Logo

Банклар ярим йилда 11 трлн сўм фойда олди. Кимлар олдинда?

Bugun 12:153 daqiqa

Банк тизимининг соф фойдаси бир йилда 69 фоизга ошди. «Ипотекабанк» зарардан чиқиб, энг кўп фойда олган банкка айланди. 34 та банкдан фақат AVO bank ярим йилликни зарар билан якунлади.

Банклар ярим йилда 11 трлн сўм фойда олди. Кимлар олдинда? © Vaqt.uz

Ўзбекистонда фаолият юритаётган банклар 2026 йилнинг биринчи ярмида 10 трлн 992,4 млрд сўм соф фойда олди. Бу ҳақда Bankers.uz тақдим қилган оператив маълумотлардан маълум бўлди.

Банклар фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 трлн 484,5 млрд сўмга ёки 68,9 фоизга кўпайган. 2025 йилнинг биринчи ярмида банк тизимининг умумий соф фойдаси 6 трлн 507,9 млрд сўмни ташкил қилганди.

Бироқ икки давр кўрсаткичлари тўлиқ бир хил таркибдаги банкларни қамраб олмаган. Ўтган йилги натижада ҳозир фаолият юритмаётган Yangi Bank’нинг 55,6 млрд сўмлик ва Yevrosiyo bank’нинг 51,6 млрд сўмлик зарари ҳам бор эди.

photo_2026-07-23_12-07-50

6 ой давомида 34 та банкдан 25 таси молиявий натижасини яхшилаган. 9 та банкда фойда камайган ёки зарар миқдори ошган.

«Ипотекабанк» зарардан етакчиликка чиқди

Энг юқори натижани OTP Group таркибидаги «Ипотекабанк» қайд этди. Банк 6 ойда 1 трлн 388,7 млрд сўм соф фойда олган.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг мос даврида «Ипотекабанк» 392,5 млрд сўм зарар кўрганди. Натижада банкнинг молиявий кўрсаткичи бир йилда 1 трлн 781,2 млрд сўмга яхшиланган.

Бу бутун банк тизимидаги 4,48 трлн сўмлик ўсишнинг қарийб 40 фоизига тенг. Яъни умумий фойданинг кескин ошишида «Ипотекабанк»нинг зарардан чиқиши ҳал қилувчи омиллардан бири бўлган.

Кейинги ўринларни «Миллий банк» ва «Саноатқурилишбанк» эгаллади. «Миллий банк»нинг соф фойдаси 20,8 фоизга ошиб, 1 трлн 214,1 млрд сўмга, SQB’ники эса 36,7 фоизга кўпайиб, 1 трлн 105,1 млрд сўмга етган.

Кучли бешликдан «Ҳамкорбанк» ва «Капиталбанк» ҳам жой олди. «Ҳамкорбанк» 970 млрд сўм, «Капиталбанк» эса 833,6 млрд сўм соф фойда олган. Уларнинг фойдаси мос равишда 20,2 ва 38,4 фоизга ошган.

Энг кўп фойда олган бешта банкнинг умумий натижаси 5 трлн 511,5 млрд сўмни ташкил қилади. Бу банк тизимидаги жами фойданинг 50,1 фоизига тенг. Кучли ўнталик эса умумий фойданинг 73,2 фоизини шакллантирган.

Қайси банклар фойдасини кўпроқ оширди?

Миқдор жиҳатидан «Ипотекабанк»дан кейинги энг катта ўсиш «Халқ банки»да кузатилди. Банкнинг соф фойдаси 154,6 млрд сўмдан 650,5 млрд сўмга етган.

Бу бир йил ичида 495,9 млрд сўмлик ўсиш дегани. Натижада «Халқ банки»нинг фойдаси 4,2 бараварга ўсди.

Юқори ўсиш Uzum Bank’да ҳам қайд этилган. Ярим йилда банк фойдаси 30,4 млрд сўмдан 258,1 млрд сўмга етиб, 8,5 баравар ошган.

TBC Bank фойдасини 101 млрд сўмдан 288,1 млрд сўмга, «Инфинбанк» эса 136,9 млрд сўмдан 353,2 млрд сўмга етказган. Шунингдек, «Агробанк», «Ziraat Bank» ва «Асакабанк» фойдаси икки баравардан кўпроққа ўсган.

Яна иккита банк зарар зонасидан чиққан. «Апексбанк» ўтган йилги 62,4 млрд сўмлик зарар ўрнига 107,6 млрд сўм фойда олди. «Гарант банк» эса 9,7 млрд сўмлик зарардан 28,5 млрд сўмлик фойдага чиққан.

Фойдаси камайган банклар

Энг катта пасайиш «Бизнесни ривожлантириш банки»да кузатилди. Банкнинг соф фойдаси 319,7 млрд сўмдан 208,5 млрд сўмга тушган. Бир йиллик камайиш 111,2 млрд сўм ёки 34,8 фоизни ташкил қилади.

«Ориент Финанс банк» фойдаси 21,9 млрд сўмга, «Анорбанк»ники 23 млрд сўмга камайган. «Ипак Йўли банк», «Универсал банк», «Пойтахт банк», Mybank ва Openbank ҳам ўтган йилга нисбатан пастроқ натижа қайд этган.

AVO bank ярим йилликни зарар билан якунлаган ягона банк бўлди. Унинг зарари 1,8 млрд сўмдан 7,1 млрд сўмга кўпайган.

Хусусий банклар тезроқ ўсди

Давлат улуши мавжуд банклар биринчи ярим йилликда жами 3 трлн 721,8 млрд сўм соф фойда олган. Уларнинг умумий фойдаси бир йилда 40,9 фоизга ошган. Барча давлат банклари ҳисобот даврини фойда билан якунлади.

Давлат улуши бўлмаган банкларнинг соф фойдаси эса 88,1 фоизга кўпайиб, 7 трлн 270,6 млрд сўмга етган. Улар банк тизимидаги жами фойданинг қарийб учдан икки қисмини шакллантирган.

Бироқ бу гуруҳдаги юқори ўсишга «Ипотекабанк»нинг катта зарардан фойдага ўтиши сезиларли таъсир қилган. Шу сабабли 88 фоизлик ўсишни барча давлат улуши бўлмаган банкларда бир хил даражадаги яхшиланиш сифатида талқин қилиб бўлмайди.

Умуман олганда, ярим йиллик натижалар банк тизимининг молиявий кўрсаткичлари сезиларли яхшиланганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, тақдим қилинган маълумотлар фойда айнан нима ҳисобига ошганини кўрсатмайди.

Ўсишнинг қанчалик барқарорлигини баҳолаш учун банкларнинг фоизли даромадлари, харажатлари, эҳтимолий йўқотишлар учун ажратган захиралари ва бир марталик даромадларини ҳам таҳлил қилиш керак бўлади.

Teglar

Mavzuga oid