Logo

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозини яхшилади

Бугун 10:552 дақиқа

Жамғарма инфляция бўйича прогнозини ҳам оширди. Аввал ХВЖ 2026-йилда инфляция 6,8 фоиз, 2027-йилда эса 5 фоиз бўлишини тахмин қилган эди.

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозини яхшилади © CFP

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон иқтисодиёти 2026-йилда 7,8 фоизга ўсишини кутмоқда. Аввал бу кўрсаткич 6,8 фоиз деб баҳоланган эди. 2027-йил учун прогноз ҳам 6 фоиздан 6,5 фоизга оширилди. Бу ҳақда жамғарманинг октябр ойида эълон қилинган янги ҳисоботида маълум қилинган.

ХВЖнинг янги баҳоларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026-йилда апрел ойида кутилганидан 1 фоиз пунктга, 2027-йилда эса 0,5 фоиз пунктга тезроқ ўсади. 2025-йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 7,7 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, жамғарма инфляция бўйича прогнозини ҳам оширди. Унга кўра, 2026-йилда нархлар 6,9 фоизга, 2027-йилда эса 5,7 фоизга кўтарилиши кутилмоқда. Аввал ХВЖ 2026-йилда инфляция 6,8 фоиз, 2027-йилда эса 5 фоиз бўлишини тахмин қилган эди.

Демак, янги прогнозга кўра, 2026-йилда нархлар аввал кутилганидан бироз тезроқ, 2027-йилда эса сезиларли даражада тезроқ ўсиши мумкин.

ХВЖ ишсизлик даражаси пасайишда давом этишини ҳам кутмоқда. Жамғарма баҳоларига кўра, ишсизлик 2025-йилдаги 4,8 фоиздан 2026-йилда 4,3 фоизга, 2027-йилда эса 3,8 фоизга тушади.

Ташқи савдо ва пул ўтказмалари бўйича вазият

ХВЖ Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий операцияларидаги тақчиллик аввал кутилганидан юқори бўлишини прогноз қилмоқда.

Жамғарма баҳоларига кўра, жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 2026-йилда ЯИМнинг 5,1 фоизини, 2027-йилда эса 4,6 фоизини ташкил этади. Апрел ойидаги прогнозда бу кўрсаткичлар мос равишда 3,2 ва 3,6 фоиз бўлиши кутилган эди.

Оддий қилиб айтганда, бу Ўзбекистоннинг товарлар ва хизматлар савдоси, хориждан олинадиган даромадлар ҳамда пул ўтказмалари билан боғлиқ ташқи тўловлари ва тушумлари ўртасидаги фарқ аввал тахмин қилинганидан каттароқ бўлишини англатади.

Янги прогнозга кўра, тақчиллик 2026-йилда аввалги баҳолашдан 1,9 фоиз пунктга, 2027-йилда эса 1 фоиз пунктга юқори бўлади.

2025-йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМнинг 3,9 фоизини ташкил этган. ХВЖ апрел ойидаги ҳисоботида тақчиллик камайишини хомашё ва бошқа товарлар экспортининг юқори ҳажми, шунингдек, хориждан келадиган пул ўтказмалари кўпайиши билан изоҳлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ХВЖдан қанча қарздорлиги ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?
Кеча 17:37

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?

Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда хом ашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш йўлида сезиларли натижаларга эришди. Бироқ экспорт ҳажмини ошириш, айниқса, АҚШ, Европа Иттифоқи каби йирик бозорларга чиқиш осон кечмаяпти. Россия–Украина уруши ортидан халқаро юк ташиш йўналишларида юзага келган мураккабликлар, транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатлари билан боғлиқ ноаниқликлар ўзбек экспортчилари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон маҳсулотлари Америка бозорида ўз ўрнини топа оладими? Бунинг учун нималарни ўзгартириш керак? Тўқимачилик соҳасида 11 йиллик тажрибага эга, ҳозирда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида тўқимачилик савдоси кўпригини қураётган тадбиркор Камолхон Касимовнинг фикрлари ва амалий тажрибаси асосида ушбу саволларга жавоб изладик.