
Ўзбекистонликлар пулларини қайси банкларга кўпроқ ишоняпти?
Шунга қарамай, йил давомида аҳоли омонатлари 31 фоизга ўсиб, 160,4 трлн сўмга етди. Ўзбекистонликлар пулларини кўпроқ қайси банкларга ишонаётгани ҳақида Vaqt.uz’да ўқинг.

Марказий банк 2025 йил якунида Ўзбекистон банкларида кредит ва депозитлар бўйича қандай вазият шакллангани ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, банклардаги умумий кредитлар қолдиғи 604 трлн сўмга етган, жами депозитлар эса 417,2 трлн сўмдан ошган. 2025 йил давомида кредитлар 13,3 фоизга, депозитлар эса 35,2 фоизга ўсган.
Аҳоли омонатлари эса йил давомида 31 фоизга кўпайиб, 160,4 трлн сўмга етди. Бу борада «Капиталбанк» ҳамон ўзбекистонликлар пулларини энг кўп ишонаётган банк сифатида етакчиликни сақлаб қолмоқда — 26,1 трлн сўм. Банкда аҳоли омонатлари ўтган йили 4 трлн сўмга ошган.

«Миллий банк» 16,7 трлн сўм билан иккинчи ўринда. 2025 йилда банкда аҳоли омонатлари 4,1 трлн сўмга кўпайган.
«Агробанк» эса 2025 йил давомида аҳоли омонатларини 6,5 трлн сўмга ошириб, 15,9 трлн сўмга етказди. Ўтган йилда айнан шу банк омонат жалб қилишда энг фаол банк бўлди.
Бироқ бу ерда «Агробанк»нинг давлат банки экани ва бюджет ходимларининг катта қисми айнан шу банк орқали маош олиши муҳим роль ўйнаган.
Ҳозирда аҳоли пулларининг 74,7 трлн сўми давлат банкларида, 85,7 трлн сўми эса хусусий банкларда сақланмоқда.
Нега банкларда аҳоли омонатлари шунчалик кўпайди?
Ўтган йил бошида Ўзбекистон банкларида омонатлар бўйича максимал фоиз ставкаси 23 фоизгача чекланган бўлса-да, инфляциянинг пасайиши банкка пул қўйишни жозибалилигича қолдирди.
2025 йилда инфляция 7,3 фоизгача пасайиб, 2017 йилдан бери энг паст кўрсаткични қайд этди. Илгариги йилларда инфляция ҳисоб-китоб методологиясига нисбатан саволлар бўлганини инобатга олсак, буни мамлакат тарихидаги энг паст инфляция деб аташ мумкин.
1 декабрь ҳолатига кўра, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 11,5 фоиз ва 10,5 фоизгача пасайган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ноябрь ойида аҳоли омонатларининг реал фоиз ставкаси 8,5 фоизгача кўтарилиб, рекорд даражани янгилади. Аввалги энг юқори кўрсаткич 2024 йил октябрида кузатилган — 8,3 фоиз.
Реал фоиз ставкаси ўсиши ортидан банк омонатлари йил давомида жозибадорлигини сақлаб қолди ва сезиларли ўсишни қайд этди.
2026 йилда омонат очиш фойдали бўладими?
Жорий йилда ҳам Ўзбекистонда инфляция кўрсаткичи пасайишда давом этиши кутилмоқда. Ҳукумат идоралари йил охирида инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлишини прогноз қиляпти.
Бу эса омонат очишга қўшимча чекловлар киритилмаса, 2026 йилда ҳам омонатларнинг реал фоиз ставкаси ўсишда давом этишини англатади.
Фоиз ставкалари ҳозирги даражаларга яқин сақланиб қолса, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиши реал фоиз ставкасининг ўсишига хизмат қилади. 2027–2028 йилларда инфляция 5 фоизгача тушиши кутилмоқда.
Ривожланмаган фонд бозори ва кўчмас мулк бозоридаги мўътадиллик фонида омонат очиш тўғри инвестицион қарор бўлиши мумкин.
Масалан, 2025 йилда Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жой нархлари 8 фоизга ошди. Бу кўрсаткич омонатлар бўйича даромаддан анча паст.
Шу билан бирга, омонатларнинг кафолатлангани ҳам уларга инвесторларни жалб қилмоқда. Қонунчиликка кўра, банкларда 200 млн сўмгача бўлган омонатлар давлат томонидан кафолатланади.
Бу кафолат ҳар бир банкка нисбатан алоҳида қўлланади. Шу тариқа омонатчилар бир нечта банкка пул жойлаштириш орқали умумий кафолат ҳажмини ошириш имкониятига эга.
2025 йилгача банклардаги омонатлар тўлиқ қисми давлат томонидан кафолатланар эди.
Омонатларга муқобил инвестиция воситаси сифатида олтин нархининг 2026 йилда ҳам ўсиши кутилмоқда. Бу инвесторлар учун жозибали вариантлардан бири бўлиб қолмоқда. Олтинга Ўзбекистонда қандай сармоя киритиш мумкинлиги ҳақида алоҳида мақолада ўқиш мумкин.
Олтин қисқа муддатдан кўра, узоқ муддатли инвестиция учун ишончлироқ восита ҳисобланади.





