Қорабоғдаги кўринмас уруш: миналар ва инсон тақдирлари
Асрлар давомида урушлар ҳеч бир халқ ва ҳеч бир мамлакатга бахт келтирмаган, уларнинг оқибатлари эса йиллар давомида сақланиб қолган. Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 80 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳанузгача портламаган снаряд ва миналарга дуч келинмоқда.

Озарбойжон ҳам дунёда миналар билан энг кўп зарарланган давлатлар қаторига киради. Арманистон 30 йил давомида ишғол остида сақлаган ҳудудларни харобага айлантириб, инфратузилмани вайрон қилиш билан бирга, шаҳар, қишлоқ ва посёлкаларга олиб борувчи йўлларни, тарихий ёдгорликлар жойлашган ҳудудларни, қабристонларни ва экин майдонларини қаричма-қарич миналаштирган.
Қорабоғ ишғолдан озод этилгач, биринчи навбатда ушбу ҳудудларни миналардан тозалаш ишлари бошланган. Айни кунларда ҳам бу ишлар муваффақиятли давом эттирилмоқда. Минадан тозалаш операциялари ANAMA, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ), Давлат чегара хизмати (ДЧХ) ҳамда ушбу соҳада ихтисослашган хусусий компаниялар томонидан амалга оширилмоқда.

Ишларни янада тез ва хавфсиз олиб бориш мақсадида «Impotex» компаниялар гуруҳи томонидан бир неча йил аввал «Made in Azerbaijan» бренди остида ишлаб чиқарилган «Revival P» механик минадан тозалаш машиналари Минадан тозалаш агентлигига топширилган. Халқаро минадан тозалаш стандартларига мувофиқ, механик минадан тозалаш воситалари пиёда ва танкка қарши мина чизиқларини аниқлаш, ҳудудларни тозалаш учун майдонларни тайёрлаш ҳамда мина қидирувчи итлар кўмагида шубҳали ва хавфли ҳудудларни қисқартириш мақсадида қўлланилади.
Минадан тозалаш методологияларидан бири бўлган механик минадан тозалаш воситалари операцияларни самарали ва хавфсиз бажаришда энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади. «Revival P» пиёдага қарши механик минадан тозалаш машиналари 7 кг тротил эквивалентидаги портлашига бардошлидир. Белгиланган стандартларга асосланиб, механик воситаларнинг олд қисмида жойлаштирилган зарбадор мосламалар ёрдамида тупроқни уриб текислаш мураккаб релефли ҳудудларда операцияларни амалга ошириш имконини беради. Машиналарнинг масофадан бошқарилиши ходимлар хавфсизлигини таъминлайди. «Revival P» минадан тозалаш воситалари «Буюк Қайтиш» дастури доирасида амалга оширилаётган қайта қуриш ва тиклаш ишлари, шунингдек, собиқ мажбурий кўчирилган аҳолининг ўз туғилиб ўсган юртларига хавфсиз қайтишини таъминлашга қаратилган гуманитар минадан тозалаш фаолиятига катта ҳисса қўшмоқда.
Урушдан зарар кўрган туманларда ANAMA томонидан мунтазам равишда мина ва портловчи қурилмалар хавфи бўйича аҳолига тушунтириш ва огоҳлик тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Аҳолини бундай хатарлардан ҳимоя қилиш, портловчи ўқ-дорилар келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлардан сақлаш ҳамда хавфсиз муҳит яратиш масалаларига Агентлик алоҳида эътибор қаратади. Шу мақсадда қишлоқ аҳолиси, якка тартибдаги тадбиркорлар ва қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар ўртасида ушбу йўналишда тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилади.

Жорий йилнинг 7 январ куни Жабройил туманининг Меҳдили қишлоғи ҳудудида пиёдаларга қарши миналардан тозалаш операцияларига жалб этилган хусусий компаниялардан бирининг ходими, 1985 йилда туғилган Маммадов Рашод Наримон ўғли хизмат вазифасини бажариш чоғида пиёдага қарши мина портлаши натижасида жароҳат олган. Ҳодиса оқибатида жабрланувчи оёғининг пастки қисмидан енгил тан жароҳати олган.
Шунингдек, 11-январ куни Ағдара туманининг Қизилоба қишлоғи ҳудудида нодавлат ташкилот ходими, 1988 йилда туғилган Каримов Элвин Ҳамиддин ўғли ҳам хизмат вазифасини бажариш вақтида пиёдага қарши мина портлаши натижасида жароҳатланган. Ушбу шахснинг ўнг оёғи тўпиқ қисмидан ампутация қилинган.
Минадан тозалаш агентлигининг маълумотига кўра, ишғолдан озод этилган ҳудудларда минадан тозалаш фаолиятига жалб қилинган ташкилотлар томонидан 2025 йилда амалга оширилган минадан тозалаш операциялари давомида ўтган йили Озарбойжоннинг Тартар, Ағдара, Калбажар, Ағдам, Хўжали, Хонкенди, Хўжаванд, Лочин, Шуша, Фузулий, Қубадли, Жабройил ва Зангилон туманларида олиб борилган ишлар пайтида 4963 дона пиёдаларга қарши мина, 1861 дона танкка қарши мина ва 52 минг 392 дона портламаган ҳарбий ўқ-дори аниқланиб, зарарсизлантирилган.

2021–2025-йиллар оралиғида эса умумий ҳисобда 248 391,6 гектар ер майдони мина ва портламаган ҳарбий ўқ-дорилардан тозаланган.
«Озарбойжон Республикасининг ишғолдан озод этилган ҳудудларига Буюк Қайтиш бўйича II Давлат дастури»нинг тадбирлар режасига мувофиқ, 2026 йил охиригача 280 минг гектар майдонни миналардан тозалаш режалаштирилган. Шундай қилиб, Давлат дастурининг ижро муддати якунланишига тахминан бир йил қолган бир пайтда, белгиланган умумий ҳудуднинг 81,5 фоизи аллақачон миналардан тўлиқ тозаланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, барча ҳарбий ҳаракатлар Озарбойжоннинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудларида олиб борилгани сабабли, бугунги кунда Озарбойжон дунёдаги миналар билан энг кўп зарарланган давлатлардан биридир.
Бу ҳолат мажбурий кўчкиндиларнинг ўз ҳудудларига қайтиши учун катта муаммо туғдиради. Арманистон томонидан ўрнатилган миналар тахминан 800 минг нафар мажбурий кўчкиндининг ўз яшаш жойларига қайтиши ва у ерда яшаши йўлида жиддий тўсиқ ҳисобланади.

Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг маълум бўлдики, Озарбойжон ҳудудининг 12 фоиздан ортиғи миналар билан зарарланган. Ишғолдан озод этилган 1 166 702 гектар ҳудудда миналар мавжуд бўлиши тахмин қилинади, шундан 211 800 гектари юқори, 954 902 гектари эса ўрта ва паст даражада зарарланган.
Миналар бўйича экспертларнинг Халқаро Инқироз Гуруҳига тақдим этган дастлабки маълумотларига кўра, озод этилган ҳудудларнинг тахминан бешдан бир қисми юқори даражада зарарланган бўлиб, қарийб 2/3 қисми ҳуманитар мина тозалаш ишлари учун устувор ҳудуд сифатида тасниф этилган. Тадқиқотлар давомида собиқ тўқнашув чизиғи ва унинг атрофидаги боғлар, ўрмонлар, узумзорлар, вайрон қилинган аҳоли пунктлари, дарё бўйлари ва қабристонларнинг миналар билан жиддий даражада зарарлангани аниқланган. Шунингдек, миналар қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар ва уларнинг атрофларида, яйловларда, йўлларда, кўприкларда, мактабларда ҳамда сув манбаларида ҳам учраган.
Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, ишғолдан озод этилган туман ҳудудларида огоҳлантирувчи ва маърифий белгилар ўрнатилган, кўплаб босма материаллар (плакатлар, буклетлар ва бошқалар) тайёрланиб тарқатилмоқда.
Маърифий ишлар асосан қуйидаги гуруҳлар билан олиб борилади: ишғолдан озод этилган ҳудудларга кўчиб бораётган аҳоли, озод этилган ҳудудларда фаолият юритаётган давлат ва хусусий ташкилотлар ходимлари, шунингдек уруш таъсирига учраган бошқа аҳоли қатламлари.

Бундан ташқари, ишғолдан озод этилган ҳудудларга сафар қилаётган шахсларга назорат-ўтказиш пунктларида маърифий ва ахборот берувчи тавсиялар берилмоқда. Озарбойжондаги мина муаммосининг кўламини ҳисобга олган ҳолда, мутахассислар бу муаммони бир марталик ҳал этиш учун узоқ вақт талаб этилишини таъкидлайдилар.
Шу сабабли, ҳозирча аҳолини мина қурбонига айланишдан асрашнинг ягона йўли — маърифий ишлар ҳисобланади. Бу жараёнда энг муҳим жиҳатлардан бири аҳолининг маърифий дастурларда берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиши ҳисобланади.
Олиб борилаётган мина тозалаш операциялари, маърифий дастурлар ва бошқа чора-тадбирлар натижасида 2021 йил билан солиштирганда жабрланганлар сони 73 фоизга, мина ҳодисалари сони эса 69 фоизга камайгани қайд этилган.
Айни кунларда Озарбойжоннинг азалий ерларининг жадал суръатларда миналардан тозаланиши ушбу ҳудудларда янги ҳаётнинг тез орада тўлиқ қарор топишидан дарак бермоқда.





