
Жаҳондаги кумуш захираларининг ярмидан ортиғини учта давлат назорат қилмоқда
Кумуш нархи тарихий рекордларни янгилаб, бир унцияси 90 доллардан ошди. Металлга бўлган юқори талаб ва узоқ муддатли танқислик уни стратегик ресурсга айлантириб қўйди.

Сўнгги бир йилда кумуш бозорида кузатилган мисли кўрилмаган ўсиш инвесторлар эътиборини ушбу металл захираларининг географиясига қаратди. 2024 йил якунларига кўра, кумуш нархи 160 фоизга ошиб, ўсиш суръатлари бўйича ҳатто олтинни ҳам ортда қолдирди. Бу ҳолат кумушнинг нафақат қимматбаҳо, балки муҳим саноат метали сифатидаги аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатмоқда.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, жаҳондаги умумий кумуш захиралари тахминан 641 минг тонна деб баҳоланади. Бу ресурсларнинг энг катта қисми Перуга тўғри келади. Мамлакатда 140 минг тоннадан ортиқ кумуш захираси мавжуд бўлиб, бу жаҳон захираларининг қарийб 22 фоизини ташкил этади. Натижада, Перу кумуш бозорида стратегик устунликка эга давлат сифатида шаклланган.

Перу ортидан Австралия, Россия ва Хитой келади. Ушбу уч давлат биргаликда жаҳон кумуш захираларининг тахминан 40 фоизини назорат қилади. Захираларнинг бундай юқори даражада маълум ҳудудларда жамланиши глобал бозорда геоиқтисодий хатарларни кучайтиради.
Мексика мисоли эса алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакат 2024 йилда 6,3 минг тонна кумуш қазиб олиб, дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчи бўлиб қолди. Бироқ Мексиканинг разведка қилинган захиралари атиги 37 минг тоннани ташкил этади. Бу эса юқори ишлаб чиқариш суръатлари узоқ муддатда ресурс барқарорлигига таҳдид солишини англатади.
The Silver Instituteʼнинг баҳолашича, 2025 йил кумуш бозорида талаб таклифдан бешинчи йил кетма-кет юқори бўлган даврга айланди. Яшил энергетика, айниқса қуёш панеллари, электромобиллар ва электроника ишлаб чиқаришда кумушга эҳтиёж кескин ошмоқда. Бунга геосиёсий ноаниқликлар ва доллар қадрсизланиши ҳам қўшимча босим қилмоқда.

Муҳими, кумуш сақланадиган эмас, саноатда «сарфланадиган» металл ҳисобланади. У электроника, тиббиёт ва ҳарбий технологияларда ишлатилиб, кўп ҳолларда қайта ишланмайди. Шу сабабли ер устидаги захиралар олтинга нисбатан тезроқ қисқармоқда. Бу эса кумуш нархлари узоқ муддат юқори даражада қолиш эҳтимолини кучайтиради.





