Logo

Мева-сабзавот экспорти қисқарганига қарамай, даромадлар 2,7 фоизга ошди

Bugun 21:363 daqiqa

2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон 736 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилди. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бироз камайган бўлсада,  тушум 635,8 млн долларга етди.

Мева-сабзавот экспорти қисқарганига қарамай, даромадлар 2,7 фоизга ошди © Sergey Bulkin/ TASS

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистон 736 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 741,7 минг тонналик кўрсаткичдан 5,7 минг тоннага кам.

1

Бироқ экспорт қиймати аксинча ошган. Агар ўтган йилнинг дастлабки беш ойида мева-сабзавот экспортидан 619,1 млн АҚШ доллари тушган бўлса, кўрсаткич 2,7 фоизга ўсиб, 635,8 млн долларга етган.

Мевалар экспорти даромадлироқ

Статистик маълумотларга кўра, мевалар экспорти ҳам ҳажм, ҳам қиймат бўйича ошган. Мазкур тоифадаги маҳсулотлар экспорти 97,9 минг тоннадан 109,5 минг тоннага етиб, 11,8 фоизга ошган. Экспорт қиймати эса 140,7 млн доллардан 162,2 млн долларига кўтарилиб, 15,3 фоизга ошган.

Алоҳида маҳсулотлар кесимида узум, анор ва қуритилган ўрик экспорти 2025 йилнинг январь-май ойларига нисбатан сезиларли ошган.

2

Хусусан, узум экспорти қарийб икки баробарга яъни 9,6 минг тоннадан 17,7 минг тоннага,  экспорт қиймати эса 10,6 млн доллардан 21,7 млн долларга ошган.

Анор экспорти 3,9 минг тоннадан 7,5 минг тоннага, қиймати эса 5,4 млн доллардан 11,1 млн долларга етган. Шунингдек, қуритилган ўрик экспорти эса 6,8 минг тоннадан 8,7  минг тоннага, қиймат эса 19,7 млн доллардан 26,2 млн долларга кўпайган.

Бироқ айрим мева маҳсулотлари экспорти камайган. Гилос экспорти ҳажми 21,1 минг тоннадан 17,3 минг тоннага тушган бўлса, ундан тушган даромад 42,6 млн доллардан 37,1 млн долларгача қисқарди. Қуритилган олхўри экспорти ҳам 7,4 минг тоннадан 6,9 минг тоннага, экспорт қиймати эса 13,7 млн доллардан 12,7 млн долларга камайди.

Сабзавотлар экспортида вазият турлича

Сабзавотлар экспорти ҳажми бироз қисқарган. 2026 йилнинг январь-май ойларида хорижга 369,3 минг тонна сабзавот экспорт қилинган бўлса, 2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 378,3 минг тоннани ташкил этган.

Шунга қарамай, экспортдан тушган даромад ошган. Агар 2025 йилнинг дастлабки беш ойида сабзавот экспорти 130,2 млн АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шун даврида бу кўрсаткич 138,5 млн долларга етган.

Ўсиш қайд этган маҳсулотлар:

●       карам — 123,1 минг тоннадан 133,9 минг тоннага; экспорт қиймати 46,9 млн  долларидан 51,5 млн АҚШ долларига;

●       помидор — 17,1 минг тоннадан 20,6 минг тоннага; экспорт қиймати 17,1 млн  долларидан 22,7 млн АҚШ долларига;

●       сабзи — 28,4 минг тоннадан 43,1 минг тоннага; экспорт қиймати 5,6 млн  долларидан 9,5 млн долларига.

Бироқ, баъзи сабзавотлар экспортида пасайиш қайд этилган:

●       пиёз — 202,7 минг тоннадан 167,5 минг тоннага; экспорт қиймати 55,2 млн долларидан 48,9 млн долларга;

●       қалампир — 7 минг тоннадан 4,3 минг тоннага; экспорт қиймати 10,2 млн долларидан 8,1 млн  долларга;

●       тарвуз ва қовун — 37,5 минг тоннадан 25,5 минг тоннага; экспорт қиймати 9,5 млн долларидан 8,2 млн долларга.

3

Дуккакли ва ёнғоқ маҳсулотлари экспорти

Хусусан, мош экспорти 2025 йилнинг январь-май ойларидаги 29,8 минг тоннадан 31,9 минг тоннага ошди. Экспортдан тушган даромад ҳам 25,8 млн доллардан 30,4 млн долларга етди. Бу маҳсулот экспорти ҳажми ҳам, ундан тушган даромад ҳам ошганини кўрсатади.

 Ерёнғоқ ва бошқа ёнғоқлар экспорти ҳажми эса ўтган йил даражасида сақланиб, 10,9 минг тоннани ташкил этди.  Бироқ экспорт қиймати 26,2 млн доллардан 24,4 млн долларга камайди. Бу экспорт ҳажми ўзгармаган бўлса-да, даромад қисқарганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz аввалроқ «Нархтаҳлил» платформаси маълумотларига таяниб, ички бозорда айрим мева ва сабзавотлар нархида ўзгаришлар кузатилгани ҳақида хабар берганди. Унга кўра, сабзавотлар орасида помидор нархи бир ҳафтада 10 фоизга арзонлаган бўлса, мевалардан узум нархи 8,8 фоизга пасайган. Бу мавсумий таклифнинг ортиши ҳамда бозорда маҳсулотлар ҳажмининг кўпайиши билан изоҳланади.

 
Диёра Хабибуллаева тайёрлади 

Teglar

Mavzuga oid

Мева-сабзавот экспорти қисқарганига қарамай, даромадлар 2,7 фоизга ошди | Vaqt.uz