«10 минг қадам пиёда» ташаббуси қайта тикланиши режалаштирилмоқда

Бугун 10:252 дақиқа

Аҳоли саломатлиги ва экологик маданиятни ошириш мақсадида аввал бекор қилинган юриш дастури яна ишга туширилиши кутилмоқда.

«10 минг қадам пиёда» ташаббуси қайта тикланиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда «10 минг қадам пиёда» ташаббуси қайта тикланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди. Ушбу қарор 2026–2030 йилларга мўлжалланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор лойиҳалар тақдимоти доирасида эълон қилинди.

Тақдимот давомида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур дастурни қайта жорий этиш орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, янги «Соғлом турмуш тарзи» платформаси — «1hls» ишга туширилиши ҳам маълум қилинди.

Лойиҳа доирасида фуқароларни жисмоний фаолликка жалб этиш, кунлик юриш ва югуриш одатини шакллантириш асосий мақсад қилиб белгиланмоқда. Аввал ушбу ташаббус орқали кун давомида 10 минг қадам босган иштирокчиларга молиявий рағбат сифатида тўловлар амалга оширилган эди.

Янги экологик ташаббуслар

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мамлакатнинг 14 ҳудудида «яшил техникумлар» ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу таълим муассасалари Green University тизимига академик ҳамкорлик асосида бириктирилади.

Бу орқали экологик таълимни кучайтириш, янги мутахассислар тайёрлаш ва «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш кўзда тутилган. Лойиҳалар мамлакатда экологик маданиятни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Самарқанд шаҳрида GEF-8 ассамблеяси ҳамда Eco Expo Central Asia 2026 халқаро кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган. Бу тадбирлар Ўзбекистоннинг экологик сиёсатдаги халқаро ролини мустаҳкамлашга қаратилган.

Маълумот учун, «10 минг қадам» ташаббуси илк бор 2021 йил 1 июнда ишга туширилган эди. Унда «1hls.uz» платформаси орқали 10 минг қадам пиёда юрган иштирокчиларга 3 минг сўмдан пул тўлаш йўлга қўйилган.

Бироқ 2022 йил 6 апрелдаги президент фармони билан мазкур лойиҳа бекор қилинган.

Теглар

Мавзуга оид