
«Ўзбекистон тажрибаси»: Россияда ҳам IMEIʼни рўйхатдан ўтказиш пулли бўлиши мумкин
Россияда смартфонларни ягона IMEI базасида мажбурий рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда, расмий импорт учун қатъий тўлов, «хуфёна» бозор учун эса қийматга боғлиқ йиғим жорий этилиши мумкин.

Россияда мобил қурилмаларни ягона IMEI-рақамлар базасида мажбурий рўйхатдан ўтказиш режаси муҳокама қилинмоқда. Россия Рақамли тараққиёт вазирлиги маълум қилишича, ушбу жараён учун қўшимча тўлов жорий этилиши мумкин.
Вазирликда айтилишича, ҳозирда бир нечта модел кўриб чиқилмоқда. Расмий тарзда импорт қилинган смартфонлар учун кичик қатъий тўлов белгиланиши мумкин, «хуфиёна» йўллар орқали олиб кирилган қурилмалар учун эса тўлов смартфон қийматининг маълум фоизи сифатида ҳисобланади. Тўлов миқдори ва тартиби алоҳида ҳукумат қарори билан белгиланиши кутилмоқда.
IMEI базасини яратиш ташаббуси телефон фирибгарлигига қарши янги чоралар пакети доирасида илгари сурилмоқда. Унга кўра, алоқа операторлари ҳар бир қурилманинг IMEI рақамини абонент рақами билан боғлаб, ягона платформага узатади. Рақамли тараққиёт вазири ўринбосари Дмитрий Угнивенконинг таъкидлашича, бу чора SIM-карталарнинг ноқонуний мақсадларда, жумладан дронларда қўлланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Манбаларга кўра, IMEI рақамини абонент билан боғлаш талаби 2027 йилдан кучга кириши мумкин. 2028 йилдан эса фақатгина базага киритилган қурилмалар мобил тармоқларда ишлайди. Рўйхатдан ўтмаган смартфонларда SIM-карта ишламайди.
Йиғилган маблағлар федерал бюджетга ёки универсал хизмат жамғармасига йўналтирилиши мумкин. Ушбу жамғарма қишлоқ ҳудудларида базавий станциялар қурилишини молиялаштиради.
Бозор иштирокчиларига кўра, Россияда «хуфиёна» смартфон бозори ҳажми 1 трлн рублдан ошади. Айниқса, премиум сегментда қурилмаларнинг ярмидан кўпи ноқонуний йўллар билан олиб кирилади. Айрим экспертлар бу чора бозорни «оқартириш»га ёрдам бериши мумкинлигини айтса, бошқалар IMEI базасининг ишдан чиқиши алоқа тармоқларини фалаж қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.





