«Кўз ёшлар дарвозаси»дан Ҳўрмузгача: Сув йўлларида тизим қандай ишлайди?
Жаҳон иқтисодиётининг асосий «қон томирлари» ҳисобланган стратегик сув йўллари жиддий геосиёсий синов остида қолган. Эроннинг Ҳўрмуз бўғозида транзит тўловларини жорий этиш режаси халқаро денгиз савдосининг ўнлаб йиллар давомида амал қилиб келган «эркин ўтиш» тамойилини шубҳа остига қўймоқда.

АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаб, Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини ёпишга мажбур бўлгунига қадар, жаҳон нефт ва суюлтирилган табиий газ савдосининг асосий қон томири ҳисобланган бу йўлдан ўтадиган кемалар транзит учун ҳақ тўламас эди. Энди бўғозга туташ икки давлат — Эрон ва Ўмон мазкур сув йўлидан ўтадиган кемалардан тўлов ундиришнинг доимий тизимини яратиш масаласини кўтармоқда. Европа расмийларига урушдан олдинги ҳолатга бошқа қайтиб бўлмаслигини маълум қилган Ўмон, айни пайтда, жаҳондаги бошқа муҳим сув йўллари қандай бошқарилишини ўрганмоқда.
Ҳўрмуз бўғозида транзит тўловларининг жорий этилиш эҳтимоли глобал таъминот занжири саноқли стратегик сув йўлларига қанчалик қарам эканини яққол кўрсатиб қўйди. Шу билан бирга, уларни бошқариш тартиби тубдан ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни ҳам кучайтирди.
«Ҳўрмуз бўғози бўйича якуний қарор глобал миқёсда янги прецедент яратиши мумкин», — деб ёзади «Bloomberg Economics» нинг геоиқтисодиёт бўйича таҳлилчиси Адам Фаррар.
Одатда халқаро ҳуқуқ кемаларнинг халқаро қатновлар учун мўлжалланган бўғозлардан эркин ўтиш ҳуқуқини кафолатлайди. Қирғоқбўйи давлатларига кемалардан шунчаки ушбу ҳуқуқдан фойдалангани учун ҳақ олишга рухсат берилмайди. Бироқ қоидаларда «кемага кўрсатилган муайян хизматлар учун» тўлов ундиришга изн берилган. Таъкидлаш жоизки, Ўмон БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясига (UNCLOS) аъзо бўлса-да, Эрон бу ҳужжатни имзоламаган.
Сувайш ва Панама каналлари каби сунъий сув йўллари эса бошқача ҳуқуқий тартиблар асосида ишлайди. Улар суверен инфратузилма ҳисобланади ва уларнинг операторлари кемалардан ўз сув ҳудуди орқали ўтгани учун ҳақ ундириш ҳуқуқига эга.
Ҳўрмуз бўғози
Ҳўрмуз бўғози Форс кўрфазини Ўмон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайди. Жаҳон нефт савдосининг қарийб бешдан бир қисми — Саудия Арабистони, Ироқ, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Эрондан Осиё, Европа ҳамда бошқа бозорларга айнан шу йўл орқали ташилади. Бу бўғоз халқаро қатновлар учун мўлжалланган табиий сув йўли бўлиб, кемалар узоқ вақтдан буён ундан эркин ўтиш ҳуқуқидан фойдаланиб келган. Аммо АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бу барқарорликни бузди.
«Bloomberg» нашрининг ёзишича, можаро бошлангач, Эрон кемаларга ҳужум уюштириш орқали бўғозни амалда ёпиб қўйди. Шундан сўнг бўғоздан ўтган кемалар учун вақтинчалик транзит тўлови жорий қилиниб, ҳар бир қатнов учун 2 миллион долларгача маблағ талаб қилинди. Шу тариқа норасмий бож тизими шаклланди. Июн ойида АҚШ ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишгач, Ҳўрмуз орқали қатнов яна жонланди. Бироқ кемаларга нисбатан ҳануз давом этаётган, вақти-вақти билан бўлиб турадиган зарбалар кема эгаларини хавотирга солмоқда.
Ҳозирда Эрон тижорат кемаларидан мазкур сув йўлидан ўтиш учун махсус рухсатнома олишни талаб қилмоқда. АҚШ билан тузилган сулҳ доирасида Теҳрон савдо алоқаларини тиклаш мақсадида 60 кунлик имтиёз даврида транзит тўловларини вақтинча тўхтатиб туришини маълум қилди. Бироқ август ойида ушбу муддат тугагач, яна тўлов талаб қилиниши қатъий таъкидланмоқда. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоийнинг сўзларига кўра, расмийлар буни шунчаки бўғоздан ўтиш ҳуқуқи учун олинадиган бож эмас, балки «навигация, хавфсизлик ва экологик хизматлар» учун ундириладиган ҳақ деб атамоқда.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эроннинг бу режасига кескин қарши чиқмоқда. Танқидчиларнинг фикрича, мазкур тўловлар аслида бошқача номланган божнинг ўзгинасидир. Қолаверса, АҚШ Эронга нисбатан барча санкцияларни бекор қилишга рози бўлганига қарамай, бу маблағни тўлаганлар Вашингтоннинг «қора рўйхати»га киритилган тузилмалар билан молиявий алоқа қилгани важ қилиниб, АҚШ санкцияларига дуч келиш хавфи ҳам йўқ эмас.
Эрон айнан қанча миқдорда тўлов ундирмоқчи экани ҳозирча номаълум. Мамлакат мазкур сув йўли орқали қанча маблағ тўплаши мумкинлигини чамалар экан, «Tasnim» ярим расмий ахборот агентлиги март ойида икки хил ҳисоб-китобни эълон қилган эди. Унга кўра, биринчи вариантда ҳар бир кема учун 2 миллион доллардан, иккинчисида эса Сувайш ва Панама каналларидаги транзит харажатларига асосланиб, 400 минг доллардан тўлов ундирилиши тахмин қилинган.
Босфор ва Дарданелл бўғозлари
Босфор ва Дарданелл бўғозлари Туркия ҳудудидан ўтиб, Қора ва Ўрта Ер денгизларини ўзаро боғлайди. Бу сув йўллари Россия, Украина, Грузия, Руминия ҳамда Болгария каби Қора денгиз бўйидаги давлатлар учун ўта муҳим кема қатнови йўлаги ҳисобланади. Улар орқали хом нефт, газ, ғалла ва контейнерлардаги юклар ташилади. Ўтган йили бу бўғозлардан 40 мингдан ортиқ кема ўтган.
Туркия бўғозлари 1936 йилда қабул қилинган «Монтре» конвенцияси асосида тартибга солинади. Бу келишув Биринчи жаҳон урушидан кейин ўрнатилган халқаро бошқарув тизимини бекор қилиб, Туркиянинг мазкур сув йўллари устидан назоратини тиклаган. Шу билан бирга, савдо кемаларининг ундан эркин ўтиш ҳуқуқи сақлаб қолинган.
Конвенция кўрсатилган хизматлар учун маълум тўловлар ундирилишига рухсат беради. Шу сабабли Туркия кемалардан транзит учун бож эмас, балки маёқ, қутқарув хизматлари, шунингдек, навигация ёрдами учун ҳақ олади. Йирик кемалар, жумладан, баъзи танкерлар шатакчи кема хизмати учун ҳам қўшимча тўлов қилиши шарт.
Тўловлар кеманинг соф сиғимига қараб белгиланади ва «Монтре» конвенциясида ҳисоб-китоб бирлиги сифатида қабул қилинган тарихий ўлчов — олтин франкда ҳисобланади. Туркия айирбошлаш курсини мунтазам янгилаб туради. 1 июл ҳолатига кўра, одатий «Suezmax» тоифасидаги нефт танкери иккала бўғоз орқали бориб-келиш учун тахминан 240 минг доллар тўлайди.
Туркиянинг «Анадолу» давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг бўғозлардан оладиган даромади 2021 йилдан буён қарийб олти баробарга ошиб, 2025 йилнинг июн ойигача бўлган бир йиллик давр ичида 223 миллион долларга етган.
Туркия бўғозлари геосиёсий зиддиятлар синовидан ҳам ўтмоқда. Қора денгиздан Ўрта Ер денгизига чиқишнинг ягона йўли бўлган мазкур сув йўллари нафақат савдо кемалари, балки минтақадаги ҳарбий қудратга эга давлатлар, хусусан, Қора денгизда йирик ҳарбий-денгиз базасига эга бўлган Россия учун ҳам ўта стратегик аҳамиятга эга. 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, Туркия урушнинг янада кенгайиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида «Монтре» конвенциясини ишга солди ва бўғозни можаро иштирокчиларининг ҳарбий кемалари учун ёпиб қўйди. Шартномага мувофиқ, фақат ўз базаларига қайтаётган Россия ҳарбий кемаларигагина транзит учун рухсат берилди.
Эресунн бўғози
Зунд номи билан ҳам танилган ушбу бўғоз Дания ва Швецияни ажратиб туради. У Болтиқ денгизидан Атлантика океанига олиб чиқувчи саноқли йўлаклардан бири ҳисобланади. Шунингдек, у Дания бўғозлари деб аталувчи кенгроқ сув йўллари тизимининг бир қисмидир. Мазкур йўналиш Швеция, Финляндия, Болтиқбўйи давлатлари, Полша ва Германиянинг йирик портларига хизмат кўрсатади. У орқали автомобиллардан тортиб, ғалла ва нефтгача бўлган турли юклар ташилади.
Бўғоздан ўтиш учун ҳеч қандай бож олинмайди. Бироқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Халқаро денгиз ташкилоти йўлбошлаш хизматидан фойдаланишни тавсия қилади ва бунинг учун тўлов ундирилади.
Россиянинг Украинага босқини ортидан Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) Болтиқбўйи минтақасида ўз иштирокини кучайтирди. Шу сабабли Эресунн бўғози янада муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда. Дания бўғозлари эса нафақат тижорат қатновлари, балки Россиянинг энергия экспортини назорат қилишда ҳам асосий йўлакка айланган.
Малакка бўғози
Малакка бўғози Ҳинд океанини Жанубий Хитой денгизи ва бепоён Тинч океани билан боғлаб, Яқин Шарқ ҳамда Шарқий Осиё ўртасидаги энг қисқа денгиз йўли вазифасини ўтайди. Индонезия архипелаги орқали ўтувчи муқобил йўналишлар борлигига қарамай, улар унчалик қулай эмас ва кема қатнови учун анча мураккаб.
Жаҳон денгиз савдосининг 20 фоиздан ортиғи — қиймати қарийб 2,4 триллион долларга тенг юклар узунлиги 800 километр бўлган ушбу сув йўли орқали ўтади.
Бўғоз билан чегарадош Индонезия, Малайзия ва Сингапур уни биргаликда бошқаради. Улар бўғознинг шимолий қисмида кичик қирғоқ чизиғига эга Таиланд билан хавфсизликни таъминлаш, хусусан, қароқчиликка қарши курашиш ва қўшма патрул хизматларини ташкил этишда ҳамкорлик қилади.
Кемалардан транзит божи ундирилмайди. Бироқ Индонезия, Малайзия ва Сингапур навигация воситаларини яроқли ҳолатда сақлаб туриш мақсадида фонд орқали ихтиёрий молиявий бадалларни қабул қилади. Япония, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари, шунингдек, саноат ташкилотлари ҳамда денгизчилик жамғармалари молиявий кўмак кўрсатган.
Халқаро денгиз ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилнинг учинчи чораги охирида ушбу фонд ҳисобида қарийб 4,11 миллион доллар маблағ бўлган. Қўмита томонидан жорий йил учун 4,8 миллион долларлик бюджет тасдиқланган.
Боб-ал-Мандаб бўғози
Боб-ал-Мандаб бўғози Қизил денгизга кириш қисмидаги сув йўлаги бўлиб, Ҳинд океанини Сувайш канали билан боғлайди. Унинг Боб-ал-Мандаб, яъни арабчадан таржима қилганда «Кўз ёшлар дарвозаси» деб аталишига сабаб бор: асрлар давомида денгизчилар бу ердаги қарама-қарши оқимлар, тўсатдан кўтариладиган шамоллар, рифлар ва саёзликлар қурбонига айланган.
Шарқда Яман, ғарбда эса Жибути ва Эритрея билан чегарадош ушбу бўғоз орқали сўнгги йилларгача жаҳон денгиз савдосининг қарийб 15 фоизи ўтиб келган. Ундан хом нефт, суюлтирилган табиий газ, ғалла ва истеъмол товарларини ташувчи йилига 22 мингдан ортиқ кема ҳаракатланган. Аммо 2023 йил охиридан бошлаб вазият ўзгарди. Яманнинг бир қисмини назорат қилувчи ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар Қизил денгиздаги савдо кемаларига мунтазам ҳужум қила бошлагач, сув йўлида қатнов кескин камайди. Оқибатда кўплаб кемалар Африкани айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда.
Ҳозирги вақтда Боб-ал-Мандаб бўғозидан ўтиш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди. Бироқ «Lloyd’s List» нашрининг апрел ойидаги хабарига кўра, Ҳўрмуз бўғозида Эрон томонидан ўрнатилган прецедентдан сўнг, ҳусийчилар ушбу сув йўлидан ўтадиган кемалар учун бож жорий этиш режаларини кўриб чиқмоқда.
Тайван бўғози
Тайванни Хитойдан ажратиб турувчи Тайван бўғози Шимоли-шарқий Осиёни Жануби-шарқий Осиё, Европа ва Яқин Шарқ билан боғлайди. Бу эса уни Жанубий Корея, Япония, Тайван ва Хитойнинг экспортга йўналтирилган иқтисодиёти учун ғоят муҳим йўлакка айлантиради. Ҳар йили бу ердан қиймати 2,45 триллион долларга тенг товарлар ёки жаҳон денгиз савдосининг бешдан бир қисмидан кўпроғи ташилади. Тижорат кемаларидан бўғоздан ўтганлик учун транзит тўлови ундирилмайди.

Тўғри, кемалар Тайваннинг шарқий томонидан сузиб ўтиб, бўғозни четлаб ўтиши мумкин. Бироқ Тинч океани ичкарисига йўналишни буриш қўшимча вақт, масофа ва ёқилғи сарфини талаб этади. Тайваннинг ўзи эса денгиз савдосида деярли тўлиқ мазкур бўғозга қарам.
Тайванни ўз ҳудудининг ажратилмас қисми деб ҳисоблайдиган Хитой ушбу бўғозни халқаро эмас, балки ўзининг ички сувлари деб даъво қилади. АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатлар бундай талқинни рад этиб, Пекиннинг эътирозларига қарамай, ўз ҳарбий кемаларини бўғоз орқали ўтказишда давом этмоқда.
Гарчи бу ҳолат савдо қатновларига деярли таъсир кўрсатмаган бўлса-да, Тайван бўғози йирик геосиёсий зиддият ўчоғи бўлиб қолмоқда. Хитой сўнгги йилларда Тайван атрофида ҳарбий-денгиз машғулотларини кучайтирди ва кўпинча сиёсий воқеалар ортидан бу ерга ўз ҳарбий кемаларини жойлаштирмоқда. Бундай хатти-ҳаракатлар эҳтимолий ҳарбий можаро дунёдаги энг гавжум денгиз савдо йўлларидан бирига таҳдид солиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни оширмоқда.
Гибралтар бўғози
Гибралтар бўғози Европа ва Африка ўртасида жойлашган бўлиб, Ўрта Ер денгизини Атлантика океани билан боғловчи ўта муҳим савдо йўлагидир. Икки қирғоғида Испания ва Марокаш жойлашган бу сув йўлининг энг тор қисми бор-йўғи 13 километрни ташкил қилади. Ўрта Ер денгизига кириш дарвозаси сифатида у Осиё билан савдо қилиш ниятида бўлган Ғарбий ва Шимолий Европа давлатлари учун беқиёс аҳамиятга эга.
Ҳар йили бўғоз орқали 100 мингдан ортиқ тижорат кемаси ўтади, бу эса халқаро денгиз қатновларининг 10 фоизи деганидир. Гибралтар бўғозидан транзит ўтиш учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.
Панама канали
Узунлиги 80 километр бўлган Панама канали Панама мамлакатини кесиб ўтиб, Атлантика ва Тинч океанларини боғлайди ҳамда Осиё билан АҚШнинг Шарқий қирғоғи ўртасидаги энг қисқа денгиз йўлини ҳосил қилади. Шунингдек, у Европа ва АҚШнинг Ғарбий қирғоғи орасидаги денгиз қатновларини ҳам қисқартиради.
Асосан Қўшма Штатлар томонидан қурилган ушбу сунъий сув йўли 1914 йилда очилган. 2025 молия йилида канал орқали 13 404 та транзит қатнови амалга оширилди ва бу ўтган йилга нисбатан 19 фоизлик ўсишни кўрсатди. Жаҳон денгиз савдосининг қарийб 6 фоизи айнан шу канал орқали ўтади.
АҚШ назоратни Марказий Америка давлатига топширган 1999 йилдан буён канални Панама ҳукуматининг агентлиги ҳисобланган Панама канали бошқармаси бошқариб келмоқда.

Денгиз ҳуқуқи билан тартибга солинадиган табиий халқаро сув йўлларидан фарқли ўлароқ, Панама канали Панамага тегишли ва мамлакат томонидан бошқариладиган суверен инфратузилма ҳисобланади. Шу сабабли канал бошқармасига транзит божларини ундиришга рухсат берилган. Бож миқдори кеманинг тоифаси, сиғими ва юкига қараб белгиланади. Ўртача катталикдаги нефт танкери каналдан ўтиш учун навбат банд қилиш мақсадида тахминан 350 мингдан 400 минг долларгача ҳақ тўлайди. Бироқ қурғоқчилик ёки геосиёсий беқарорликлар даврида аукцион орқали сотиладиган жойлар нархи 1 миллион долларгача кўтарилиб кетиши мумкин. Панама канали бошқармаси 2025 молия йилида ушбу сув йўлидан 5,7 миллиард доллар даромад кўрди.
Панама канали геосиёсий кескинликлардан ҳам холи эмас. Гонконгда жойлашган «CK Hutchinson Holdings Ltd» компаниясининг Балбоа ва Кристобал портларини бошқариши ўтган йилдан бошлаб канални АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддиятлар марказига айлантирди. Ўшанда президент Доналд Трамп Пекиннинг ушбу стратегик денгиз йўлига таъсир ўтказиш эҳтимолидан хавотир билдирган эди. Охир-оқибат, Панама 2026 йил бошида «CK Hutchison»нинг терминалларни бошқариш бўйича шартномасини бекор қилди.
Сувайш канали
193 километрлик Сувайш канали Миср ҳудудидан ўтиб, Ўрта Ер ва Қизил денгизларини боғлайди ҳамда Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа денгиз йўлини таъминлайди. У Европа, Яқин Шарқ ва Осиё ўртасидаги савдо учун ғоят муҳим йўл ҳисобланади. Сабаби ушбу канал туфайли кемаларнинг Африка жанубини айланиб ўтишига ҳожат қолмайди.
1869 йилда очилган ушбу сунъий канал 2023 йилда 26 434 та кемага хизмат кўрсатди. Бу сўнгги 50 йил ичидаги энг юқори йиллик кўрсаткич бўлиб, одатда жаҳон денгиз савдосининг қарийб 15 фоизи шу йўл орқали ўтади.
Канал навигацияни назорат қилувчи ва транзит қоидаларини белгиловчи Миср давлатига қарашли Сувайш канали бошқармаси томонидан бошқарилади. Панама канали сингари, Сувайш канали ҳам суверен инфратузилма ҳисобланади. Бошқарма тижорат кемаларидан уларнинг тоифаси ва ташилаётган юкига қараб транзит божлари ундиради. Юк танкерининг каналдан бир томонга ўтиши тахминан 380 минг долларга тушиши мумкин.
Сувайш канали бошқармаси раиси Усома Рабининг маълум қилишича, 2025/2026 молия йилида каналдан тушган даромад 4,67 миллиард долларга етган.

Канал бир неча бор глобал кема қатновларидаги узилишлар марказига айланган. Жумладан, 1956 йилги Сувайш инқирози даврида Миср канални миллийлаштирган, Исроил, Буюк Британия ва Франция эса бунга қарши ҳарбий интервенция бошлаган эди. Бироқ уларнинг бу ҳаракати бесамар кетган.
2021 йилда йирик юк кемаси кўндаланг тиқилиб қолиши оқибатида канал олти кунга ёпилиб қолган эди. 2024 йилда эса ҳусийчилар ҳужуми хавфидан қочиб, кемаларнинг Қизил денгизни четлаб ўтиши натижасида канал даромади 61 фоизга тушиб кетди. Сув йўлига кемаларнинг қайтиши ортидан, 2025/2026 молия йилида даромадлар аввалги йилга нисбатан 23 фоизлик ўсишни қайд этди.





