Навбатдаги уриниш: тўй, маърака ва оилавий маросимларда меҳмонлар сони қатъий назоратга олинади
22.09.2025 | 13:004 daqiqa
2026-2030 йиллар Ўзбекистонда «Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври» деб эълон қилинмоқда ва тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар белгиланган тартибда ўтказилиши қатъий назоратга олиниши белгиланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябрдаги қарорига кўра, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш одатларини шакллантириш, ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш ҳамда меъёридан ортиқ истеъмолни тарғиб қилишни чеклаш юзасидан оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш ҳам белгиланган.
Шунингдек, 2026-2030 йилларда «Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври»ни самарали ташкил этиш, уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракалар низом талаблари асосида ўтказилиши белгиланган.
Парламентнинг ҳар икки палатаси тасдиқланган Низомга мувофиқ:
- Оилавий тадбирларда 200 нафаргача меҳмон, ош бериш маросимида эса 250 нафаргача киши;
- Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача меҳмон чақириш, унга боғлиқ ош маросимида эса 300 нафаргача киши қатнашиши белгиланган.





