add

AI.com домени 70 млн долларга сотилди

Kecha 10:382 daqiqa

Crypto.com раҳбари Крис Маршалек AI.com доменини 70 млн долларга сотиб олди ва сунъий интеллектга узоқ муддатли стратегик дов тикди.

AI.com домени 70 млн долларга сотилди

Криптовалюта платформаси «Crypto.com» асосчиларидан бири ва бош ижроия директори Крис Маршалек AI.com доменини 70 млн долларга сотиб олди. Бу келишув очиқ манбаларда эълон қилинган энг қиммат домен сотуви сифатида қайд этилди. Битим тўлиқ криптовалюта орқали амалга оширилгани таъкидланмоқда.

Келишувни «GetYourDomain.com» брокери Ларри Фишер тасдиқлаган. Домен сотувчиси номи ошкор этилмаган. Маршалекнинг ўзи «X» ижтимоий тармоғида доменни ўтган йил апрел ойида харид қилганини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, AI.com атрофида аллақачон жамоа шаклланган ва маҳсулот устида тизимли иш олиб борилган. Илк оммавий тақдимот «Super Bowl» вақтида режалаштирилган.

 

Янги СИ стратегия

AI.com орқали мураккаб корпоратив платформа эмас, балки оммавий истеъмолчига мўлжалланган шахсий сунъий интеллект агенти ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳа техник билимга эга бўлмаган фойдаланувчилар учун содда интерфейсни мақсад қилган.

Режалаштирилаётган функциялар орасида хабар алмашиш, иловалар билан ишлаш, молиявий операциялар ва акциялар савдоси бор. Маршалек буни кейинги 20 йилдаги асосий технологик тўлқинга инвестиция сифатида баҳоламоқда.

Тадбиркорнинг айтишича, доменни қайта сотиб олиш бўйича жуда йирик таклифлар тушаётган бўлса-да, у брендни ўзида сақлаб қолиш ниятида.

 

Маркетинг ва масштаб

AI.com лойиҳасининг оммавий чиқиши «Super Bowl» рекламалари орқали амалга оширилади. Бу дунёдаги энг қиммат реклама майдончаларидан бири ҳисобланади. Маршалек бунгача ҳам агрессив маркетинг стратегияси билан танилган — у аввалроқ 700 млн доллар эвазига Лос-Анжелесдаги спорт аренаси номини «Crypto.com» деб аташ ҳуқуқини сотиб олган.

Ҳозирда «Crypto.com» бизнеси йилига тахминан 1,5 млрд доллар даромад келтирмоқда. Маршалек AI.com каби универсал ва эсда қоларли домен янги СИ маҳсулотининг бозорда йўқолиб кетмаслигига хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Teglar

Mavzuga oid