add

Фарғонада мактаб директорини ноқонуний ишдан олган раҳбар жазоланди

Bugun 13:502 daqiqa

Меҳнат қонунчилиги бузган таълим бошқармаси раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Фарғонада мактаб директорини ноқонуний ишдан олган раҳбар жазоланди

Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Долимов маъмурий жавобгарликка тортилди. Давлат меҳнат инспекцияси ўтказган ўрганишлар давомида Бувайда туманидаги 37-умумтаълим мактаби директори қонун талабларига зид равишда лавозимидан четлатилгани маълум бўлган.

Меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, мактаб директори мажбурий навбатчилик билан боғлиқ ҳолатлар ортидан ишдан олинган, шунингдек, янги директорни тайинлаш жараёни ҳам белгиланган тартибларга зид амалга оширилган. Натижада, бошқарма бошлиғига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси бўйича чора кўрилган.

Инспекция жарима миқдорини аниқ очиқламаган.

Бироқ амалдаги қонунчиликка кўра, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қоидаларни бузиш ҳолатида базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима қўлланиши мумкин. Ҳозирда базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўмни ташкил этади.

Аввалроқ мазкур мактабда ишлаган ўқитувчилар Янги йил байрами кунлари тун-у кун навбатчилик қилишга мажбурлангани ҳақида оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилган эди. Улар навбатчиликдан бош тортган тақдирда дарс соатлари қисқартирилиши билан қўрқитилганини билдирган. Бу ҳолат жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шундан сўнг Фарғона вилояти ММТБ мактаб директори ишдан олинганини маълум қилган. Бошқарма баёнотида педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш қонун билан тақиқлангани ва бу ҳолат учун жавобгарлик белгилангани таъкидланган.

Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, мажбурий навбатчилик масаласи бўйича топшириқ таълим тизимига юқоридан юборилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатда ҳудудий бошқармаларга 25 декабрдан 5 январга қадар 24 соатлик навбатчиликни ташкил этиш сўралгани кўрсатилган. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг Янги йил байрами хавфсизлигини таъминлашга оид қарорларига таянилган ҳолда расмийлаштирилган.

Ишдан олинган директор вазифасини бажарувчи Ҳасанбой Нишонов эса навбатчилик ихтиёрий эканини ўқитувчиларга тушунтирганини, топшириқ эса юқори идоралардан келганини билдирган. Унга кўра, бундай кўрсатмалар бошқа мактаб раҳбарларига ҳам берилган.

Мазкур ҳолат таълим тизимида меҳнат ҳуқуқларига риоя этиш, раҳбарлар масъулияти ва юқоридан тушаётган топшириқларнинг ҳуқуқий асослари масаласини янада долзарб қилди.

Шундан кейин, 13 январь куни Давлат меҳнат инспекцияси мактаб директори қонун талабларига риоя этилмасдан ишдан бўшатилганини маълум қилган ва директор ўз лавозимига қайта тикланган.

Teglar

Mavzuga oid