
Ўзбекистонга ўқиш учун келган хорижликлар сони кескин ошди
Маълумотларга кўра, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Корея, Хитой каби мамлакатлардан ҳам кўплар кишилар Ўзбекистонга таълим олиш мақсадида келишган.

2025 йилда Ўзбекистон хорижлик талабалар учун янада жозибадор таълим йўналишига айланди. Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида жами 37,2 минг нафар чет эл фуқароси ўқиш мақсадида мамлакатга ташриф буюрган.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 54,3 фоизга ошган. Таълим мақсадида келганлар орасида энг катта улуш 16,3 минг нафар билан Ҳиндистонга тўғри келади. Кейинги ўринларда Туркманистон (8,9 минг) ва Тожикистон (2,7 минг) жой олган.
Шунингдек, Покистондан 1,7 минг, Хитойдан 1,4 минг, Жанубий Кореядан 870 нафар талабалар Ўзбекистонда таълим олишни танлаган. Қўшни Қирғизистондан ҳам 823 нафар фуқаро ўқиш учун келган.
Рўйхатда, шунингдек, Миср, Филиппин, АҚШ, Туркия, Афғонистон ва Иордания каби давлатлар ҳам бор.
Европа ва бошқа минтақалардан келган талабалар орасида Буюк Британия, Россия, Жанубий Африка Республикаси, Эрон, Қозоғистон, Бангладеш ва Италия фуқаролари қайд этилган.





