Logo

Президент дўстининг маҳкумлиги: Жапаров ва Ташиев тандеми қандай бошланган эди ва нега дарз кетди?

Bugun 18:3010 daqiqa

Ташиевга 4 йил берилди. Лекин ўзи ишдан рози эмас.

Жапаровнинг ишонган тоғи Қамчибек Ташиев пробация назорати қўлланган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва икки дўстнинг тандемига дарз кетди. Собиқ ҳарбий асир, импульсив ва харизматик сиёсатчи, кўплаб баҳсли баёнотлар муаллифи ҳамда жанжаллар, митинглар уюштиришга устаси фаранг, қолаверса пойтахтдаги ҳукумат биноси бўлмиш Оқ уйга бостириб киришга қодир бўлган ва бугун ҳам яна судга тортилган Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ «боши» Қамчибек Ташиев бундай иқтидорга қандай келганди? Ушбу материалимизда Жапаров ва Ташиевнинг ҳокимиятга келгунига қадар босиб ўтган йўллари, уларнинг қамоқда ўтирган вақтлари ва бошқа сиёсий воқеликларга тўхталамиз.

«75лар хати»

Жорий йилнинг 9 февраль куни интернетда президент Садир Жапаров ва ўша пайтдаги Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли номига мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш сўрови битилган жамоавий мурожаат пайдо бўлганди. Хатни 75 нафар турли жамоат ва сиёсат арбоблари имзолаган. Орадан ҳеч қанча ўтмай, 10 февраль куниёқ Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси лавозимидан маҳрум бўлди. Жапаров унинг истеъфосини изоҳлар экан, жамиятда тарқоқлик ва бўлинишга йўл қўймаслик мақсадида шундай қарорга келганини айтган эди. Апрель ойида Ташиев ва бир қатор таниқли сиёсатчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани юзага чиқди.

2 июль куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди ана шу шов-шувли жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди. Иш фигурантлари орасида собиқ юқори лавозимли амалдорлар ва сиёсатчилар бор эди. Суд муҳокамаси ёпиқ тартибда ўтган бўлса-да, ҳукм оммавий равишда эълон қилинди. Уларнинг бари “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш” бўйича айбдор деб топилди ва мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Аммо бошқалар қатори Ташиев ҳам мансаб мавқеини суиистеъмол қилмагани айтилиб, оқланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси уч йил муддатга пробация назоратига алмаштирилди. Агар ушбу уч йил давомида маҳкумлар қонунни ёки пробация шартларини бузса, уларга ҳақиқий қамоқ жазоси хавф солади.  Шу тариқа, улар жазони колонияда ўтамайдиган бўлди. Табиийки Ташиев ишдан рози эмас ва юқори инстанцияга шикоят қилиш истагида.

Ташиев қандай танилди?

Ўзи бу тандем қандай бошланганди? Ташиев 2000 йилда биринчи марта парламентга номзодини қўйди, аммо муваффақиятсизликка учраганди. У фақат 2005 йилги инқилобдан сўнг собиқ президент Қурманбек Бакиев ҳокимият тепасига келганида парламент аъзоси бўлишга муваффақ бўлди. Бакиев даврида Ташиев ёқилғи-энергетика комплекси раиси этиб тайинланди ва конституцияга ўзгартиришлар киритишда фаол иштирок этди. Бироқ, охир-оқибат, Ташиев мамлакат асосий қонунининг якуний версиясидан қониқмади: телевизорда Бакиев янги конституцияни имзолаганида, Ташиев давлат мадҳияси садолари остида ׅ«Уят!» деб бақирди ва кейинчалик интервью бериб, «ҳеч қачон парламентга номзодини қўймаслиги»ни айтди.

1


Унинг сиёсатдан кўнгли қолиши узоққа чўзилмади. 2007 йилда Ташиев Бакиевни қўллаб-қувватлаган ўзининг «Ота-Юрт» партиясини тузди. Шу туфайли сиёсатчи бир йил ўтиб фавқулодда вазиятлар вазири бўлди. Хавфсизлик Кенгашига қўшилгач, генерал-майор унвонига лойиқ кўрилди.

Аммо унинг президент билан яхши муносабатлари 2009 йилда тугади: бош вазир Дониёр Усенов Ташиевни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг нақд пул захираларини ўзлаштиришда айблади ва уни жанжал ортидан ишдан бўшатди. Бунга жавобан Ташиев ҳукумат йиғилишидан намойишкорона чиқиб кетди ва Усеновни истеъфога чиқариш учун жон жаҳди билан тиришишини айтди.

2020 йил октябрь ойида Садир Жапаров Қирғизистонда ҳокимият тепасига келгач, узоқ йиллик дўсти Қамчибек Ташиевни мамлакат хавфсизлик қўмитасига раис қилиб қўйганди. Дастлабки олти ой давомида Ташиев бир нечта шов-шувли коррупция ҳолатлари бўйича тергов ишларини якунлашга муваффақ бўлди ва ўнлаб қирғиз ва тожик фуқароларининг ҳаётига зомин бўлган чегара можаросининг марказида қолди. Унинг исми оммавий ахборот воситаларида ва у тақдим этадиган янгиликларда тез-тез тилга олиниши жиҳатидан мамлакатнинг юқори лавозимли хавфсизлик ходими президент билан рақобатлаша бошлади.


Соф наслли қирғиз 

2010 йилги инқилоб ва Бакиевлар оиласининг Қирғизистондан қочиб кетишидан сўнг, Ташиев Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлади. Ўша йил охирида Ташиевнинг «Ота-Юрт» партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди ва мамлакат жанубидаги сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига сазовор бўлди. 2011 йилда Ташиев президентликка номзодини қўйди, аммо социал-демократ Алмазбек Атамбаевга ютқазди. Бир йил ўтгач, Ташиев ўзини яна бир жанжал марказига қўйди: журналистлар билан суҳбатда у Қирғизистонни ׅ«соф қонли қирғизлар» бошқариши кераклигини иддао қилди:

«Ҳеч ким хафа бўлмасин, мен буни очиқчасига айтаман: мен ҳукумат раҳбари давлатга иштиёқли соф қонли қирғиз бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Биз ҳар доим бошқаларга эргашганмиз: яҳудийлар, татарлар, руслар. Бабанов ҳокимиятга келди ва энди биз курдлар билан ўйнаяпмиз».

Бу сўзлар сиёсатчини миллатчиликда айблашга ундади, аммо ўзининг радикал фикрлайдиган ватандошлари орасида машҳурлигини оширди. Айрим сиёсатчилар Ташиевнинг бу баёнотини жинси, ирқи, миллати ёки ёшидан қатъи назар, барча фуқароларининг тенглигини эълон қиладиган замонавий жамиятда «жуда масъулиятсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» дея баҳолади. 2012 йилда Ташиев ва унинг партиядоши Садир Жапаров Қирғизистоннинг Қумтор олтин конини ўзлаштираётган Канаданинг «Centerra» олтин қазиб олиш компанияси билан тузган келишувининг адолатсизлигидан хавотир билдирди. Мухолифат конни миллийлаштиришни ёқлаб чиқди, натижада Оқ уй олдида оммавий митинг бўлиб ўтди ва Ташиев, Жапаров ва кейинчалик парламент спикери бўлган  Талант Мамутов маъмурий бинонинг панжарасидан ошиб ўтишга уринди.

2013 йилда Иссиқкўл вилоятида Қумтор конининг эгаларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ушбу норозилик намойишларидан бирида вилоят ҳокими Эмилбек Каптагаев гаровга олинди. Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси Жапаровни «норозилик намойиши ташкилотчиси» деб атади ва унга қарши ўлдириш билан таҳдид қилиш, гаровга олиш, безорилик ва ҳукумат амалдорига нисбатан зўравонлик айбловлари бўйича жиноий иш қўзғатди. Жапаров тартибсизликлар ва амалдорнинг қўлга олинишига алоқадорлигини рад этди ва тергов бошланишидан олдин Қирғизистонни тарк этди.

Мухолифат ҳокимиятни қўлга кирита олмади, уларга қарши жиноий айбловлар қўзғатилди ва улар парламентдаги ўринларидан маҳрум қилинди. Аммо ўшандан бери Қумторнинг канадалик эгаларига қарши кураш Жапаров ва Ташиев учун принципиал масалага айланди. 2012 йилда «Ота-Юрт» партияси ўз кучини нотўғри ҳисоблаган, чунки Атамбаев бошчилигидаги Социал-демократлар аллақачон ўз мавқеини мустаҳкамлашга муваффақ бўлганди.  Бундай нарсалар сиёсатда жазосиз қолмайди. Ташиев, Жапаров ва Мамутовга қарши узоқ суд жараёни бўлиб ўтди. Уларга шундай жазолар берилдики, дарҳол озод қилинди, аммо уларда ҳали ҳам жиноий ёзувлар бор эди: улардан сиёсатдан кетиш сўралди.

Бир қанча экспертлар ўшанда Ташиев «хотиржамроқ бўлиш кераклигини» тушунганини айтди, аммо Жапаров норозилик намойишларини давом эттирди, бу эса яна бир жиноий иш — Иссиқкўл вилояти ҳокимини гаровга олиш билан боғлиқ ҳолатга олиб келди.


Ҳам дўст, ҳам жанжаллашишни биладиган сиёсатчи

Кўпчилик Ташиевнинг миллатчи ва популист сиёсатчи эканини айтади, аммо айримларнинг айтишича, унинг қизиқарли хусусияти бор: у бошқа сиёсатчилар билан қандай жанжаллашишни ҳам, дўстлашишни ҳам билади.

 

2

2017 йилда Садир Жапаров вилоят ҳокимини гаровга олгани учун 11,5 йилга қамоққа ташланди, аммо Иссиқкўлнинг собиқ ҳокими Каптагаев Жапаровни айбдор деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Бир йил ўтгач, Бишкекда унинг озод қилиниши учун норозилик билдирган Жапаров тарафдорларига безорилик ва мулкни қасддан йўқ қилиш айбловлари билан қамоқ жазоси ва шартли жазо тайинланди. Ушбу воқеадан икки кун ўтгач, Марказий сайлов комиссияси Ташиевни сайловолди пойгасидан четлаштирди. Шундан сўнг, Ташиев ҳеч қандай лавозимни эгалламади.

3

Ташиев Қирғизистон аҳолисининг аксарияти эшитишни истаган нарсани айтарди ва у оломон олдида ўзини жуда хотиржам ҳис қиларди. У қачон қаттиққўл, қачон юмшоқ бўлиш, қачон кимнидир қучоқлаш кераклигини биларди. У сайловчиларини тушунарди. Ҳа, у ўзининг қўпол баёнотлари учун танқид қилинган, аммо одамларга бу жуда ёқарди.


Жапаровнинг муддати ва мамлакатда ҳокимият алмашинуви

2017 йилда олдинги тўрт йил давомида чет элда яшаган Садир Жапаров президентликка номзодини қўйиш ниятини эълон қилди. Хавфсизлик кучлари уни қирғиз-қозоқ чегарасини кесиб ўтаётганда ҳибсга олди, бу эса Бишкекда полиция билан тўқнашувларга олиб келган норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Ташиевнинг ўзи президентлик пойгасида иштирок этишни хоҳлаган, аммо охир-оқибат ҳукуматпараст номзод Сооронбай Жээнбековни қўллаб-қувватлаган.

Ташиев Жапаровнинг озод қилиниши масаласини доимий равишда кўтариб келган. 2020 йил октябрь ойи унинг реабилитацияси учун қулай пайт бўлди. Ўша пайтда Ташиев парламентга номзодини қўйган ва Жапаров ўн йил олдин асос солган «Мекенчил» партиясига раҳбарлик қилган. Партиянинг сайловолди плакатларида Ташиевнинг портрети билан бирга Жапаровнинг портрети ҳам бор эди.

2020 йил октябрь ойидаги оммавий намойишлар ва тартибсизликлар ортидан Жапаров тарафдорлари томонидан қамоқдан чиқарилган. Ҳокимият алмашгандан сўнг, Жапаров барча айбловлар ва судланганликдан озод қилинди, президентлик сайловларида ғалаба қозонди ва давлат раҳбарининг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирган янги конституцияни қабул қилди.

2012 йилда Жапаров, Ташиев ва Мамутов ошиб ўтган Оқ уй яқинидаги девор демонтаж қилинди . Мамутов парламент спикери, Ташиев эса чегара хизматини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари бўлди. Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари бўлганидан сўнг, у баҳсли чегара ҳудудларидаги тожик ерларини қирғиз ерларига алмаштириш бўйича бир нечта баёнотлар берди. Бироқ, бу баёнотлар дарҳол Тожикистон расмийлари томонидан рад этилди. Чегара зонасида қонли можаро бошланиб, ўнлаб қирғиз ва тожик фуқаролари ҳалок бўлганидан сўнг, бир нечта оммавий ахборот воситалари чегара можаросининг авж олишининг сабабларидан бири сифатида Ташиевнинг асоссиз даъволарини келтирди.


«Схемалар» ўйини: Ташиев непотизми

Қирғизистон Давлат солиқ хизматининг «Схемалар» дастури мамлакат нефть соҳасидаги миллиардлаб ўғриликлар бўйича таҳлил натижаларига кўра, «Қирғизнефтгаз» шубҳали воситачилик ўйинлари ва хомашёни асоссиз ҳисобдан чиқариш схемалари туфайли 45,7 миллион доллардан ортиқ маблағ йўқотган. 2021–2025 йиллар давомидаги ҳисоб-фактуралар ва компания маълумотлари ўрганилганда учта асосий схема аниқланган.

Ушбу схемалар орқали давлат нефтидан келган фойда Ташиевнинг қариндошлари ва яқинлари билан боғлиқ бўлган шахсларнинг қўлида тўплангани айтиляпти. Беш йил давомида «Қирғизнефтгаз» қарийб 879 минг тонна нефть қазиб олган. Ҳисоботларда 29 минг тоннага яқин хомашё ишлаб чиқаришдаги йўқотиш сифатида ўчирилган. Бироқ корхона мутахассисларининг кўрсатмасига кўра, реал йўқотишлар қазиб олинган ҳажмнинг 1 фоизидан (тахминан 9 минг тонна) ошмаслиги керак. Оқибатда расмий ҳисобдан 20 минг тонна хомашё «ғойиб бўлган», бу эса ўртача нархларда тахминан 6,4 миллион долларга тенг.

Кейин нима бўлади?

Яқин яқингача Жапаров ва Ташиев тандеми ўсишда давом этаётганди, аммо «75лар хати» бу тандемни ишдан чиқарди. Ишдан олинган пайтда Ташиев даволаниш учун хорижда эди. Кимдир икки дўст энди душманга айланганини айтган бўлса, айримлар буни ўзаро яширин келишув деди. Сал ўтмай Ташиев қайтиб келди ва тергов бошланди. Табиатан баҳсли масалаларни тинч ва зиддиятларсиз ҳал қилишни маъқул кўришини айтган Жапаров унга соғлиғига эътибор беришини айтиб, у билан дўст бўлиб қолишини гапириб чиқди. Ҳамма «оқсоқоллар ва кўксоқоллар»ни тозалаб, ҳукуматни тартибга келтиришини урғулар экан, Жапаров қандайдир маънода бунга эришди ҳам.

4

Таҳлилчилар Жапаров айнан мамлакатдаги тўс-тўполон ортидан президент бўлгани, бу орқали етарли хулосалар чиқаргани сабаб энди худди шу воқеа ўз ҳаётида такрорланиши мумкинлигидан хавотирга тушиб, «тозалаш» қилганини айтяпти. Вазият қандай кечиши мумкин? Сўнгги йилларда давлат раҳбари фақат митинглар, ички низолар сабаб алмашаётган Қирғизистонда яна бир ҳокимият тўнтарилиши бўлиши мумкинми? Фикрингизни ёзиб қолдиринг, воқеалар ривожини «Vaqt.uz» билан кузатинг.




 

Teglar

Mavzuga oid