«Gryaz» лақабли жиноий гуруҳ етакчиси ушланди

14.12.2025 | 11:152 daqiqa

Ўзбекистонда оғир жиноятларда гумонланган жиноий уюшма етакчиси халқаро ҳамкорликда Туркияда қўлга олинди.

«Gryaz» лақабли жиноий гуруҳ етакчиси ушланди

Ўзбекистонда бир қатор оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, узоқ вақт қидирувда бўлган «Gryaz» лақабли жиноий уйушма етакчиси Туркияда ушланиб, мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, қидирувда бўлган шахсни қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида амалга оширилган.

Тадбирлар натижасида 1993 йилда туғилган, «Gryaz» лақаби билан танилган Ё.М. Туркия ҳудудида аниқланиб, ушланган. У жиноий иш бўйича терговдан яшириниб юргани маълум қилинган. Қўлга олинган шахс 2025 йил 5 декабр куни Ўзбекистонга экстрадиция қилиниб, тегишли тергов органларига топширилган.

Маълум қилинишича, ушбу шахс жиноий уйушма етакчиси сифатида бир нечта оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноий жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, у 112-модда — ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, 164-модда — босқинчилик, 165-модда — товламачилик, 173-модда — мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш ҳамда 242-модда — жиноий уюшма ташкил этиш билан айбланмоқда.

Қайд этилишича, мазкур шахс 2023 йилда Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан расман қидирувга эълон қилинган эди. Ҳозирда у тергов ҳаракатлари доирасида жавобгарликка тортилаётгани билдирилди.

Аввалроқ халқаро террористик ташкилотлар фаолиятида иштирок этган ва 25 йилдан ортиқ вақт давомида қидирувда бўлган фуқаро жорий йил ноябр ойида чет элда ушланган эди. Ушбу шахс диний экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб, «ҳижрат» ва «жиҳод» қилишни мақсад қилган ҳолда 1999 йилда Ўзбекистон ҳудудини тарк этган. У кейинчалик Афғонистон, Покистон ва Суриядаги халқаро террористик гуруҳлар сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этгани аниқланган.

Teglar

Mavzuga oid