add

Кремл Киевнинг тинчлик режасини рад этди ва ўз шартларини тайёрлаяпти

Bugun 07:582862 daqiqa

Кремл Украина таклиф қилган 20 бандли тинчлик режасини қабул қилмади ва ҳужжатни ўз манфаатларига мослаб ўзгартиришни талаб қилишга тайёрланаётгани айтилмоқда.

Кремл Киевнинг тинчлик режасини рад этди ва ўз шартларини тайёрлаяпти

Россия раҳбарияти Украина президенти Володимир Зеленский эълон қилган 20 бандли қайта таҳрирланган тинчлик режасини қониқарли деб ҳисобламади. «Bloomberg» манбасига кўра, Кремл ҳужжатни музокаралар учун фақат бошланғич нуқта сифатида қабул қиляпти ва унга жиддий тузатишлар киритишни талаб қилмоқчи.

Манбанинг айтишича, Москвага энг аввало НАТОнинг шарқ томон ортиқ кенгаймаслиги бўйича аниқ кафолатлар керак. Шунингдек, Украина Европа Иттифоқига қўшилган тақдирда ҳам унинг бетараф мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши талаб қилинмоқда. Ҳозирги лойиҳада фақат ядровий қуролдан холи мақом тилга олинган.

Кремл Украина Қуролли кучларига қўйилган чекловларни ҳам етарли эмас, деб ҳисобламоқда. Лойиҳага кўра, урушдан кейин Украина армияси тинч даврда 800 минг нафаргача чекланиши керак. Москва бу рақамни жуда юқори деб баҳолаяпти.

Бундан ташқари, Россия украин ҳудудида рус тили мақоми бўйича аниқ кафолатлар, Ғарб санкцияларини бекор қилиш тартиби ва музлатилган Россия активлари тақдирига ойдинлик киритилишини талаб қилмоқда.

Шу билан бирга, «Bloomberg» манбасига кўра, Кремль ҳужжатни тўлиқ рад этмоқчи эмас. Бунга сабаб — АҚШ президенти Доналд Трампни норози қилиш истаги йўқлиги. Россия ҳужжатни «совуққонлик билан» ўрганишини маълум қилган.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Доналд Трамп маъмурияти билан Майамида бўлиб ўтган учрашув тафсилотларидан хабардор эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия позицияси АҚШ томонига яхши маълум ва яқин вақт ичида музокаралар давом эттирилади.

Украина таклиф қилган режада ҳудудий масала энг оғир банд бўлиб қолмоқда. Киев таклифига кўра, Россия Днепропетровск, Миколайив, Суми ва Харкив областларидан чиқади, Донецк, Луганск, Запорожжя ва Херсон областларида эса «қайси жойда турилган бўлса — шу жойда қолиш» тамойили қўлланилади.

Москва эса Украина қўшинларининг Донецк областидан тўлиқ чиқишини талаб қилмоқда. АҚШ томони эса бу ҳудудларда эркин иқтисодий зона яратиш вариантини муҳокамага қўйган. Бу қарор бутун тинчлик режаси билан бирга Украинада референдумга қўйилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid

Кремл Киевнинг тинчлик режасини рад этди ва ўз шартларини тайёрлаяпти | Vaqt.uz