add

Қамчибек Ташиев: «Абдулла Арипов билан урушиб, жанжаллашиб қолган пайтларимиз ҳам бўлди»

07.01.2026 | 19:252 daqiqa

«Бир вақт Ўзбекистон тарафдан комиссия етакчиси Ўзбекистоннинг бош вазири Абдулла Арипов ва биз тарафдан мен сўзлашиб ўтириб келишмай қолдик. Урушиб кетдик!», - дея Ўзбекистон билан чегара масалаларини ҳал қилиш жараёнлари ҳақида эслади у.

Қамчибек Ташиев: «Абдулла Арипов билан урушиб, жанжаллашиб қолган пайтларимиз ҳам бўлди»

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 5 йиллик фаолиятига бағишланган филмда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Ўзбекистон билан чегара масалаларини ҳал қилиш жараёнлари қандай кечгани ҳақида гапирди.

Унинг таъкидлашича, жараён осон ўтмаган, баъзан музокаралар кескин тус олган. Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан тортишиб, ўзаро урушиб қолган пайтлари ҳам бўлган:

«Шундай бир онлар бўлиб қолдики, биз урушиб, жанжаллашиб, қўлимиздаги барча қоғозларни стол устига ташлаб қўйиб, икки томонга чиқиб кетган кунларимиз бўлди. Ҳаммасини батафсил айтсам, давлат сирини очган бўламан… Бир вақт Ўзбекистон тарафдан комиссия етакчиси Ўзбекистоннинг бош вазири Абдулла Арипов ва биз тарафдан мен сўзлашиб ўтириб келишмай қолдик. Урушиб кетдик! Овозимни баландлатиб, яхши-ёмон сўзлар сўзлаб, урушиб кетдик. У ҳам бурилиб кетди, мен ҳам бурилиб кетдим. Шундан кейин у «кел, бошқатдан гаплашайлик» деди, мен эса «йўқ, гаплашмайман», деб туриб олдим.

Қамчибек Ташиевнинг таъкидлашича, мулоқот боши берк кўчага кирганидан сўнг икки давлат президентлари ҳам шахсан аралашган.

«Президентимиз ўртага тушди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро сўзлашиб, бизни қайтадан музокара столига ўтқазган кунлари-да бўлди. «Қўйинглар, урушманглар, талашманглар, ўтиринглар, масалани ечинглар. Барибир ўзимиз ечамиз», деб бизни қайтариб столга ўтқазишди, биз қайтадан чегара масалаларини ечиш жараёнларига киришдик. Четда турган одамга бу масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлгандек кўринаверади. Асосий масала, биз чегарамиз билан боғлиқ масалаларни ечиб олдик, мамлакатимиз юридик жиҳатдан том мустақилликка эга бўлди. Шу ишлар бўлмаганида ҳалигача бошимиў жанжалдан чиқмай юрарди», — дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг умумий узунлиги 1 476 км ни ташкил этади. Чегара асосан тоғли ва мураккаб рельефли ҳудудлардан ўтади: Ўзбекистон томонидан Тошкент вилоятидан бошланиб, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари орқали ўтса, Қирғизистонда Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятлари бўйлаб кечади. 2017 йилгача Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг 85 фоизи демаркация қилинган, қолган қисми баҳсли ҳудудлар бўлиб турган эди. Қолган қисмини Садир Жапаров президент бўлганидан кейин ҳал қилди. Сўнгги йилларда ҳар икки давлат ҳукумати баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришди. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бўйича муаммолар қолмади.

Аввалроқ, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев «Президент» филмида Ўзбекистон етакчисининг Марказий Осиёдаги қайсидир давлат муаммоси бошқаларининг ҳам имижига таъсир қилиши, қирғиз-тожик чегарасидаги низолани тугатиш ҳақидаги гапларини эсга олгани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid