Logo

Томорқа иссиқхоналари учун ер ва мол-мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиши мумкин

Бугун 13:202 дақиқа

Ўзбекистонда томорқа иссиқхоналарига солиқ имтиёзларини бериш, жумладан, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш, 2030-йилгача ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш ҳамда энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатининг ярмини қоплаш таклиф этилмоқда.

Томорқа иссиқхоналари учун ер ва мол-мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Шавкат Мирзиёев иссиқхона хўжаликларида экологик хавфсиз ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди. Унда шахсий томорқалардаги иссиқхоналарни модернизация қилиш учун бир қатор солиқ ва молиявий имтиёзлар бериш таклиф қилинди.

Хусусан, 2030-йилгача томорқа иссиқхоналари учун ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатининг ярмини қоплаш таклиф этилган.

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги хонадонларга экологик тоза энергия манбалари ҳамда самарали ускуналарни жорий этиш учун 100 миллион сўмгача грант ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Янги иссиқхона қуришга 300 миллион сўмгача, мавжудини қайта жиҳозлашга эса 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш таклиф қилинди.


Иссиқхоналарга янги талаблар

Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта туманда иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, табиий газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқиш тақиқланиши кўзда тутилмоқда. Қаттиқ ёқилғида ишлаётган иссиқхоналарга 2026 йил 1-декабрга қадар экологик тоза энергия манбаларига ўтиш таклиф этилди.

2026-йил 15-октябрдан 2027-йил 15-мартгача иссиқхоналарда доимий экологик мониторинг ўтказилиши режалаштирилган. Чанг-газ тозалаш ускуналари, ҳавога чиқарилаётган ташламалар ва ёқилғи турларига қўйилган талаблар назорат қилинади. Маълумотлар Экология қўмитасининг ахборот тизимига реал вақт режимида узатилади. Қоидабузарликлар аниқланса, зарур ҳолларда иссиқхона фаолияти тўхтатилиши мумкин.

Иссиқхоналар кўчирилиши мумкин

Тақдимотда иссиқхона хўжаликларини экологик талабларга мослаштириш учун ҳар гектарга 50 миллион сўмгача субсидия ва етти йил муддатга 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратиш таклиф этилди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасида замонавий иссиқхоналар ва агрологистика объектларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ерга банклар балансидаги иссиқхоналарни ҳам кўчириш таклиф қилинди.

Лойиҳа доирасида 400 гектар майдонда иссиқхоналар ва агрологистика объектларини қуриш, инфратузилмага 220 миллиард сўм ва лойиҳаларни молиялаштиришга 200 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган. 2027 йилда 100 миллион доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид