Абдулазиз Комилов: «Мана сизга кўп векторли сиёсатининг натижаси»
Президент маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи билан имзоланган Кенгайтирилган шериклик битимини Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсатининг амалий натижаси сифатида баҳолади ва унинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Европа Иттифоқи билан имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим мамлакатнинг кўп векторли сиёсатининг ёрқин натижаси эканини таъкидлади. Унга кўра, мазкур келишув нафақат ташқи сиёсий мувозанатни, балки Ўзбекистон учун янги иқтисодий ва гуманитар имкониятларни очиб бермоқда.
«Бугунги воқеани баҳоламоқчи бўлсак, авваламбор, биз мана шу геосиёсат нуқтаи назардан қарашимиз керак. Бу битта-иккита давлат эмас, бу Европа Иттифоқи, бутун Европа. Жуда катта салоҳиятга эга, жуда катта имкониятга эга. Ички ялпи маҳсулотининг ҳажми 20 триллион долларга етади. Яъни, яъни, бу ерда жуда катта имкониятлар бор биз учун», — деди Комилов.
Президент маслаҳатчиси битимнинг аҳамиятини изоҳлар экан, унинг асосий фойдаси иқтисодий ва технология соҳасида бўлишини таъкидлади. Шунингдек, у хавфсизлик ва гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни муҳим деб баҳолади: «Бугун минглаб ўзбек талабалари Европанинг нуфузли университетларида таълим олмоқда. Бу жуда яхши деганида, шундай таълим олгандан кейин ватанга қайтиб, хизмат қилишади, кўп нарсани ўрганишади. Айниқса мана шу замонавий касбларни ўрганишади» — деди у.
Камилов Европа ишбилармонлари ва сармоядорларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганини ҳам қайд этди. Бугунги бўлган учрашувларда президентимиз билан учрашувда кўп ваъда беришди ва ҳаттоки бугун тадбиркорлар билан учрашганимизда президентимизга очиқдан-очиқ айтишди: «Олдин сиз бизни жалб қилишга ҳаракат қилардингиз, энди ким олдинроқ Тошкентга боради, ким олдинроқ мана шу сармояни киритишга ҳаракат қилади, дея ўзаро мусобақа бошланяпти», — дейди Комилов.
Унинг сўзларига кўра, кўп векторли сиёсат нафақат ташқи алоқаларни диверсификация қилмоқда, балки мамлакат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишининг мустаҳкам пойдеворини яратиб бермоқда. «Баъзилар бу сиёсатни танқид қилган эдилар, Мана сизга кўп векторли сиёсатининг натижаси, тўғрими? Албатта, мана шунақа ҳамкорликда икки томонлама манфаат бўлиши керак. Ҳозир ҳеч ким ўзидан-ўзи сизларга сармоя олиб келиб берай деб илтимос қилиб ўтирмайди», — деди у.
Сиёсатчи Европанинг минтақадаги манфаатларига ҳам тўхталиб, Марказий Осиёда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Ғарб мамлакатлари ўртасидаги рақобат кучайганини таъкидлади.
«Шу нуқтаи назардан Европа Иттифоқининг ҳам ўзига яраша манфаатлари бор. Лекин мана шу минтақада булар Ўзбекистонга айниқса қандайдир бир бошқача сиёсатини ўзини яқин тутиб ва, авваламбор, бизнинг президентимизга катта чуқур ишонч билдириб, ислоҳотларни кўриб, ҳавас қилиб ва ислоҳотларни амалга оширилаётганини инобатга олиб, ўзларининг сармояларини олиб келиб, икки томонлама фойда кўришмоқчи», — дея хулоса қилди президент маслаҳатчиси.





