лойиҳалар тақдимоти ва жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтган эди. Тақдимотда энг катта мунозараларга сабаб бўлган лойиҳа – Буюк Ипак Йўли (БИЙ) метро бекати чорраҳасида қурилиши мўлжалланган йўл ўткагич кўприк бўлганди. Кўприк икки қаватли ва айланма ҳаракатга асосланган бўлади.

Урбанист Искандар Солиев асосий мақсади автомобил ўтказувчанлигини 130 фоизга ошириш бўлган мазкур лойиҳани шаҳарсозлик нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, анча тежамкор ҳамда замонавий муқобил вариантни ишлаб чиқди.

Ҳозирги ҳолат

Бугунги кунда Мустақиллик, Мирзо Улуғбек ва Буюк Ипак Йўли кўчалари кесишмасидаги ушбу чорраҳадан ҳар куни 286 минг нафар пиёда ва 140 минг дона автомобил ўтади. Урбанист пиёдалар сони автомобиллардан деярли 2 баравар кўп бўлишига қармасдан, кўчанинг тузилиши бунга мутлақо мос эмаслигини қайд этади. Яъни, кўча кенглигининг 81.8 фоиз қисми автомобиллар учун ажратилган. 286 минг пиёда учун эса атиги 6.8 метр (умумий майдоннинг 10 фоизи) жой қолган.

1

«Ерости ўтказгичидан ўтиш учун пиёда 90-100 метр масофани босиб ўтиши керак. Бу кексалар, болали ота-оналар ва имконияти чекланган шахслар учун катта қийинчилик туғдиради», – деб ёзади Солиев.

Урбанист ҳокимият таклиф қилаётган тахминан 20–40 миллион долларлик лойиҳа амалга ошса нималар бўлишини ҳам прогноз қилган. Унга кўра, кўча кенглиги 66 метрдан бўлса-да, лекин пиёдаларнинг йўлни кесиб ўтиш масофаси янада узунлашади. Пиёдалар майдони яна 2 бараварга (10 фоиздан 5 фоизгача) қисқаради.

yo'llar

«Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, йўл кенгайиши тирбандликни ечмайди, балки кўпроқ машиналарни жалб қилади. 2-3 йилдан кейин тирбандлик олдингидан ҳам баттар ҳолатга қайтади», – дейди Искандар Солиев.

Урбанист нимани таклиф қиляпти?

Искандар Солиев «Қанча кўп машина ўтказиш мумкин?» деган саволни эмас, «Қанча кўп одамни қулай ўтказиш мумкин?» деган саволни ўртага ташлаган. У ўзи таклиф қилган муқобил вариантда кўча марказида автобуслар учун махсус ажратилган йўлакни ҳокимият берилган таклифдагидек йўлнинг марказида қолдирган. Бироқ у замонавий светофорлар бошқарувидаги қисқа ва хавфсиз ерусти ўтиш йўлаклари орқали ўтишлари таъминлашни таклиф қилмоқда. Урбанистга кўра, бу орқали ўтиш масофаси 100 метрдан 25-30 метргача қисқаради.

3

Шунингдек, муқобил вариантда яшил майдонларни камайтириш эмас, балки 15.4 фоизга (+0.39 гектар) кўпайтириш таклиф қилинади. Чорраҳа атрофида 2.92 гектар умумий дам олиш масканлари яратилади.

«Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, поcкет парклар ва пиёдалар учун қулай муҳит атрофидаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг даромадини 20-30 фоизга оширади», – дейди Искандар Солиев.

4

Урбанист муқобил лойиҳанинг нархини 3–5 миллион доллар атрофида баҳоламоқда (парк билан бирга). Солиев тежалган 30 миллион доллар эвазига яна 5-7 км БРТ (Bus Rapid Transit – тезкор автобус йўналиши) йўли қуриш, шаҳарнинг бошқа қисмларида 3-4 та йирик боғ яратиш ёки бир нечта мактаб ва шифохоналарни замонавий таъмирлаш мумкинлигини айтади.

«Шаҳаралар ичида йўл ўтказгич – бу XX асрнинг эскирган ечими. Замонавий дунё «кўприклар» қуришдан воз кечиб, жамоат транспорти ва пиёдалар қулайлигига сармоя киритмоқда. 286,000 нафар пиёда бетон конструкциялар орасида саргардон бўлишга эмас, балки хавфсиз, яшил ва инсон марказли кўчада яшашга лойиқдир», – дейди урбанист Искандар Солиев.

Teglar

Mavzuga oid