
Ўзбекистонликларнинг чет давлатда туғилган фарзанди Ўзбекистон фуқароси ҳисобланадими?
Қонунчиликка кўра, боланинг қаерда туғилгани эмас, ота-онасининг фуқаролиги ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Ўзбекистон фуқароларининг чет давлат ҳудудида фарзандли бўлиши амалда фуқаролик масалаларида кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, боланинг туғилган жойи унинг фуқаролик мақомини белгилаб бермайди. Асосий мезон — туғилган пайтда ота-онасининг фуқаролиги ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролик тўғрисида»ги қонунига кўра, бола туғилган жойидан қатъи назар, агар туғилган вақтда унинг ота-онаси ёки ёлғиз ота-онаси Ўзбекистон фуқароси бўлса, бола туғилганлик бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олади. Шунингдек, агар ота-онанинг бири Ўзбекистон фуқароси, иккинчиси эса фуқаролиги бўлмаган шахс ёки бедарак йўқолган деб топилган бўлса ҳам, бола Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.
Ариза талаби ва истиснолар
Қонунчиликда муҳим жиҳат сифатида шу шарт белгиланганки, болага Ўзбекистон фуқаролигини расман расмийлаштириш ота-онасидан бири ёки қонуний вакилнинг илтимосномаси асосида амалга оширилади. Яъни фуқаролик автоматик тарзда эмас, тегишли тартиб-таомиллар орқали расмийлаштирилади.
Агар ота-онанинг бири Ўзбекистон фуқароси, иккинчиси чет давлат фуқароси бўлса ҳам, бола туғилганлик бўйича Ўзбекистон фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, отаси ёхуд онаси Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган болага оталик ёхуд оналик белгиланган ёки тан олинган тақдирда, бола, туғилган жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган, ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) у туғилган пайтда чет давлат фуқаролари бўлган ёхуд ота-онасидан бири чет давлат фуқароси, бошқаси эса фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган бола туғилганлик бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олмайди.





